Yuqoriga

БИЗ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИМИЗ

Admin   12,11-2020 7891

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг барча соҳалари ривожланишига жиддий путур етказади, тарққиётни секинлаштиради, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқни хонавайрон этади, ҳуқуқ ва манфаатлар бузилишига сабаб бўлади. Бугунги кунда бутун жаҳон миқёсида ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бирига айланган. Айни пайтда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Бу борада ҳар биримиздан ҳушёрлик ва масъулиятлилик талаб этилади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз» деган гапларида улкан маъно мужассам. Дарҳақиқат, коррупция бор жойда ҳақиқат ва адолат, ҳеч қайси бир соҳанинг ривожланишига, олдимизга қўйган мақсадимизга эриша олмаймиз. Коррупция – қонуннинг қўпол равишда бузилишидир. Коррупцияга йўл қўйганнинг куни қисқа.

Коррупция бу шахснинг ўз мансаб ва хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.

Коррупция даражасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини туширадиган, инвестициявий муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган омилдир. Шу боис коррупция билан муроса қилиб бўлмайди.

Мамлакатимиз ушбу иллатга қарши курашишни жаҳон талаблари асосида ташкил этиш мақсадида 2008 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2003 йил 13 октябрдаги «Коррупцияга қарши» Конвенциясини ратификация қилди, шунингдек, «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Коррупцияга қарши» Конвенциясига Ўзбекистон Республикаси қўшилиши тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Шу билан бирга, давлатимиз 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилди.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш, унинг келиб чиқишига шароит яратиб бераётган омилларни бартараф этиш, олдини олиш, уни таг-томири билан йўқ қилиш учун давлатимиз жиддий бел боғлади. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ва унинг асосида бир қатор қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб ижрога қаратилган. Шу ўринда ҳар бир давлат органи томонидан бу иллатга қарши курашиш мақсадида дастурлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб амалга оширилмоқда. Хусусан, Адлия вазирлигида коррупция биринчи рақамли душман деб эълон қилинган. Тизимни коррупциясиз соҳага айлантириш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилиб, самарали натижаларга эришилмоқда. “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” халқаро стандарти асосида вазирликнинг 10 дан зиёд ички ҳужжати тубдан янгиланди, вазирликда коррупцияга қарши курашиш бўлими ташкил этилди. Вазирликнинг телеграм мессенжеридаги “Huquqiy axborot” каналида ҳамда “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида “Коррупцияни бирга енгамиз” мавзусида ижтимоий сўровлар ўтказилиб борилади.

Айни вақтда Адлия вазирлигида антикоррупциявий комплаенс тизимини жорий этиш чоралари кўрилмоқда. Мақсад – соҳада пора олиш учун мутлақо имкон қолдирмаслик. Идоравий комплаенс тизими ўзида юқори даражадаги касбий ва ахлоқий қоидалар ижросини таъминлаш, қонунчиликка ва ички тартиб қоидаларига риоя этилмасликка оид хатарларни камайтириш ҳамда жиддий моддий зарар етказилишини бартараф этиш ва мавқеи йўқотилишини бартараф этиш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатлари ва ички идоравий ҳужжатларнинг бузилишига йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирлар ва олдини олувчи ҳаракатлар мажмуини назарда тутади.

Антикорруциявий комплаенснинг ижобий томони шундаки, у коррупцияга бўлган мойилликни пасайтиради, ходимлар томонидан коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар хавфи, ходимларнинг шахсий манфаати ёки бойиш учун ташкилотнинг моддий ресурсларидан фойдаланиш натижасида ташкилот обрўига ва иқтисодига зарар етказиш каби хавфларни бартараф этишга мўлжалланган дастур ҳисобланади.

Бундан ташқари, Адлия вазирлигида ушбу иллатни батамом йўқ қилиш мақсадида кичик, аҳамайятсиз кўринарли жиҳатларга ҳам эътибор қаратилмоқда. Масалан, биргина оддий маиший масала ҳисобланган ўзбекона меҳмондўстлик ҳам ноқонуний ҳаракатлар учун замин яратиши мумкин. Тизим ходимлари ҳудудларга хизмат сафарига борганда уни меҳмон қилиш арзимаган нарса бўлиб кўриниши мумкин, лекин бунинг оқибатида бошқа нохуш ҳолатлар масалан, меҳмон қилиш учун пул йиғиш, ноқонуний ишларга давъат қилиш, йўл қўйилган камчиликларга кўз йўмиш кабиларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли адлия органлари ходимларига ҳудудларга хизмат сафари давомида тизимдаги ва бошқа идоралар ходимлари билан умумий овқатланиш жойларига бориш тақиқланди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, фуқароларимизнинг фаоллиги кузатилмаса, коррупция ҳуқубузарликлари, тамагирлик каби ҳолатлар ҳақида тегишли давлат идораларини огоҳлантирмаса, хабар бермаса ушбу иллатдан бутунлай қутилишнинг иложи йўқ. Коррупцияга қўл уриш натижасида айрим ғаразли мақсадга эга шахсларнинг бу каби иллати сабабли ҳалол ва ўз меҳнат фаолиятига содиқлик билан сидқидилдан хизмат қилиб келаётган ходимларнинг ҳам номига доғ тушиши ачинарли ҳолатлардан яна биридир. Ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг содир этилишида, уларнинг кўпайишида ва ўз вақтида барҳам берилмаслигига ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда. Ҳар бир фуқаро коррупция жиноятларига гувоҳ бўлганида бундай ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қўрқмасдан хабар бериши лозим. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг давлат ҳимоясида бўлиши кафолатланган ҳамда бу тўғрисида ахборот бераётган шахсларни таъқиб этиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган (“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддаси).

Давлатимизнинг фаровонлиги, халқимизнинг эртанги куни, келажагимиз йўлида бир мақсад сари бирлашсаккина бу иллатнинг илдизини қуритишга эриша оламиз. Барчамиз коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишни аввал ўзимиздан бошлашимиз, бунга қарши маънан ва ҳуқуқий тайёрланишимиз, ушбу иллатнинг жамиятимиз келажаги учун хавфлилик даражасини тушуниб етишимиз зарур. Фуқароларимизнинг яъни ҳар бир шахснинг ўзи унинг жамиятдаги ўрни, хатти-ҳаракати қанчалик муҳим аҳамият касб этишини тушунганида ва ўзида масъулият ҳис этган ҳолдагина коррупцияга қарши курашишда самарали натижага эришса бўлади. Ҳар бир фуқаро қўрқмасдан ўз ҳуқуқларини тўлақонли амалга ошириши, ҳар қандай қонуний йўл билан уларнинг бузилишига йўл қўймаслиги, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига бефарқлик билан қарамаслиги, адолатсизлик бўлаётган пайтда шароитга бўйсуниш орқали вазиятга индамай кетмаслиги ва ўзининг мажбуриятларини сидқидилдан бажариши орқали нафақат коррупцияга, балки ҳар қандай жиноятга мукаммал қарши курашиш имкони юзага келади.

 

 

Б. Турғунов,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази бош маслаҳатчиси