Yuqoriga

ЁШ КИТОБХОНЛАР ДАВРАСИДА

Admin   31,05-2019 211

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

 

ЁШ КИТОБХОНЛАР ДАВРАСИДА

 

Жорий йилнинг 9 январида “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–5618-сон Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон, унга илова қилинган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси” ва уни 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да Адлия вазирлигига бир қатор устувор вазифалар юклатилди. Ўз ўрнида Адлия вазирлигининг аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминловчи тармоғи сифатида “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази томонидан ҳам мазкур Фармоннинг ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, Фармонда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш «шахс — оила — маҳалла — таълим муассасаси — ташкилот — жамият» принципи бўйича тизимли ва узвий равишда ташкил этилиши белгилаб берилди. Фармонда ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурчларини, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини, одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш лозимлиги ҳам алоҳида таъкидланган.

Шу мақсадда “Адолат” китоб кунлари” шиори остида Марказ томонидан республика бўйлаб китоб сайиллари ўтказилмоқда. Вилоят ва туман адлия бошқармаларида, ўқув муассасаларида, корхона ва ташкилотларда, аҳоли гавжум ҳудудларда ўтказилаётган кўчма китоб савдо-ярмаркаларида ёшу қари учун бирдек зарур бўлган ҳуқуқий адабиётлар, ижтимоий-сиёсий, бадиий-публицистик, жаҳон адабиёти дурдоналари, бадиий-детектив, мустақил сабоқлар бўйича китоблар ҳамда болалар адабиётлари ўз ўқувчиларини топмоқда.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Давлат хавфсизлик хизмати Спорт комплекси биносида ташкил этилган тадбирда Марказимиз ўзининг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нашрлари, турли йўналишдаги қизиқарли китоблар кўргазма-ярмаркаси билан иштирок этмоқда.

Ёш китобхонлар билан учрашув қизиқарли кечмоқда. Тадбир доирасида “Қувноқ стартлар”, шахмат-шашка мусобақалари, болалар учун қизиқарли ўйинлар ҳам ташкил қилинган.

Дарҳақиқат, болалик инсон умрининг энг гўзал, беғубор палласидир. Шунинг учун бўлса керак, болалик йилларимиз ёдга тушганида кўнглимиз ёришиб, қалбимизда илиқлик пайдо бўлади. Кўзларида қувонч, юзларида табассум балқиб турган шириндан-шакар болажонларни кўрганимизда ҳам шундай ҳисларни дилдан кечирамиз.

Юртимизда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кенг нишонланмоқда. Бу байрам болажонлар учун унутилмас бўлиши шубҳасиз. Айниқса, улар шу куни ота-онаси, устозлари, яқинларидан совғалар олишса, бу кун бир умр ёдда қоларли бўлади!

Китоб – энг яхши совға. ДХХ ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун ташкиллаштирилган китоб савдо ярмаркаси катта-ю кичик учун бирдек қизиқарли бўлмоқда. Юртимиз келажаги бўлган ёш авлод вакиллари билан бу каби учрашувларни тез-тез ўтказиб туриш зарур, албатта. Зеро, китоб ўғил-қизларимизни ҳамиша яхшиликка етайлайди, қалбининг туб-тубида ётган, ҳали ҳеч ким илғамаган ҳисларини илғашга ундайди, уларни тўғри йўлга йўналтира олади. Бундай тадбирлар бола психологиясига кўнгилочар ўйинлардан кўпроқ ижобий таъсир қилади.

Шерзод РАСУЛОВ,

“Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази ходими