Yuqoriga

ГИЁҲВАНДЛИК – УМР ЗАВОЛИ

Admin   18,01-2019 1511

Гиёҳвандлик офатига қарши халқаро миқёсда кураш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, дунё бўйича тахминан 80 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган.

Бежизга уни “аср вабоси” дейишмайди. Тарихий маълумотларга кўра, гиёҳвандлик, афюн истеъмол қилиш милодий ўн учинчи асрда мўғуллар истилоси чоғида улар томонидан дунёнинг кўплаб мамлакатларига тарқатилган. Аллома ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, руҳан ва жисмонан заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.

Гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар келтиришини ғарб ва шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашган. Гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилувчилар ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кўз юмиши, улардан мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бу эса, инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан баробардир. Шифокорларнинг таъкидлашича, гиёҳвандлар ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан жуда ҳам тез қарийди. Гиёҳвандликка муккасидан кетиш охир-оқибат инсоннинг умрига зомин бўлади. Қуйидаги воқеа эса, фикрларимизнинг ҳаётий исботидир.

Равшан Жўраев (исм-шарифлар ўзгартирилган) қонунчилигимизда тақиқланган, ёввойи ҳолда ўсувчи наша ўсимлигини дала майдонидан кейинчалик сотиб даромад ортириш мақсадида кўп миқдорда юлиб олиб, қуритиб, йиғиб қўяди. У даладан йиғилган вазни 125,7 грамм бўлган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 1 литр ҳажмли 1 дона шиша банкага жойлаб, уйига яшириб қўяди. Р. Жўраевнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан хабар топган фуқаро Ж. Анваров унинг жиноятини фош этиш мақсадида Р. Жўраевнинг ёнига харидор сифатида бориб, ундан вазни 3,6 грамм бўлган “марихуана” воситасини гўёки истеъмол қилиб кўриб, яхши бўлса, қолган гиёҳванд воситасини 500 минг сўмга сотиб олишга келишиб, олиб кетади.

Кейин эса, фуқаро Ж. Анваров туман Ички ишлар бўлими бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилади. У аризасида Р. Жўраевнинг гиёҳвандлик воситаси олди-сотдиси билан ноқонуний равишда шуғулланаётганлиги ҳақида маълум қилиб, ундан олган 3,6 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситасини ўз ихтиёри билан топшириб, мазкур жиноятни фош этишда амалий ёрдам беришини айтди.

Ўтказилган судга оид кимёвий экспертизанинг хулосасига кўра қора рангли полимер пакет ичидаги модда қуруқ, майдаланган ўсимлик тупгуллари, барглари экани, у таркибида фаол гиёҳванд модда – тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган “марихуана” эканлиги аниқланди.

Шундан сўнг туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунига асосан тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир жараёнида Равшан Жўраев хонадонида сақлаб келаётган 1 литр сиғимдаги 1 дона шиша банкага жойлаштирилган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини Ж. Анваровга 500 минг сўмга сотган вақтида ушланди. Мазкур иш бўйича холислар иштирокида тегишли ҳужжатлар тузилди.

Судга оид кимёвий экспертизанинг хулосасига кўра ашёвий далил тариқасида олинган гиёҳванд модда 122,1 грамм миқдоридаги “марихуана” эканлиги маълум бўлди.

Жиноят ишини судда кўриш чоғида судланувчи қизилўнгач онкологик кассалиги ташхиси билан даволаниш жараёнида вафот этганлиги аниқланди. Судланувчининг турмуш ўртоғи унинг вафот этганлиги муносабати билан жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилди. Судланувчининг вафот этганлиги ФҲДЁ бўлими томонидан берилган гувоҳнома билан тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 401-моддасига мувофиқ, мазкур кодекснинг 84-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлса, суд жиноят ишини тугатиши зарурлиги белгиланган. Бундай ҳолларда, суд қўлланилган эҳтиёт чорасини бекор қилиб, ашёвий далиллар масаласини ҳал этади.

Суд прокурорнинг жиноят ишини судланувчининг вафот этганлиги муносабати билан тугатиш ҳақидаги фикрини эшитиб, тақдим этилган ҳужжатларни текшириб, жиноят ишини тугатишни лозим деб топди. Иш бўйича ашёвий далил тариқасида эътироф этилган марихуана гиёҳвандлик воситаси йўқ қилинди.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА