Юқорига

Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги тизимига ўтказилди

Admin   11,02-2019 10742

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарорда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва ушбу соҳадаги умумэътироф этилган халқаро нормаларни имплементация қилиш соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилди.

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимига ўтказилади ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги этиб қайта номланади.

Белгиланишича:

Агентлик, шу жумладан, Интеллектуал мулк соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув маркази мавжуд штат бирликлари ва моддий-техник базаси билан тўлиқ ҳажмда, молиялаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда ўтказилади;

Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари – директор бошчилик қилади;

Агентлик директорининг ўринбосарлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

2019 йил 1 мартдан шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказиш учун талабномалар топширилгандан сўнг, Агентлик бир иш куни мобайнида ушбу талабномалар ҳақидаги маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради;

ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, сотувчилар ёки уларнинг вакиллари талабномалар эълон қилингандан сўнг Агентликка рўйхатдан ўтказиш учун ноҳалол топширилган аризалар ҳақидаги ёзма эътирозларини тақдим этишлари мумкин;

товар белгисига ва хизмат кўрсатиш белгисига доир мутлақ ҳуқуқ, товар келиб чиққан жой номи ва (ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи ўша куннинг ўзида товар белгиси ҳақидаги маълумотларни Агентликнинг расмий веб-сайтида мажбурий тарзда жойлаштирган ҳолда Товар белгилари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб вужудга келади;

товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши товар белгиси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сўнгги уч йил мобайнида узлуксиз равишда фойдаланилмаганда, шунингдек, жамоавий белгидан фойдаланиш тўғрисидаги келишув бузилган тақдирда манфаатдор шахснинг аризасига биноан қабул қилинган суд қарори асосида муддатидан аввал тўлиқ ёки қисман тугатилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномаларни фақат электрон шаклда давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2019 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентлар лойиҳаларини киритади деб ёзади kun.uz.