На верх

Жамоамиз Зангиота мажмуасида

Admin   14,08-2019 6027

Тошкент вилоятидаги XV асрга оид меъморий ёдгорлик ҳисобланган Зангиота зиёратгоҳи нафақат республикамизда, балки Ўрта Осиё мамлакатлари халқлари орасида маълум ва машҳурдир. Мажмуанинг бундай номланиши Ойхўжа ибн Тошхўжа исмли шахс номи билан боғлиқ бўлиб, тўқ буғдойранг тусли киши бўлганлиги сабабли одамлар орасида “Занги ота” (яъни “қорачадан келган”)  номи билан машҳур бўлган. Шайх Арслонбобнинг авлоди (эвараси) бўлган, ўз даврида яссавия тариқати пири муршиди даражасига кўтарилган бу зот Тошкент шаҳрининг Самарқанд дарвоза маҳалласида туғилиб ўсганлиги ҳақида тахминлар бор. Милодий 1258 йил, Тошкент яқинидаги ҳозирги Зангиота қишлоғида вафот этган. Зангиота ва унинг издошлари халқ орасида ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, адлу инсоф, поклик, яхшилик, меҳр-шафқат, художўйлик каби умуминсоний ғояларни тарғиб қилган. Зангиотанинг мурид ва шогирдлари, хусусан, Ҳасан ота, Саййид ота, Садр ота ва Бадр ота Дашти Қипчоқ ўзбеклари, Волгабўйи ва Урал тоғи этакларидаги татар ва бошқирдлар орасида ислом динининг ёйилишига ҳисса қўшган. Зангиота чўпонлик қилиб, ҳалол ризқ топиб ҳаёт кечирган. Зангиотанинг каромат ва фазилатларини Хўжа Аҳрор, шоирлар Махтумқули, Камий Тошкандий ва бошқалар тилга олиб, шеър ва хотиралар ёзиб қолдирганлар, халқ орасида у киши ҳақида ривоятлар тўқилган.

Зангиота мақбарасини XIV асрнинг 80-йилларида Амир Темур қурдиргани ва XV асрнинг 20-йилларида Мирзо Улуғбек ҳомийлигида қўшимча қурилишлар ҳамда безак ишлари бажарилгани, мажмуа мустабид тузум даврида эса омборхона, кейинчалик музей вазифасини ўтаганлигини юртдошларимиз яхши билишади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 октябрдаги 322-сонли қарори асосида Тошкент вилоятидаги Зангиота мажмуаси ва унга туташ ҳудудларда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Мажмуа ҳудудида 1000 ўринли янги масжид биноси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг биноси, 40 ўринли таҳоратхона, 2 та ҳожатхона, эски ҳовуз ўрнига 2 та фаввора, 2 та миллий услубда лойиҳалаштирилган шийпон, тегишли коммуникация тармоқлари, ер ости ўтиш йўли, автотўхташ жойи, 50 ўринли 3 қаватли меҳмонхона, 70 ўринли чойхона, икки қаватли минимаркет ва бошқа ўндан ортиқ миллий ҳунармандчилик савдо дўконлари, новвойхона, замон талабига жавоб берадиган 50 ўринли деҳқон бозори, ошхона  қурилди. Ушбу катта миқёсда қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудуд 2,7 гектар ер майдонни ташкил қилди.

Янги лойиҳа талабига кўра мажмуага кириш дарвозаси қайта қурилди, чегара деворлари қайта тикланди. Қадимги мадраса биноси тўла таъмирдан чиқарилди. Ҳовлидаги эски минора олиб ташланиб, янги масжид олдида янги, баландлиги 31 метр бўлган минора қурилди. Зангиота ва Анбарбиби мақбаралари ҳам буткул қайта таъмирланди. Мажмуадаги 5 та гумбаз қайта тикланди.

Бугун Зангиота мажмуаси зиёратчилар билан гавжум. Ушбу мажмуа тинч-осуда юртимизга кўрк бағишлаб турибди. Неча асрлик тарихга гувоҳ бу маскан ўз файзу таровати билан зиёратгоҳга узоқ-яқиндан келган юртдошларимиз, хорижлик меҳмонлар қалбига нур, кўнглига ҳузур, хотиржамлигу гўзал умидлар ҳадя этмоқда.

“Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази жамоаси Ийд қурбон ҳайити муносабати билан Зангиота мажмуасида зиёратда бўлишди. Ҳамкасбларимиз ҳам миллий, ҳам диний қадриятимиз рамзи бўлган бу тарихий мажмуа билан яқиндан танишишди. Ушбу меъморий ёдгорлик ҳамда Зангиота, Анбар она ҳақидаги ривоятлару китоблардан ўқиган-билганлари ҳақида бир-бирлари билан суҳбатлашишди. Руҳига куч, мадад, қалбига малҳам топишди, янги тассуротлар олишди. 

 

Присоединяйтесь к нашим социальным сетям!