Юқорига

КОНСТИТУЦИЯ ВА ҚОНУНЛАР УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ МЕХАНИЗМЛАРИ

Admin   16,01-2020 5914

“Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази ходимлари иштирокида 2020 йил 16 январь куни навбатдаги “Ҳуқуқий билимлар” ўқув машғулоти ўтказилди.
Унда Марказнинг Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни киритиш ва назорат ҳолатига келтириш бўлими бош маслаҳатчиси Бобурмирзо Қодиров “Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш механизмлари” мавзусида маъруза қилди ва ходимларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Маърузачи таъкидлаганидек: “Миллий ҳуқуқ тизимимизнинг асосини Бош Қомусимиз — Конституциямиз эгаллайди. Конституция инсонни энг катта бойлик сифатида алоҳида кўрсатгани ҳолда фуқаро, жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларни оқилона ҳуқуқий ҳал этишни сиёсий жиҳатдан расмийлаштиради. Конституциянинг 13-моддаси мазмунига кўра, инсон ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасида олий қадрият ҳисобланади. МДҲ давлатларида биринчи бўлиб қабул қилинган Асосий қонунимизда фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурлиги белгилаб қўйилди. Демак, фуқароларнинг қонунларни яхши билиши, уларга риоя этиши ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятидир.
Ўзбекистон истиқлолнинг илк кунлариданоқ келажаги буюк ҳуқуқий демократик, эркин фуқаролик жамияти, адолатли давлат қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Зеро, қабул қилинган қонунлар, Фармон ва қарорлар моҳиятига ҳам айнан ана шу тамойил сингдирилди. Ҳуқуқий демократик давлат сари ташланган ҳар бир қадам ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир оиланинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, ҳуқуқий тарбиянинг қандай олиб борилиши билан бевосита боғлиқ, албатта. Ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятнинг юксалиши ҳуқуқий демократик, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим омилидир. Мамлакатимизда ёшларни илмли, юксак маънавиятли комил инсонлар қилиб тарбиялашга катта эътибор каратилаётганлиги бежизга эмас. Юртимизда юксак ҳуқуқий маданиятли кишилар қанчалик кўп бўлса, қонун устуворлигига эришиш шунчалик осон бўлади.”