Yuqoriga

Карантин вақтида меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ масалалар

Admin   26,07-2020 4779

Карантин вақтида меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ масалалар

 

Ҳозирги ҳолатда

Мамлакатимизда карантин эълон қилиниши билан ўрнатилган таъқиқ ҳамда чекловлар корхона ва ташкилотларнинг доимий фаолиятига таъсир этмасдан қолмади. Натижада кўпгина корхона ва ташкилотлар ўз фаолиятини қисман ёки бутунлай тўхтатишга мажбур бўлди. Ходимларнинг иш ҳақини сақлаб қолиш билан боғлиқ ўз ечимини кутаётган масалалар юзага келди. Ушбу ҳолатда корхона ва ташкилотлар томонидан ходимларнинг иш ҳақини сақлаб қолиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, ходимлар масофавий иш усулига ўтказилди, навбатдан ташқари меҳнат таътилига чиқарилди, ходимларга қулай иш вақти ёки уйда ишлаш учун шароитлар яратилди, ходимнинг розилиги билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътиллар берилди.

Кузатилаётган муаммолар нималардан иборат?

Карантин вақтида меҳнат муносабатларида иш берувчиларнинг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келганлигини кўришимиз мумкин. Хусусан:

меҳнат қонунчилиги карантин вақтида меҳнатга оид муносабатларни керакли даражада ҳуқуқий жиҳатдан тартибга сола олмади. Ходимларга карантин вақтида берилган меҳнат таътиллари тугаганидан кейин меҳнат муносабатлари қандай сақлаб қолиниши бўйича корхона ва ташкилотларда баъзи муаммолар вужудга келди. Маълумки, Меҳнат кодексининг 150-моддасига мувофиқ иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил ходимнинг аризасига кўра берилиши мумкинлиги, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланиши, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги кераклиги белгиланган. Демак, ходимларни уларнинг розилигисиз иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқаришнинг имкони йўқ. Меҳнат кодексида иш берувчиларнинг меҳнат шартномасини тўхтатиш, бекор қилиш ёки бекор туриб қолиш вақтида ходимни мажбурий таътилга чиқариш бўйича нормалар мавжуд эмас;

кўплаб корхона ва ташкилотлар олган даромади (фойдаси)нинг маълум бир қисмини ўз ходимларига иш ҳақи сифатида тўлаб беради. Карантин вақтида бу каби корхоналар фаолиятининг тўхтаб қолганлиги сабабли (ишлаб чиқариш, туризм, сервис хизматлари каби) улар ўзининг доимий даромадларини йўқотди. Бунинг натижасида ўз ходимларига иш ҳақи сифатида тўланадиган даромадининг муҳим манбаидан маҳрум бўлди. Бироқ, Меҳнат кодексининг 154-моддасида иш берувчининг иш ҳақини молиявий ҳолатидан қатъи назар белгиланган муддатларда тўлаши шартлиги, 159-моддасида эса ходимнинг айби бўлмаган ҳолда бекор туриб қолинганда унинг ўртача иш ҳақининг сақланиши белгиланганлиги сабабли корхона ва ташкилотларда иш ҳақи тўлаш мажбурияти сақланиб қолинмоқда;

корхона ва ташкилотларни вақтинчалик карантин ёки молиявий инқироз вақтида қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ механизмлар мавжуд эмас. Меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ катта молиявий харажатларни эса давлатнинг ёки махсус жамғармаларнинг маблағларисиз ҳал этиш мушкул масаладир. Ҳозирда ушбу масала кўпгина давлатларда асосий муаммолардан бирига айланганлиги сир эмас.

Бошқаларда қандай?

Чет эл мамлакатлари тажрибасида молиявий инқирозлар ва фавқулодда ҳолатлар вақтида ходимларнинг иш жойлари ва иш ҳақларини сақлаб туриш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида иш берувчиларни қўллаб-қувватлашнинг механизмлари ишлаб чиқилганлигини бир нечта давлатлар мисолида келтиришимиз мумкин.

Россия Федерацияси Меҳнат кодексининг 722-моддасига мувофиқ иш берувчининг айбисиз бекор туриб қолишга эпидемиялар ҳам сабаб бўлиши, 

157-моддасига мувофиқ эса иш берувчи ва ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинганда ходимга бекор туриб қолинган вақтига пропорсионал ҳисобланадиган окладнинг (лавозим маошининг) 2/3 тариф ставкаси миқдоридан кам бўлмаган қисми тўланиши белгиланган. 

Бундан ташқари, Россия Федерациясида иш ҳақи сақланадиган иш ҳафтаси жорий этилди. Ҳукуматнинг 2020 йилнинг 24 апрелида корхоналарга вазиятнинг ёмонлашуви, бандликни ва ўз ходимларига иш ҳақини тўлашлари учун субсидиялар беришни назарда тутувчи 576-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра корхоналарга бериладиган субсидия миқдори ҳар бир ходимга бир ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан (12130 рубл) келиб чиқиб ҳисобланади.

Германия Федератив Республикасида компания рахбарлари ходимларини ишдан бўшатиш ўрнига, уларга уйига жавоб бериб, маошларини тўлашда давом этди ва Kurzarbeit (тўлиқсиз бандлик) дастуридан фойдаланди. Бу дастур қийин вақтларда давлат томонидан компанияларни қўллаб-қувватлаш дастури бўлиб, у Иккинчи жаҳон урушидан кейин пайдо бўлган. Бунда, йўқотилган даромаднинг 60 фоизи (фарзанди бор ишчилар учун 67 фоиз) қоплаб берилади. Маошларни иш берувчи беради, аммо бунда у харажатларни қоплаш учун ариза билан мурожаат қилади. Мазкур харажатлар Ҳукумат томонидан ажратиладиган субсидиялар ҳисобидан қопланади. Март ойининг биргина ҳафтасида 76,7 мингта компания ушбу дастурга мурожаат қилган.

Мамлакатда 2009 йилда рўй берган инқироз даврида ҳам Kurzarbeit дастури туфайли 1,5 млн. иш ўринларини сақлаб қолинишига эришилган.

Австрия Республикаси Ҳукумати компанияларнинг ишлаши, ходимларнинг иш ҳақи ва иш ўринларини таъминлаш учун 4,4 млрд. евро миқдоридаги иқтисодиётга пакет ёрдамини эълон қилди. Мазкур дастур доирасида ажратилган маблағлар меҳнат бозорини рағбатлантириш, соғлиқни сақлашни барқарорлаштириш, жамоат тартибини қувватлаш ва коронавирус эпидемияси натижасида йўқотилаётган даромадларни қисқартиришга йўналтирилиши маълум қилинган.

Бундан ташқари, Австрия Республикаси тадбиркорларга кредит кафолатлари, оралиқ заёмлар беришни, солиқ тўловларини кечиктириш ва солиқ тўловларини камайтиришни ваъда қилган.

Компаниялар томонидан болалар тарбияси билан шуғулланиш учун бўшатиладиган ходимлар Ҳукумат томонидан иш ҳақининг 1/3 қисми миқдорида молиявий ёрдам оладилар.

Чехия Республикасида энг батафсил ёрдам дастурларидан бирини кузатишимиз мумкин. Давлат ҳисобидан дўконлар, ошхоналар ва бошқа ўз фаолиятини карантин оқибатида тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркор ва корхоналарга ишчи ходимларнинг 80% ойлик иш ҳақи қоплаб берилади. Шу йўл билан Чехия Ҳукумати ходимларнинг ишдан бўшашининг олдини олинишига эришишини маълум қилган.

Бундан ташқари, Чехия Ҳукумати карантин вақтида эпидемиядан зарар кўриб ўз фаолиятини тўхтатмаган корхона ва бошқа тадбиркорлик субъектларига ҳам ёрдам беришни кўриб чиқмоқда. Мазкур тадбиркорлик субъектлари ҳозирги вақтда ҳам ўз ходимларига ойлик маошининг 60-80% ни давлатнинг ёрдамисиз ўз ходимларига бераётган бўлиб, Ҳукумат мазкур харажатларнинг ярмини қоплаб беришни ваъда қилиб, зарур чора-тадбирларни кўрмоқда.

Ҳукумат томонидан мазкур чоралар қабул қилингунга қадар коронавирус пандемияси оқибатлари билан курашиш бўйича корхона ва тадбиркорларга иш ҳақини тўлаш учун Чехия-Моравия кафолат ва ривожланиш давлат банки “Займ COVID” фоизсиз дастурини ишлаб чиқди. Банк 2 йил муддатга қайтариш шарти билан 1,5 млн кронадан 15 млн крона (5,5-55 млн евро) миқдоридаги қарзлар беришни эълон қилган эди.

Польша Республикаси Ҳукумати иқтисодиёт ва тадбиркорларга катта пакет ёрдамини эълон қилди. Унинг кўрсаткич ҳажми 212 млрд злотий (52 млрд $) атрофини ташкил қилади.

Бу дастур доирасига ходимларнинг иш ўринларини йўқотишдан ҳимоялаш, соғлиқни сақлашни қувватлаш, корхона ва тадбиркорларни, шунингдек давлат инвестицияларини ҳимоялаш киради.

Польша Ҳукумати ишдан бўшатишнинг олдини олаётган компанияларга ходимларининг 40% иш ҳақини қоплаб беради. Шунингдек, ишчиларга ижтимоий суғурта тўловларини кечиктиришга ҳам рухсат берилади.

АҚШда эпидемия оқибатининг олдини олиш мақсадида 2,2 триллион долларни ташкил этувчи Қонун имзоланди. Қонун фуқаролар, корхоналар 

ва тадбиркорларга ёрдам бериш, иқтисодий оқибатларнинг олдини олиш 

ва тадбиркорликни ривожлантиришга туртки бериш учун қаратилган. Мазкур Қонун “Coronavirus aid, relief, and economic security Act” (Коронавирус ёрдами, ёрдам ва иқтисодий хавфсизлик тўғрисида) АҚШ тарихидаги энг “сахийси” бўлди дейиш мумкин. Сенат вакили Митч Макконнелл Конгресснинг коронавирусга қарши курашини уруш даврига солиштирди.

Қонунга кўра, 500 млрд доллар йирик бизнесга, 377 млрд доллар кичик бизнесга ва ҳ.з. ажратилган. Мазкур маблағларни олган корхона ва тадбиркорлик субъектлари ходимларига иш ҳақи ва эпидемия оқибатидаги зарарларини қоплаш учун фойдаланишади.

Корпоратив фаровонлик Фондига 500 млрд доллар ажратилиб, молиявий ёрдам олаётган ҳар бир корпорация, корхоналарнинг ўз ходимларини ишдан бўшатмаслик, иш ҳақини кесмаслик, бошқа давлатларга ишга жўнатмасликни таъминлаш бўйича қатъий талаблар ўрнатилади.

Хулоса

Кўриб турганимиздек, бутун дунёда пандемия натижасида ҳар бир давлат ўзининг имконияти ва шароитларидан келиб чиққан ҳолда дастур ва чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бизнингча, Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонун ҳужжатларига фавқулодда ҳолат ёки карантин вақтида иш берувчиларнинг ўз ходимларига меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича қобилиятини сақлаб қолиш мақсадида:

фавқулодда вазият ёки карантинга оид тадбирлар киритилиб амалда бўлган вақтда меҳнатга ҳақ тўлашни сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган вазиятларда ходимларга иш берувчи томонидан асосий иш ҳақи қисман сақланиб қолинган ҳолда мажбурий таътиллар бериш, бунда асосий иш ҳақининг миқдори лавозим маошининг ярмидан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлмаслигини белгилаш;

корхона ва ташкилотларга уларнинг молиявий ҳолатини барқарорлаштириш мақсадида банклар ёки махсус жамғармалар томонидан юзага келган вазиятдан келиб чиққан ҳолда 3 ойлик, 6 ойлик ва бошқа муддатлари белгиланган фоизсиз кредит ёки қарзлар бериш;

иш берувчиларнинг ходимларини қисман иш ҳақи сақланган ҳолда мажбурий таътилга чиқариши билан боғлиқ харажатларини қоплаш, ходимларни ишдан бўшашининг (ишсизлик) олдини олиш учун субсидиялар бериш, бунда субсидияни олиш учун мурожаат қилиш, бериладиган субсидиянинг маълум миқдорини қайтариб бермаслик шарти билан бериш тартибини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Қонунчилигимизда мазкур тартибларнинг белгиланиши натижасида меҳнат қонунчилиги соҳасида, умуман олганда ижтимоий ҳаётда фуқаролар ҳуқуқларининг янада мустаҳкамланишига, карантин вақтида меҳнат муносабатлари соҳасидаги масалалар ечимига хизмат қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази бош маслаҳатчиси

 

Б. Турғунов