Юқорига

ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ЭТИНГ!

Admin   19,12-2019 12243

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари Ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2992-сонли Қарори ижросини таъминлаш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган ёнғин келиб чиқиши билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар Миробод туман Ёнғин хавфсизлиги бўлими билан ҳамкорликда “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази ходимлари иштирокида семинар машғулот ўтказилди. Мазкур семинар машғулотда Миробод туман ИИБ ЁҲБ бўлими инспектори, лейтенант Комилжон Қодиров маъруза билан иштирок этди.

К. Қодиров таъкидлаганидек, Президентимизнинг юқоридаги Қарорига асосан ҳафтанинг ҳар чоршанба куни «Ёнғинлар профилактикаси куни» деб белгиланган ва шу асосда аҳоли, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасаларида ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларига риоя этиш тўғрисида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ёнғинларнинг олдини олиш ва муваффақиятли бартараф этиш тадбирларига жамоатчилик кенг жалб қилинмоқда. Бироқ, ҳудудларда электр симларининг қисқа туташуви натижасида ҳам ёнғин ҳолатлари келиб чиқмоқда. Уларнинг олдини олиш учун эса, барчамиз ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз керак.

Маърузачи ходимларни ёнғин хавфсизлиги қоидалари билан таништириб ўтди. Ёнғиннинг олдини олишга доир ўтказилаётган тадбирларнинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунтишлар бериб, ёнғиннинг пайдо бўлиш сабаблари, ўчириш воситаларининг ишлатилиш тартиби, ёнғин содир бўлганда дастлаб нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида гапириб, ҳаётий мисоллар орқали мавзу доирасида керакли маълумотларни айтиб ўтди.

Мутахассис Тошкент шаҳар ҳудудида содир бўлган ёнғинлар ва уларнинг оқибатлари ҳақида ҳам гапирди. Ёнғин келиб чиққан ҳолатларда бирламчи ёнғин ўчириш воситасини ишлатиш ҳақида тўлиқ маълумот бериб ўтди. Бу барча ходимлар учун қизиқарли бўлди.

Маълумки қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши билан фуқароларимиз томонидан хонадонларни иситиш мақсадида турли хилдаги ёқилғи маҳсулотлари, ҳар хил турдаги иситиш ва газ ускуналаридан фойдаланишга бўлган эҳтиёж кундан-кунга ошиб боради. Бу эса, ўз навбатида, ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари талабларининг бузилиши натижасида хонадонларда табиий газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига, фуқароларнинг ис газларидан заҳарланиб қолиш эҳтимоли ошишига олиб келиши мумкин.

Семинарда аҳоли ўртасида куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар ҳақида гапирилди. Таъкидланганидек, инсоният ҳаётида бирор кун йўқки, фавқулодда вазиятлар содир бўлмаса. Афсуски, барча техноген ҳолатдаги бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабабчиси инсоннинг ўзидир.

Маърузачи, шунингдек, ёнғин чиққан ҳолатларда, уй шароитида ва ишхонада, кундалик ҳаётимизда бехосдан содир бўладиган фавқулодда вазиятларда қандай йўл тутиш зарурлиги ҳақида ҳаётий мисоллар билан гапириб, ходимларга тегишли тушунчаларни бериб ўтди.

Бундан ташқари, кейинги пайтларда электр энергиясидан нотўғри фойдаланиш ҳам ёнғинлар келиб чиқишига сабаб бўлаётганлигини, катта ёнғинлар Чилонзор туманида, Жомий бозорида, Бизнес марказида ҳам бўлганлиги, Қашқадарё вилоятида бир вақтнинг ўзида 8 нафар фуқаро газдан заҳарланиб вафот этганлигини айтиб ўтди. Бундай воқеалар барчамизни куз-қиш мавсумида лоқайд бўлмасликка чақиради, албатта. Келиб чиқиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш зарурлиги ҳам айтиб ўтилди.

Лейтенант Комилжон Қодиров хавфсизлик қоидалари ҳақида гапириб, сўзлари якунида шундай деди: “Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, келиб чиқиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш доимий масъулият талаб қиладиган вазифадир. Шундай экан, ана шу масъулиятни дилдан ҳис қилиб, сиз нафақат давлат ва шахсий мол-мулкингизни асраб қолган, балки яқинларингиз ҳамда фарзандларингиз хавфсизлигини ҳам таъминлаган бўласиз. Зеро, ёнғинни ўчиргандан кўра, унинг олдини олган афзал.”.

Йиғилиш сўнгида ходимлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА