Юқорига

“Адолат” ҳуқуқий ахборот марказида “Очиқ эшиклар куни”

Admin   14,11-2019 242

“Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастури доирасида
“Адолат” ҳуқуқий ахборот марказида
“Очиқ эшиклар куни”

 

Бугун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази” давлат муассасасида жисмоний ва юридик шахслар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастури доирасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилмоқда.

“Очиқ эшиклар куни”да юридик йўналишдаги коллеж, академик лицей ўқувчи ва ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар ҳамда уларнинг вакиллари иштирок этишмоқда.

Дастлаб Марказ директори А. Очилов иштирокчиларни “Очиқ эшиклар куни” тадбирини ўтказишдан кўзланган мақсад ва Марказнинг иш фаолияти билан таништириб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–5618-сон Фармони, унга илова қилинган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси” ва уни 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да Адлия вазирлигига бир қатор устувор вазифалар юклатилган. Ўз ўрнида Адлия вазирлигининг аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминловчи тармоғи сифатида “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази томонидан ҳам мазкур Фармоннинг ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Бугунги кунда Марказнинг Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси – lex.uzдаги 75 913 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлардан жисмоний ва юридик шахслар фойдаланмоқда. Ўтган ҳафта давомида www.lex.uz фойдаланувчилар сони бўйича www.uz статистик рейтинги умумий рўйхатида 14-ўринда, маълумот берувчи сайтлар рўйхатида 2-ўринда, қонун ва ҳуқуқ йўналишида 1-ўринда сараланган. Сайтнинг доимий кирувчилар сони бир кунда тахминан
25-32 мингтани, кўришлар сони эса, 130-144 мингтани ташкил этмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги 741-сонли “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази давлат унитар корхонаси давлат муассасаси шаклида қайта ташкил этилди. Мазкур қарорда қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини юритиш, шунингдек, қонун ҳужжатларининг Миллий базада расмий нашр этилишини,  норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига электрон шаклда етказилишини, юридик ва жисмоний шахсларнинг Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан белгиланган тартибда фойдаланилишини, аутсорсинг шартларида юридик адабиётлар ва расмий нашрларнинг расман чоп этилишини таъминлаш Марказнинг вазифалари этиб белгиланди.

Юридик ишлов берилган ва назорат ҳолатига келтирилган ҳужжатларни текшириш бўлими бошлиғи Қ. Ҳужжатов lex.uz ва ундан фойланиш жараёни ҳақида гаириб, қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аҳолига электрон тартибда етказиш фаолиятини йиғилганларга тушунтириб берди.

Маърузачи таъкидланганидек, бугунги кунда www.lex.uz ни бутун дунёдан туриб (АҚШ 63 595, Германия 13 648, Жанубий Корея 9 912, Англя 28 395, Россия 293 822, Беларусь 7 737, Украина 29 027 ва ҳ.к.) фаол кузатишади. Сайтдаги қонун ҳужжатлари нафақат давлат тилида (27 099 та), балки, рус (26 407 та), инглиз (73 та) ва қорақалпоқ (234 та) тилларида ҳам эълон қилинмоқда. Биргина сўнгги ойда сайтни дунёнинг 115 га яқин мамлакатидан қарийб 670 мингдан ортиқ фойдаланувчи кузатган. Фойдаланувчиларга қулай бўлиши учун унинг “android” ва “ios” мобил илова шакллари амалиётга жорий этилган.

Миллий қонунчилик базаси фойдаланувчиларини янги қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларининг матни, қонунчиликдаги ўзгаришлардан тезкор хабардор қилиш мақсадида Марказ янги лойиҳалар устида ишламоқда. Хусусан, эндиликда хорижий инвесторларни қизиқтирадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, туризм соҳасига, инвестиция киритишга оид қонун ҳужжатларини инглиз тилига таржима қилган ҳолда базага жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда 73 та ҳужжат жойлаштирилган.

Бундан ташқари, жорий йилда 1 519 та қабул қилинган қонун ҳужжатлари 142 та давлат органлари ва ташкилотларига ҳимояланган алоқа каналлари орқали етказиб берилди. 

Шундан сўнг Марказнинг Таҳрир қилиш бўлими бошлиғи А. Аҳмедов иштирокчиларга ҳуқуқий нашрларнинг нашрга тайёрланиши ва уларнинг аҳолига етказиб берилиши жараёни ҳақида гапириб ўтди.

Таъкидланганидек, бугунгача “Адолат” нашр белгиси билан мамлакатимизда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида 900 га яқин номда қарийб 10 миллион нусха адабиётлар нашр этилиб, аҳолига етказилди. Улар орасида Ўзбекистон Республикасининг кодекслари, қонунлари, уларга шарҳлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, “Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами” расмий даврий нашрлари, ҳуқуқшуносликнинг турли соҳаларига оид илмий, илмий-оммабоп адабиётлар, дарслик, ўқув қўлланмалари, бадиий-детектив китоблар бор.

Нашр этилган ижтимоий аҳамиятга эга, оммабоп адабиётлар ҳақида “Адолат” ҳуқуқий ахборот марказининг Telegram, facebook, instagram ижтимоий тармоқларидаги каналларига мунтазам равишда ахборот киритиб борилмоқда. Бу эса, ҳар бир қабул қилинаётган Фармон, қарор, норматив-хуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини фуқароларга тезкорлик билан етказиш, уларни қизиқтирган саволлар, масалалар бўйича тушунтиришлар беришда таъсирчан омил бўлмоқда.

Шу кунгача китобхонлар ҳуқуқий адабиётлар ва бошқа нашрларни Марказнинг ўзидан шартнома орқали ёки “Юридик адабиётлар” дўконидан харид қилиб олишган бўлса, 2019 йилдан бошлаб Марказ томонидан чоп этиладиган китобларни онлайн буюртма орқали манзилга етказиш, аҳолига хизмат кўрсатишда электрон китоб шаклларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди. Айни вақтда Марказда нашр этилган Ўзбекистон Республикаси кодекслари, қонунлари, юридик ва бошқа турдаги адабиётларни китобхонлар www.adolatmarkazi.uz интернет дўконидан сотиб олишмоқда. Ўтган 10 ойда 80 500 та юридик адабиётлар сотилди.

 Тадбир қизғин савол-жаоблар билан ўтди. “Очиқ эшилар куни” иштирокчилари Марказ фаолияти билан яқиндан танишиб, мутахассис ходимлардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Уларга Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz) ва юридик адабиётлар ҳамда расмий нашрларни чоп этиш жараёнлари юзасидан тушунтириш берилди, lex.uzдан фойдаланиш тартиби ўргатилди, мастер-класс ўтказилди. Шунингдек, тадбир қатнашчилари тарқатма материаллар билан услубий таъминланди.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

Марказ бош мутахассиси.