Юқорига

“ЮТУҚЛАР ҲИКМАТИ – ВАҚТНИ ТЎҒРИ ТАҚСИМЛАШДА”

Admin   12,09-2019 6672

“Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази директорининг 2019 йил 14 майдаги 40-ум-сон буйруғига илова қилинган “Ҳуқуқий маданият ва Одоб-ахлоқ ойлиги”да амалга ошириладиган тадбирлар бўйича “Йўл харита”сининг 1-банди ижроси юзасидан Марказда ўтказиладиган “Ҳуқуқий билимлар куни” режа-жадвали ишлаб чиқилган.

Режа ижроси юзасидан ҳар ойнинг иккинчи пайшанбасида Марказ ходимлари иштирокида “Ҳуқуқий билимлар куни” ўтказиб келинмоқда. Марказда ўтказилган навбатдаги ўқув машғулотида Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби директори ўринбосари, юридик фанлар доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, фаолият йўналиши серқирра инсон – Комил Синдаров билан суҳбат ташкил қилинди.

Ўқув машғулоти меҳмони узоқ йиллар суд-ҳуқуқ тизимида фаолият юритган тажрибали мутахассис бўлганлиги сабабли ҳуқуқшунос ҳамкасблари билан иш тажрибаларини, ҳаётий кузатувларини ўртоқлашиб, ходимлар билан дилдан суҳбатлашди. Машғулот маърифий тадбир тарзида ўтди.  

Тадбир давомида устоз-шогирдалик муносабатларининг ёш кадрлар иш фаолиятида муҳим ўрин тутиши ҳақида сўз борди. Тадбир меҳмони устозларини, уларнинг ўзига хос сабоқларини эслаб, жамоадаги ёш ҳуқуқшунос кадрларга зарур маслаҳатларини бериб ўтди.

– Йиллар давомида шуни тушундимки, ютуқлар ҳикмати – вақтни тўғри тақсимлашда экан, – деди Комил Синдаров ҳаётий тажрибалари ҳақида гапирар экан. – Раҳматли устозимиз Ҳожиакбар Раҳмонқулов илмий иш ёза бошлаган маҳалларим менга йўл-йўриқ кўрсатиб, вақти келса, далда бериб, ҳар бир инсон учун олтиндан қимматли неъмат бўлган вақтни қандай қилиб тўғри тақсимлаш кераклигини ўргатгандилар. Умрим давомида устозимнинг бу сабоғи менга кўп яхшиликларни етказди. Шу ҳикматли, ибратли сабоқ сабаб номзодлик ишини ёқлаб, суд тизимида ишладим, шу орада ўнга яқин китобларим нашрдан чиқди. Фарзандларимга, набираларимга ҳам устоз ўгитини ўргатиб, кам бўлмадим. Набираларим шахмат усталари билан беллашиб, халқаро гроссмейстерлар сафида Ўзбекистонимиз шарафини ҳимоя қилганида ҳам барча ютуқларнинг илдизи меҳнатда, оддийгина ҳаёт ҳақиқати – вақтнинг қадрига етишда эканига кўп бора гувоҳ бўлдим.

Ёш бўлишига қарамай, шахмат тарихида оламшумул ғалабаларга эришган, юртимиз шарафи бўлган ака-ука Жавоҳир, Исломбек, Ҳумоюн Синдаровларнинг ютуқлари барчамизга фахру ифтихор бағишлайди, албатта. 12 ёшли Жавоҳир Синдаровнинг Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида шахмат бўйича ўтказилган халқаро турнирда учинчи гроссмейстерлик талабини бажариб жаҳоннинг амалдаги энг ёш халқаро гроссмейстерига айлангани кечагидек ёдимизда. Бу ғалаба Ўзбекистоннинг жаҳон аренасидаги мавқеини яна бир бор юксалтирди. Ўшанда Президентимиз Ш. Мирзиёев ёш гроссмейстерга табрик йўллаганди. Жавоҳир Синдаровга Сергелида қурилган уйларнинг биридан уч хонали квартира совға қилинди. Бутун мамлакатимиз аҳолиси, катта-ю кичик ўзбек ўғлонининг салоҳияти, муваффақияти билан  фахрланади, албатта.

Бундай оламшумул ғалабани қўлга киритган Жавоҳир Синдаров ва унинг укаси, шахмат бўйича бир қатор мусобақаларнинг совриндори, олти ёшда Осиёни забт этган Исломбеклар қандай қилиб бу даражага етишдилар. Улар қандай оилада камол топаяптилар, муваффақиятларнинг сири, бош омили нимада? Боланинг иқтидорини ўз вақтида англаш ва уни ривожлантириш учун ота-оналар қандай йўл тутишлари, нималарга аҳамият қаратишлари даркор? Учрашувда ана шу саволлар атрофида мулоқот олиб борилди. Суҳбатнинг давоми ҳар бир боланинг иқтидорини юзага чиқаришда устознинг, биринчи навбатда, оиладаги муҳитнинг, ота-оналарнинг ўрни муҳимлиги ҳақида борди.

Комил ака бола тарбиясининг нозик жиҳатлари, фарзанднинг нимага иқтидори борлигини ўз вақтида аниқлаш ва уни ривожлантириш борасидаги ҳаётий тажрибаси ва хулосалари билан ўртоқлашди.

– Ҳар қандай болада ўзига хос иқтидор бўлади. Бировда очиқ, бошқасида яширин. Ота-онанинг, бува ва бувиларнинг вазифаси эса, ана шу иқтидорни рўёбга чиқаришдан иборат. Бу иш қанча эрта бошланса, шунча  самарали бўлади, – дея аниқ мисоллар орқали фикрини таҳлил қилди. Бу борада марказ мутахассислари – ёш ота-оналарга зарур тавсиялар берди.

Комил Синдаров детектив жанрдаги асарларининг ёзилиш сабаблари ҳақида ҳам гапириб, бу жанрда ижод қилишига кўп йиллар суд тизимида фаолият юритгани, ёзиши учун ҳаётий фактлар ҳар доим ҳам етарли бўлгани, аммо ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг маслаҳат ва кўрсатмалари, ўринли танқидлари унга бу йўналишда баракали ижод қилиш бахтини ҳадя этганини айтиб, ҳар бир инсон устоз сабоғи билан камолга етишини алоҳида таъкидлаб ўтди.  

Комил Синдаровнинг аллақачон ўз ўқувчиларини топиб улгурган китоблари орасида шеърий тўпламлари ҳам алоҳида ўрин тутади.

Марказ ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб берар экан, тадбир меҳмони юракка яқин ижод намуналаридан бирини ўқиб, барчанинг кўнглига илиқлик улашди.

Тадбир якунида меҳмонга Марказнинг эсдалик совғаси тақдим этилди.

Ўз ўрнида Комил Синдаров ҳам Марказ кутубхонасига шеърий, детектив жанрдаги китобларидан тақдим этди.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

Марказ бош мутахассиси