Yuqoriga

“FAMILY DAY” оилаларни бирлаштирди!

Admin   28,10-2019 5347

Давлат идоралари ва ташкилотларининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, Президентнинг беш ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида Адлия вазирлиги "Адолат" ҳуқуқий ахборот марказида “Family day” лойиҳаси амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида Марказ ходимларининг оила аъзолари, фарзандлари "Адолат" маркази биносида йиғилишди. Болажонлар ота-оналарининг иш ўринларига ўтириб, “Адолат" маркази ходими қандай ишлайди?” деган саволга жавоб топдилар.

Тадбирда болажонларнинг Марказ раҳбарияти билан учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган учрашувда ёш авлод вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб топдилар, кўплаб янги маълумотларни билиб олдилар.

Тадбирда таниқли ёш шахматчи Исломбек Синдоров ва шахматга қизиқувчи ёшлар ўртасида ўзига хос "мастер-класс" бўлиб ўтди.

Байрам турли интерактив ўйинлар, интеллектуал викториналар билан янада бой мазмун касб этди. Викторина ғолибларига Марказнинг эсдалик совғалари топширилди.

“Family day” лойиҳаси ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда адолат, тартиб, қонун тушунчаларига яқинликни пайдо қилиш, шунингдек, ҳуқуқ соҳасига қизиқиш уйғотиш мақсадида ташкил этилди. Тадбир якунида ушбу мақсадларга тўлиқ эришилгани болаларнинг кўтаринки кайфияти ва бой таассуротларида ўз аксини топди.