Yuqoriga

ОДИЛ СУДЛОВ ТИЗИМИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШАДИ

Admin   05,01-2019 1292

Ҳар қандай давлатнинг обрў-эътибори, нуфузи унда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари қай даражада таъминлангани билан баҳоланади. Шу нуқтаи назардан суд-ҳуқуқ тизимига кадрлар тайёрлаш, танлаш ва уларни жой-жойига қўйиш алоҳида аҳамиятга молик масаладир.

 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга Мурожаатномасида барча соҳалар қатори инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг энг таъсирчан воситаси бўлган суд тизими ислохотларига доир долзарб масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Жумладан, унда “... Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяликка номзодларни танлаш, тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш, cудьялар корпусини шакллантириш тизимини суд ҳокимияти мустақиллиги принципига тўлиқ мослаштириш, бу жараёнда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш, туман, шаҳар ва вилоят суди судьяларини танлаш ва тайинлаш вазифасини Судьялар Олий кенгаши тўлиқ ўз зиммасига олиши мақсадга мувофиқдир” дейилган.

Кун тартибига қўйилган ушбу вазифанинг туб замирида нималар ётибди, бундан қандай мақсадлар кўзланаяпти? Бу саволларга жавоб топишдан аввал кейинги икки йилда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасига тўхталсак. Бунга, аввало, Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги Фармони, 2017 йил 13 июнда Тошкентда суд корпуси вакиллари билан учрашуви соҳани ислоҳ қилишда инқилобий бурилиш ясади. Хусусан, Судьялар Олий кенгаши ташкил топди. Соҳага кадрларни танлаш, тайёрлаш ва тайинлашнинг яхлит механизми яратилди. Судьялар Олий кенгаши одил судловни таъминлаш ва адолатли қарор қабул қилишга қодир бўлган билимли, маънавий ва касбий фазилатларга эга судьялар таркибини шакллантиришга эътиборни қаратди. Номзодларни ҳар томонлама ўрганишда жамоатчиликнинг фикрини олиш тартиби жорий қилинди.

Судьяларнинг халқ билан бевосита мулоқоти, маҳаллий кенгашларда уларнинг ахборотларини эшитиш йўлга қўйилди. Сайёр суд мажлислари, муҳокамаларда жамоатчиликнинг иштироки ва кафиллиги механизмининг жорий этилиши натижасида билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган фуқаролар, жумладан,
йигит-қизлар ва аёллар, ёшлар жазодан озод қилинди.

Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди. Илгари оқлов ҳукмлари онда-сонда чиқарилган, шунда ҳам кенг жамоатчиликка ошкор қилинмаган бўлса, 2018 йилда судлар томонидан 590 нафар шахс оқланди. Бу рақам 2016 йилда 28 тани,
2017 йилда эса, 263 тани ташкил этган эди. Демак, астойдил ишласа, том маънода адолатли ҳукмлар чиқарса бўлар экан.

Амалдаги тартибга кўра Судьялар Кенгаши томонидан судьялик лавозимига тавсия этилган номзодларни лавозимига Президент тайинлайди. Эндиликда бу ваколатни Кенгашнинг ўзига бериш масаласи кўтарилди Мурожаатномада. Ахир, ўзингиз ўйланг, бутун бир мамлакатнинг
тинч-осойишталиги, ички ва ташқи сиёсати, иқтисодий барқарорлиги, халқ фаровонлиги йўлида кечаю-кундуз меҳнат қилаётган Президент ҳар бир судьяликка номзодни яқиндан билолмайди, унинг шахсини атрофлича ўрганолмайди. Соҳада ҳамон учраб турган таъмагирлик, порахўрлик каби салбий ҳолатлар Давлат раҳбарининг ишончини суиистеъмол қилиш эмасми?

Бу ерда тизим ишлаши, суд ҳокимияти мутасаддилари пировард натижа учун масъулиятни тўлиқ зиммасига олиши керак. Судья кадрларни танлаш,  тайёрлаш ва тайинлаш тизимида шаффофликка эришиш даркор. Қолаверса, бундай ёндашув суд ҳокимиятининг мустақиллигини том маънода таъминлашга, тизимни демократлаштиришга хизмат қилади.

Ҳозирда жорий “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. Унда  судья кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, судьялик лавозимига илк маротаба тавсия этиладиган номзодлар учун амалдаги ёш цензини қайта кўриб чиқиш, судьяларнинг махсус кийими тавсифи ва намуналарини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.  Кўрилиши мўлжалланаётган барча чора-тадбирлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, жамиятда суднинг нуфузини ошириш, пировард натижада ҳар бир фуқаронинг адолатли суд муҳокамасига бўлган конституциявий ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Акмалхон Инанбабаев,

“Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази директори