Yuqoriga

ОНАЛИК ВА БОЛАЛИК ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Admin   12,11-2020 5112

Маълумки, оила давлат ва жамият ҳаётида муҳим аҳамиятга молик маскан ҳисобланади. Халқимиз қадим-қадимдан оилани муқаддас билиб, уни асраб-авайлаш, мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келади. Аждодларимиздан мерос бу эзгу фазилатлар асрлар оша яшаб, бугунги ва келажак авлодлар учун муқаддас маънавий қадриятга, қон-қонимизга сингган юксак маънавий туйғуга айланди.

Дарҳақиқат, оила жамиятнинг энг кичик бўғини. Жамият ва давлат равнақи, унинг келгуси истиқболи аввало оиладан бошланади. Шу боисдан, мустақиллик йилларида оила манфаатлари, она ва бола ҳуқуқлари ҳимояси, турмуш тарзи, оила аъзоларининг руҳияти ва тарбияси, уларни ҳаётга, туғилиб ўсаётган юртига муҳаббатини кучайтириш, бир сўз билан айтганда, баркамол авлодни вояга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Кўпчилик мамлакатлар конституцияларида оила институти алоҳида белгилаб қўйилмаган, фақатгина оила муносабатлари айрим қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бундан фарли ўлароқ, Бош қомусимизда оиланинг жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги белгилаб қўйилгани, шу билан бирга, миллий менталитетимизга хос фазилатлардан келиб чиқиб, ота-оналар фарзандларини вояга етгунига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги, ўз навбатида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилиши конституциявий мажбурият сифатида мустаҳкамланган. Бу ҳам оила халқимиз учун миллатнинг кўп асрлик анъаналари ва руҳиятига мос бўлган ғоят муҳим ҳаётий қадриятлардан бири эканлигининг ёрқин далилидир.

Демак, Ўзбекистонда оила муносабатларига доир қонунчиликнинг ривожланишига тарихий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, масалан, Собиқ Иттифоқ даврида қабул қилинган 1978 йилги Конституцияда оила масаласига фақат битта, 51-модда ажратилган эди. Бугунги Конституциямиз алоҳида «Оила» деб номланган ХIV бобда тўртта модда оилавий муносабатга бағишланганлигини юқорида ҳам эътироф этилган.

Мамлакатимизда ушбу конституциявий қоидани ҳаётга чуқурроқ татбиқ этиб, ўтган давр мобайнида Оила кодекси, оила билан боғлиқ 50 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20 дан ортиқ фармон, қарор ва фармойишлари, ҳукуматимизнинг 80 дан ортиқ қарор ва фармойишлари қабул қилинди. Ўтган йиллар мобайнида оила қонунчилигидаги айрим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар янгидан ишлаб чиқилди, давр талабидан келиб чиқиб, бир қатор ўзгартишлар киритилди. Бир сўз билан айтганда, истиқлол йилларида мамлакатимизда оила, оналик ва болалик ҳуқуқларини таъминлаш ва унинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида етарлича қонунчилик асослари яратилди.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, сўнгги уч йил давомида 960 мингдан зиёд чақалоқ ва қарийб 1 миллион 400 минг нафар ҳомиладор аёл скрининг текширувидан ўтказилди. Замонавий технологияга асосланган ультратовуш ҳамда биокимёвий усуллар бундай текширувлар натижасида кейинги икки ярим йил ичида қарийб 35 мингга яқин нуқсонли бола туғилишининг олдини олишга эришилди. Агар ушбу рақам ортида минглаб ота-оналар, оилалар қувончи борлигини назарда тутсак, тизимда нечоғли улкан ишлар амалга оширилаётганлигини англаш қийин эмас.

Шу билан бирга, Президентимиз ташаббуси билан чуқур мантиққа асосланган ҳолда, ҳар бир йилга алоҳида ном беришда инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик муҳитини мустаҳкамлаш, кўпчиликни ўйлантираётган долзарб муаммоларни ҳал қилишга устувор вазифалар сифатида қараб келинмоқда. Хусусан, мана яқинда «Соғлом она ва бола йили» давлат дастури доирасида ишлаб чиқилган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Унда ҳам ёш оила мақоми ва уларнинг ҳуқуқларига, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини юритишда масъул ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари алоҳида белгиланди. Шунингдек, яқинда Сенат томонидан маъқулланган Жиноят кодексига киритилга ўзгаришга мувофиқ, уч ёшгача болалари бўлган барча аёлларга (бола парвариши таътилига чиққанидан қатъий назар) нисбатан уларни ахлоқ тузатиш ишлари қўлланилмайдиган шахслар тоифасига киритиш ҳисобига жиноят қонунчилигини янада эркинлаштиришга йўналтирилган ўзгартириш киритилди.

Ҳозирги вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ҳам «Соғлом она ва бола йили» давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида қатор қонун ҳужжатларини такомилаштириш устида иш олиб борилмоқда. Дастурга мувофиқ жорий йил якунига қадар «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунига таркибида модифициялаштирилган организмлар бор бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини четдан олиб келиш ва истеъмол қилишни чеклашга, шунингдек болалар овқатида генетик модифициялаштирилган органзимларни қўллашга таъқиқ жорий этишга йўналтирилган қўшимча ўзгартириш киритиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига боланинг соғлигини муҳофаза қилинишига, болаларнинг соғлом оилада яшаш ва тарбия олиш ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган, шунингдек шахсда шунингдек шахсда мавжуд бўлганда етим болалар ва ота-онасини қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга васийлик (домийлик) белгиланиши рад этиладиган касалликларни белгилаш тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Ота-она каровисиз қолган етим болалар ва етимлардан қайсиниси тўлиқ давлат таъминотида бўлишини, тўлиқ давлат таъминотига қўйиш қандай тартибда ва қайси давлат органи томонидан расмийлаштирилишини аниқловчи нормаларни киритиш назарда тутилмоқда.

Бу каби таклиф этилаётган ўзгаришлар юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хусусан оилани сақлаб олиш ва уни мустаҳкамлаш масалалари нечоғлиқ жиддий ва устувор вазифа эканлигини кўрсатади.

Ҳаммангизга яхши маълумки, мамлакатимизда ҳар бир йилнинг у ёки бу ном билан номланиши ўзига хос анъана тусига кирди. Айнан шу муносабат билан мамлакатимизда йирик Давлат дастурлари қабул қилиниб, муваффақиятли амалга оширилиб келинмоқда. Масалан, 1998 йил «Оила» йили, 2001 йил «Оналар ва болалар йили», 2013 йил «Мустаҳкам оила йили» ҳамда 2014 йил «Соғлом бола йили», мана 2016 йилимиз ҳам «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилиниши фикримизни тасдиқлайди.

Албатта, шу йилнинг «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилиниши замирида ҳам қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжат оила институтининг ҳуқуқий асосларини, қонунчилик базасини мустаҳкамлашга қаратилгани билан улкан аҳамиятга эгадир. Шубҳасиз, Давлат дастури асосида қабул қилинажак қонун ҳужжатларида бугунги ҳамда эртанги кунимиз талаблари акс этади. Бу ўринда биз оилага оид қонунлар нафақат бир йилга ёки яқин келажакка, балки узоқ истиқболга ҳам йўналтирилган бўлиши лозимлигини чуқур ҳис қилмоғимиз шарт.

Масаланинг иккинчи жиҳати – йил давомида қатор янги қонунларни қабул қилиш ёки айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали оилага оид қонунчилик базасини янада мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларга алоҳида урғу бермоғимиз даркор. Шу нуқтаи назардан олганда, бу масала эндиликда парламент ва қонунчилик ташаббуси субъектлари диққат-эътиборида бўлиши табиий, албатта.

Зеро, ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом оиланинг дунёга келиши юрт ва миллат тақдирига дахлдор масаладир. Шундай экан, соғлом оила вужудга келиши учун, энг аввало, жамият ва давлат қуйғуриши, шунга замин яратиб бериши лозим. Бунинг учун эса бизда мукаммал ва мустаҳкам ҳуқуқий асослар мавжуд.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини энг олий қадрият даражасига кўтаришга қаратилган. Бу эзгу мақсад замирида эса юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, оилалар тотувлиги, соғлом ва баркамол авлод камолоти ғояси мужассам.

 

Адолат миллий ҳуқуқий ахборот
маркази масъул ходими

А.Казаков