Юқорига

Коррупциянинг олдини олиш – муҳим масала

Admin   27,06-2019 8483

Йўл харитаси – амалда

 

Коррупциянинг олдини олиш – муҳим масала

        

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 14 майдаги 141-ум-сон буйруғига илова қилинган “Ҳуқуқий маданият ва Одоб-ахлоқ ойлиги”да амалга ошириладиган тадбирлар бўйича “Йўл харита”си ижроси юзасидан “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази ходимлари иштирокида “Ҳуқуқий билимлар куни” ўтказиб келинмоқда. Марказ ходимларининг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида мутахассис иштирокида суҳбатлар ўтказиш анъанага айланган.

Марказда жорий йил 27 июнь куни “Давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидалари ва миллий қадриятлар” мавзусида ўқув машғулоти ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси катта ўқитувчиси Феруза Йўлдошева мавзу юзасидан Марказ ходимлари билан жонли мулоқот олиб борди.

Маърузачи таъкидлаганидек, бгунги кунда коррупция муаммосига жаҳоннинг деярли ҳар бир мамлакатида дуч келиш мумкин. Коррупция сўнгги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида халқаро ташкилотлар томонидан кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир. Ҳатто, айрим сиёсатчилар томонидан коррупцияга глобал инқирозни келтириб чиқарувчи омил сифатида ҳам таъриф берилади. Ушбу масала мураккаб ва ечими қийин бўлиб, унга жамиятдаги бир касаллик деб қаралади. Коррупция келтирадиган зарар барча давлатлар учун тенг. Коррупция давлатнинг турли тузилмаларига, жумладан, солиқ тизимига, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Мамлакатимизда мазкур муаммога қарши кураш масаласига мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ жид­дий эътибор қаратиб келинаётир. Ўтган давр мобайни­да коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий ба­за ва тизимли амалиёт шакл­ланди. Истиқлол йилларида ҳуқуқ тартибот соҳасида бирқанча ислоҳотлар амалга оширилди, коррупция ва бошқа жиноий ишларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Юртимизда мазкур муаммонинг долзарблиги ҳис этилиб, коррупцияга қарши кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг бир қанча қарорлари қабул қилинган. Шунингдек, бу билан бевосита ва билвосита шуғулланувчи ташкилотлар фаолият юритмоқда. Миллий қонунчилигимизда коррупциянинг турли йўналишларига қарши курашга йўналтирилган нормалар мустаҳкамланган. Жумладан, пора олиш ёки бериш, унга воситачилик қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиисеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги каби жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йили Бирлашган Миллатлар Ташки­лотининг Коррупцияга қар­ши конвенциясига (2003 йил 31 октябрь, Нью-Йорк), шунингдек, 2010 йили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкило­ти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасига (2003 йил 10 сентябрь, Истанбул) қўшилиши коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим қадам бўлди.

Ҳозирги кунда коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган давлат органлари ва уларнинг тизимларида коррупцияга қарши курашишга оид фаолият янада такомиллашди. Шу жиҳатдан қонунбузарлик содир этилишининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда давлат органларини нопок ходимлардан тозалаш борасида аниқ йўналишга эга бўлган кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир. 

Жамиятнинг турли босқич ва жараёнларида амалга ошириладиган ҳеч бир расмий, сиёсий, маданий, иқтисодий ва бошқа муносабатлар одоб қоидаларисиз амалга оширилмайди. Ахлоқ-одоб қоидаларига қисқа таъриф берадиган бўлсак, бу жамият ҳаётининг барча қатламларида турли шаклларда намоён бўлувчи ҳуқуқий, ахлоқий, анъанавий ва шу каби одамларнинг хулқ-атвори, хатти-ҳаракатларига хизмат қилган қатъий нормалар, тавсиялар, талаблар йиғиндисидир.

Давлат хизматчиси аҳамият бериши лозим бўлган одоб қоидаларига тўхталадиган бўлсак, улар энг аввало ахлоқ нормаларига асосланади. Замонавий амалиётда давлат хизматчиларида қуйидаги жиҳатлар, яъни меҳнатсеварлик, пунктуаллик, хушмуомалалик, чуқур мулоҳазалик, тинглай олиш, беғараз ёрдам, буйруқ ва кўрсатмаларни ўз вақтида бажариш, ҳақгўйлик, аниқлик, адолатли қарор чиқариш ва шу кабилар ахлоқий сифатларга тааллуқлидир.

Дарҳақиқат қонунийлик, адолатпарварлик, инсонпарварлик, сотилмаслик ва жавобгарлик тамойиллари давлат хизматчиси фаолиятини ахлоқий баҳолаш асосини ташкил қилади. Шу сабабли, давлат хизматчиси беғараз, мустақил, ҳалол ва сотилмайдиган, ҳақиқатпарвар, сезгир ва кишиларга қайғурувчан, яъни инсонпарвар бўлиши зарур ҳамда у ўзининг шахсий манфаатларини жамоатчилик манфаатлари билан мослаштириши лозим.

Коррупция, порахўрлик каби иллатлар юқорида кўрсатиб ўтилган тамойиллар ва сифатларнинг бузилиши учун далиллар сифатида намоён бўлмаслиги шарт.

Бу борада 2016 йил 2 март куни Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши, давлат хизматчиларининг одоб ва ахлоқ доирасининг ҳуқуқий жиҳатдан янада аниқлаштириб, белгилаб берди.

Хусусан, мазкур Одоб-ахлоқ қоидаларида давлат хизматчилари, шу жумладан раҳбар кадрларнинг ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланиши, уларнинг коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига бевосита фаол кўмаклашиши шартлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, раҳбарларга ҳам қатъий талаб кўрсатилиб, ушбу талабларга мувофиқ улар манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши, коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши, ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шартлиги, ҳаттоки, давлат хизматчилари хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги лозимлиги белгилаб берилди.

Шу билан бирга, Одоб-ахлоқ қоидаларига асосан давлат хизматчилари томонидан ўз хизмат вазифаларини бажаришда уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига оладиган манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари кераклиги назарда тутилган.

Буларнинг барчаси ўз навбатида, давлат ва жамиятда вужудга келиши мумкин бўлган ҳар қандай қоррупция аломатларининг олдини олиш, мазкур йўналишдаги ҳуқуқ бузарлик профилактикаси билан боғлиқ. Хусусан, аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини янада кучайтириш билан боғлиқ ишлар амалга ошириш каби бир қатор вазифаларни қўйиш билан бир вақтда, ушбу вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари учун қатъий белгилаб қўйилган одоб-ахлоқ қоидаларига ҳам амал қилиш доимий муҳим ва зарурий меъёр ҳисобланиши лозим.

Маърузачи мавзу юзасидан хориж тажрибаси ҳақида ҳам тўхталиб, сўзларини ҳаётий мисоллар орқали қизиқарли тарзда ифодалади. Ўқув машғулоти қизғин савол-жавоблар билан ўтди.


 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

Марказ бош мутахассиси.