Юқорига

Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар

Admin   24,01-2020 8366

“Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази ходимлари иштирокида 2020 йил 23 январь куни навбатдаги “Ҳуқуқий билимлар” ўқув машғулоти ўтказилди.

Унда Марказнинг Юридик ишлов берилган ва назорат ҳолатига келтирилган ҳужжатларни текшириш бўлими бошлиғи Қавомиддин Хужжатов “Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар” мавзусида маъруза қилди.

Маърузачи таъкидлаганидек: “Ўзбекистон Республикаси янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилиниши мамлакатимизда ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Фармонда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари белгиланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегияси иқтисодий ислоҳотларни янада кенгайтиришда, соҳанинг тараққий этишида муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

“Ҳаракатлар стратегияси”нининг учинчи устувор йўналиши “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” деб номланади. Унинг асосий мақсади мамалакатимизда иқтисодиётни янада ривожлантиришга қаратилган. Шунингдек, унда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, жадал ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Стратегияда иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш масаласи муҳим ўрин тутади. Бу борада ислоҳотлар янада жадаллаштиришга алоҳида эътибор билан қаралмоқда.

Барчамизга яхши маълумки, мустақилликнинг дастлабки йилларидан хусусий мулк тушунчасига катта эътибор билан қаралиб, тадбиркорликка кенг йўл очилди. Стратегиянинг мазкур йўналиши айнан хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришни назарда тутади. Айниқса, ҳудудларда, туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий эттириш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш орқали аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш кўзда тутилмоқда. Туман ва шаҳарлар ҳудудида иқтисодиётни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ҳам кенгайиб бормоқда.”

Маърузачи, шунингдек, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида мамлакатимизда ўтган муҳим сиёсий жараён, яъни, сайловлар ҳақида гапириб, сайловнинг ўзига хос руҳда ўтгани, айниқса, сайловчиларнинг сиёсий уйғоқлиги ортганини алоҳида таъкидлади. Маърузада таъкидланганидек:

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида тилга олинган муҳим масалалар барчамиз учун дастуриламал бўлади, албатта.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида эса, Президент Шавкат Мирзиёев янгидан тасдиқланадиган ҳукумат олдида турган асосий вазифаларга тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбари иқтисодиётни ривожлантириш учун нефть-газ ва энергетика тармоғидаги муаммоларни ҳал этиш лозимлигини таъкидлади.”

Ўқув машғулоти қизғин савол-жавоблар билан ўтди. Маърузачи ходимларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.