Yuqoriga

Ишчи-хизматчиларнинг техник хавфсизлик қоидалари

Admin   24,06-2019 3886

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 5 февралдаги 42-ум-сон буйруғи ижроси юзасидан “Табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича “Адолат” ҳуқуқий ахборот марказининг 2019 йилга мўлжалланган асосий тадбирлар режаси тасдиқланган.

Мазкур режада Марказда ўтказиб келинаётган маънавий ва ҳуқуқий билимлар ўқув машғулотларида табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш мавзусини соҳага масъул ташкилотлар ходимларини жалб этган ҳолда чуқур ўрганиш режалаштирилган. Шунга кўра, Марказда жорий йил 24 июнь куни “Ишчи-хизматчилар ҳаётига ва саломатлигига хавф солувчи авария ҳолатларининг олдини олиш, уларни техник хавфсизлик қоидалари билан танитириш” мавзусида ўқув машғулоти ўтказилди.

Семинар машғулотда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси институти катта ўқитувчиси Гулруҳ Абдуллаева маъруза билан иштирок этди ва мавзу юзасидан ходимларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Маърузачи таъкидлаганидек, мамлакатимизда аҳоли ҳамда ҳудудларни турли табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлардан самарали муҳофаза қилиш, инсонларнинг тинч ҳамда осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда мустаҳкам қонунчилик базаси яратилиб, фуқаро муҳофазасини давр талабларига мос равишда такомиллаштириб борилмоқда. Бундан ташқари, фавқулодда вазиятлар мониторингини юритиш, башоратлаш ва зарур профилактика ишларини амалга ошириш чора-тадбирлари изчиллик билан амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлари ҳамда бошқа тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасидаги ишларни рўёбга чиқаришда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги ўз самарасини бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, аҳоли ҳаёти ва саломатлигини, моддий ҳамда маънавий бойликларимизни муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятлар вужудга келганда уларнинг оқибатларини бартараф этиш ва зарарларини камайтириш билан боғлиқ вазифалар тўлиқ бажарилмоқда.

Инсоният ҳаётида бирор кун йўқки, техноген фавқулодда вазиятлар содир бўлмаса. Афсуски, барча техноген ҳолатдаги бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабабчиси инсоннинг ўзидир. Фавқулодда вазиятлар оқибатларини енгиллаштириш аҳоли кенг қатламининг тайёргарлик даражаси билан узвий боғлиқ, албатта. Шу маънода корхона ва ташкилотларнинг ходимларини фавқулодда вазиятларда ҳушёр туришга тайёрлаш муҳим устувор вазифа ҳисобланади. Махсус ўқув дастури асосида ҳар йили корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбар ходимлари махсус тайёргарликдан ўтказиб келинади. Жумладан, ўтган йиллар давомида Фуқаро муҳофазаси институтида 30 мингдан ортиқ, ҳудудий Аҳолини ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш марказларида 700 мингдан ортиқ тингловчи фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш бўйича билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлади. Қолаверса, аҳолини табиий ҳамда техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини ошириш мақсадида жойларда суҳбатлар ўтказилиб, фуқаро муҳофазасига оид эслатма ва буклетлар тарқатилмоқда.

Маърузачи, шунингдек, ёнғин, портлаш хавфи мавжуд бўлган объектларда содир бўладиган фавқулодда вазиятлар, транспорт воситалари, жумладан, дарё, ҳаво, темирйўл, метрополитен транспортида содир бўладиган техноген ҳодисалар, биноларнинг конструкцияси бузилиши оқибатида содир бўладиган фавқулодда ҳодисалар, гидротехника иншоотлари сабаб юз берадиган бахтсиз воқеалар, нурланиш ҳодисаси, унинг сабаб ва оқибатлари ҳақида ҳаётий мисоллар билан тегишли тушунчаларни бериб ўтди.

Маърузачи, кимёвий моддалар оқибатида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар ҳақида гапириб, уларнинг олдини олишда зарур бўладиган хавфсизлик чоралари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Мутахассис кимёвий моддалар таъсирида содир бўлган бахтсиз ҳодисаларда ҳимоя воситаларининг ишлатилиши ва ҳимоя манзиллари ҳақида ҳам тўхталиб, нашриёт ходимларига фавқулодда ҳолатлар вақтида амал қилиниши зарур бўлган ишлар юзасидан керакли тушунчалар ва йўл-йўриқлар бериб ўтди.

Семинар машғулот иштирокчилари қисқа муддатли ўқув курси давомида фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ ҳодисалар тасвирга олинган видео лавҳалар билан ҳам танишишди. Иштирокчиларга мавзу юзасидан бир қатор фильмлар, ўқув материаллари тақдим этилиб, зарур тавсиялар берилди.

 

 

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

Марказ бош мутахассиси