Yuqoriga

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва миллий механизмлар

Admin   29,06-2020 9271

“Фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш
борасида навбатдаги муҳим қадам қўйиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда”[1].

Ш.Мирзиёев

Ҳозирда инсон ҳуқуқлари ҳар бир демократик давлат сиёсатида мухим ўринга эга. Нега деганда, инсон – бу шахс, ҳуқуқ назарияси бўйича – бу жисмоний шахс хисобланиб, ҳар бир демократик давлат унинг ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга мажбур. Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳуқуқнинг ажралмас қисмидир, бу эса уларни ҳаётда амалга ошириш имкониятини англатади. Инсон ҳуқуқлари деганда ҳар қандай замонавий жамиятда шахснинг ҳуқуқий мавқеини тавсифлаш учун зарур бўлган ҳуқуқлар тушунилади. Ҳаммамизга маълумки, одатда инсон ҳуқуқлари бир томондан фуқаролик ва сиёсий, иккинчи томондан ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларга бўлинади. Шундан келиб чиқиб, бизнинг асосий қонунимиз – Конституциямизда ҳам инсон ҳуқуқлари алоҳида ўринга эга, керак бўлса асосий объект сифатида олинган, жумладан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг иккинчи бўлими айнан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий механизми айнан Конституциямиздан келиб чиқишини кўришимиз мумкин. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиши, унинг тизимида марказий ўринни эгаллайди, унинг ваколатларига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммоларни кўриб чиқиш киради. Бош Ассамблея ушбу масалалар бўйича махсус резолюциялар таёрлаган (махсус, гуманитар ва маданий масалалар бўйича). Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро шартномаларга мувофиқ махсус ташкилотлар тузилган: Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита, Ирқий камситишни тугатиш қўмитаси, Қийноқларга қарши қўмита, Бола ҳуқуқлари қўмитаси.

Юқоридан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқлари барча давлатлар томонидан тартибга солинган халқаро ҳуқуқнинг бутун бир соҳаси, шунинг учун инсон ҳуқуқлари институти миллий ҳуқуқнинг асосий тамойилларидан биридир. Инсон ҳуқуқларининг асосий тамойилларини амалга ошириш ҳар бир давлатнинг ҳуқуқий баҳосини белгилайди. Шунга асосланиб, миллий ҳуқуқ тизимида инсон ҳуқуқларининг ўрни жуда катта. Бунга яққол мисол қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18 моддасини келтиришимиз мумкин: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар” ёки 19 моддасини ҳам келтиришимиз мумкин “Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас”[2].  Буларнинг хаммаси инсон ҳуқуқларинг нақадар Ўзбекистон учун муҳим ўрин касб этгани ва этаётганини кўрсатиши мумкин. Инсон ҳуқуқларининг ҳалқаро ҳуқуқдаги энг катта механизмларидан бири сифатида, албатта биз, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Биль мажмуаси номини олган халқаро ҳужжатларни айтиб утишимиз керак деб ўйлаймиз. Булар: 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларатсияси, 1966 йилдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Пакт ва 1966 йилдаги инсон ҳуқуқлари, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари тўғрисидаги Пактларнинг ва уларга бириктирилаг Протоколлар ҳисобланади. Бундан ташқари БМТ низомида ҳам инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлар тўғрисидаги қоидалар мавжуд. Умумий қилиб айтганда, Халқаро ҳуқуқда инсон ҳуқуқлари – бу ҳар қандай замонавий жамиятда инсоннинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи тамойиллар ва нормалар мажмуйи дея оламиз.

Инсон ҳуқуқларининг миллий механизмларига келсак, бу давлатимизда қабул қилинган энг аввало: Конституциямиз ва Қонунларимиз ҳисобланади. Ҳаммамизга маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси ҳам бу соҳага жуда катта бир сиёсий ва ҳуқуқий куч берди. “Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (кейинги ўринларда – БМТ) 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

Бундан ташқари, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида: уйидагилар Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалари нормаларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

  • халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тавсияларини амалга оширишга қаратилган миллий ҳаракат режалари (“йўл хариталари”)нинг сўзсиз бажарилишинитаъминлаш;
  • қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқалиБМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини бажаришга тўсқинлик қилаётган сабаб ва шароитларни аниқлаштаҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликниамалга ошириш”[3].

Юқорадиги фикрлардан келиб чиқиб айта оламизки, Янги Ўзбекистон учун инсон ҳуқуқлари энг бирламчи тамойил ва хизмат қилиш объекти бўлиши зарур. Шундагина инсон ҳуқулари буйича энг илғор мамлакатлар қаторида, албатта Ўзбекистон ҳам бўлади, биз бунга ишонамиз ва харакат қиламиз.

 

Эшонхўжаев Саидаъло

 

 

 

[1] http://uza.uz/oz/politics/zbekiston-respublikasi-prezidenti-shavkat-mirziyeevning-oliy-25-01-2020 (27.06.2020).

[2] Ўзбекситон Республикаси Конституцияси. – Т., Ўзбекистон., 2017. 18 ва 19 моддалар.

[3] http://uza.uz/oz/documents/inson-u-u-lari-b-yicha-zbekiston-respublikasining-milliy-str-25-06-2020 (27.06.2020).