На верх

Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Қабул қилинган қонун ҳужжатларининг сўзсиз ва ўз вақтида бажарилишида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида тарқатиш, ижрочиларга ва аҳолига уларнинг моҳияти ва мазмунини тушунтиришнинг самарали механизмларини яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, қонун ҳужжатларини тарқатишнинг яхлит тизими шаклланмаган, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан расмий тарқатмаларни ижрочиларга етказишнинг, тушунтириш ишларини олиб боришнинг тартиби ва муддатлари ҳамда бу соҳадаги назорат ўрнатилмаган.

Фуқароларни ҳуқуқий хабардор қилиш, асосан, анъанавий оммавий ахборот воситалари орқали қоғоз кўринишида амалга оширилмоқда, бу эса ҳуқуқий ахборотнинг тўлиқлиги ва эркин фойдаланилишига, унинг ўз вақтида тарқатилишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунда аҳолининг ижтимоий фаол қатламлари, шу жумладан, тадбиркорлар ва ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёж ва сўровлари инобатга олинмаяпти.

Мавжуд камчиликлар мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятда қонун устуворлиги ва қонунийлик тамойиллари самарадорлигига салбий таъсир қилмоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ижрочилар ва аҳолини қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамияти ҳақидаги ҳуқуқий ахборот билан таъминлашнинг сифатини ошириш, ушбу соҳадаги ишларни ташкил этишга принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқиш мақсадида:

  1. Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ижрочиларга ўз вақтида етказишни таъминлаш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, шунингдек тегишли қонун ҳужжатлари матнидан монеликсиз фойдаланиш имконини яратиш ва ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида қонун ҳужжатлари нормаларининг бир хилда қўлланилиши устидан доимий назоратни амалга ошириш вазирлик, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг муҳим вазифалари этиб белгилансин.
  2. 2017 йилнинг февралидан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари матнларида тегишли қонунлар қабул қилингандан кейин унинг ижросини ташкил этиш, ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришни ташкил этишга масъул бўлган аниқ давлат органлари, шу жумладан давлат бошқаруви органлари кўрсатилиши шарт;

ҳужжат назоратни амалга ошириш юклатилган масъул давлат органи ёки ташкилоти, шунингдек, мансабдор шахслар томонидан имзолангандан кейин, уни ижро этиш, ижрочиларга етказиш ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш юзасидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган куни ахборот-таҳлилий материаллари билан бирга (норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг концепцияси баён этилган тушунтириш хати, ўзгартириш ва қўшимчалар тушунтирилган ҳолдаги таққослаш жадвали) қоғоз ва электрон шаклда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилади;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир кунлик муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига электрон шаклда етказилишини таъминлайди;

давлат органлари ва ташкилотлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ахборот-таҳлилий материаллари асосида, қабул қилинган қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказиш ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлайди.

  1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифа ва функциялар юклатилсин:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни барча давлат органлари ва ташкилотларига ўз вақтида етказиш, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, услубий раҳбарлик ва назорат қилиш;

давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб қилган ҳолда жамиятда ҳуқуқий тарғиботни ташкил этиш;

давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш ва такомиллаштириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, шунингдек, мамлакатда қонун ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

суд экспертизаси фаолиятини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, суд экспертларини тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш;

суд экспертизаси соҳасидаги тизимли муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси ҳамда Ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим бошқармаси негизида:

бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 7 штат бирлик бўлган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Юридик таълим ва суд-экспертиза фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилсин.

  1. Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш (кейинги ўринларда — Идоралараро кенгаш)нинг янгиланган таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

* 2-илова рус тили матнида берилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ҳафталик муддатда ҳудудий адлия бошқармалари бошлиқлари раҳбарлигида, таркибига бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, судларнинг, давлат бошқаруви органларининг, таълим муассасаларининг, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг вакилларини киритган ҳолда, Идоралараро кенгашнинг ҳудудий комиссияларини ташкил этсин.

Қуйидагилар Идоралараро кенгаш ва унинг ҳудудий комиссияларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ижрочилар ва аҳолини қонунчиликнинг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор қилишнинг сифатини тубдан ошириш, ушбу фаолиятни ташкил қилишга принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш;

аҳолининг турли қатламлари, шу жумладан, тадбиркорлар ва ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, ҳуқуқий тарғибот ва маърифатни амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий ахборотдан кенг кўламда фойдаланилишини таъминлаш, ушбу соҳада фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида ҳар йили тегишлича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг аҳволи тўғрисидаги ахборотининг эшитилиши амалиётга жорий қилинсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (кейинги ўринларда — Миллий база)га 2017 йилнинг 25 сентябридан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилиши муносабати билан:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Адолат» ҳуқуқий ахборот маркази ДУКга (кейинги ўринларда — Марказ) қонун ҳужжатларининг Миллий базада расмий нашр этилишини таъминлаш масъулияти юклатилсин;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида қонун ҳужжатларини тезкор тарқатиш мақсадида ҳимояланган алоқа каналлари (VPN) орқали идоралараро электрон ҳамкорликни ташкил этсин;

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик судига Конституциявий суд қарорларини, Олий суд ва Олий хўжалик суди пленумларининг қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари юзасидан тушунтиришлар бериш тўғрисидаги қарорларини улар имзоланган кундан эътиборан бир кун ичида электрон шаклда Миллий базага жойлаштириш учун Марказга юбориш тавсия этилсин;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг электрон версияларини улар кучга кирган кундан эътиборан бир кун ичида Миллий базага жойлаштириш учун Марказга юборсин;

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Миллий база доирасида энг кўп талаб қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг инглиз тилидаги маълумотлар банкини яратиш, Миллий базани такомиллаштириш ва Марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича ишларни молиялаштириш учун белгиланган тартибда техник кўмак (грантлар)ни жалб қилиш масаласини ишлаб чиқсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш ва ҳуқуқий тарғибот тизимини такомиллаштириш мақсадида адлия органлари ва Марказнинг моддий-техника базасини ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатларга кўра олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, компьютер ва сервер техникаси, техник воситалар, дастурий маҳсулотлар ва бошқа моддий-техника ресурслари учун 3 йил муддатга божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишнинг таъсирчан механизмларини, уларни аҳоли ўртасида кенг тушунтириш бўйича чора-тадбирларни назарда тутувчи «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонун, шунингдек янгиланган Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш тўғрисидаги низом лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Электрон оммавий-ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда оммавий ахборот воситаларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти ва аҳамиятини етказиш бўйича ролини янада кучайтиришни, қонун ҳужжатларига мустақил экспертлар, мутахассислар ва аҳолининг фикри ва муносабатини акс эттирувчи таҳлилий ток-шоулар, мунозаралар, баҳслар ҳамда қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини кенг муҳокама қилишнинг бошқа замонавий шаклларини жорий қилишни назарда тутувчи Комплекс дастурни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг эксперт тадқиқотларига бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ҳудудий бўлинмаларининг сонини кўпайтиришга доир таклифлар киритсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

  1. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,
2017 йил 8 февраль,
ПҚ-2761-сон


Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига
ШАРҲ

Қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги, аввало, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочиларга, ҳуқуқий нормаларнинг субъектларга, шунингдек кенг аҳоли қатламига ва тадбиркорлик тузилмаларига ўз вақтида етказишни таъминлашга боғлиқ.

Мустақиллик йилларида мамлакатда қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш, нашр этишни ташкил қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини «Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси»да lex.uz сайтида жойлаштириш бўйича ишларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ҳуқуқий тарғибот ўтказишнинг амалдаги тизимини танқидий таҳлил қилиш бу соҳада муайян камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, қонун ҳужжатларини, жумладан, расмий тарқатмаларни тарқатишнинг ягона механизми ва тартиби мавжуд эмас эди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шарҳларсиз, концепциясиз ва бошқа ахборот материалларисиз нашр этилар, давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш бўйича чоралар белгиланмаган эди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида ижрочилар ва аҳолини ҳуқуқий хабардор қилиш сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишнинг ягона тартибини ўрнатиш, бу соҳада принципиал янги ёндашувларни белгилаш, янги қабул қилинаётган қонунлар ижросини ташкил қилиш механизмларини мустаҳкамлаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш назарда тутилмоқда.

Янги қабул қилинган қонунлар, бошқа қонун ҳужжатларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларга тўғридан-тўғри ижро этиш ва амалиётда қўллаш учун расмий тарқатма орқали юборишнинг ягона тартиби ва муддатлари белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, бундан буён тегишли қонунлар қабул қилингандан кейин унинг ижросини, ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришни ташкил этишга масъул бўлган давлат органлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари матнларида кўрсатилади. Ушбу механизм янги қабул қилинган қонунларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлашга хизмат қилади.

Назоратни амалга ошириш юклатилган масъул давлат органи ва ташкилоти ҳужжат имзолангандан кейин, уни ижро этиш, ижрочиларга етказиш ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди.

Яна бир янгилик, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида тайёрланган ахборот-таҳлилий материаллари билан танишиш имконияти яратилишидир. Бундан буён қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ҳуқуқий мазмуни ва аҳамиятини тарғиб қилиш ушбу ахборот-таҳлилий материаллари асосида амалга оширилади. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ етказишга, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини оширишга хизмат қилади.

Масалан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш асосини, унинг аҳамиятини, шунингдек, қабул қилинишидан кутилаётган натижа бўйича қисқача маълумотни ўзида акс эттирган тушунтириш хати, ўзгартириш ва қўшимчалар тушунтирилган ҳолдаги таққослаш жадвали Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида ҳам эълон қилинади.

Яна муҳим жиҳат шундан иборатки, Адлия вазирлиги давлат органлари ва ташкилотларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштирувчи, услубий раҳбарлик ва назорат қилувчи ваколатли орган сифатида белгиланмоқда.

Қарор билан, шунингдек, қонун ҳужжатларини тарқатиш тартиби ва муддатлари аниқ баён этилган қонун ҳужжатларини тарқатиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва аҳолига тушунтириш схемаси тасдиқланмоқда.

Адлия вазирлигига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни барча давлат органлари ва ташкилотларига тезкор етказиш вазифаси юклатилмоқда. Бундан буён барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган куни ахборот-таҳлилий материаллари билан бирга қоғоз ва электрон шаклда Адлия вазирлигига юборилади, Адлия вазирлиги эса бир кунлик муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни электрон шаклда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб бериладиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига етказилишини таъминлайди.

Шу билан биргаликда, Адлия вазирлиги янги қабул қилинган ҳужжатларни Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига бир кунлик муддатда жойлаштиради ва ҳар ҳафта Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатлари тўпламида эълон қилиб боради.

Қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига сифатли ва самарали тушунтириш мақсадида тарғибот тадбирлари ва тушунтириш ишлари масъул давлат органлари томонидан медиа-режалар ишлаб чиқиш, ҳуқуқий тарғибот бўйича гуруҳлар тузиш, туркум теле, радиокўрсатувлар ташкил қилиш, ОАВда мақолалар, ахборот материаллари эълон қилиш ва бошқалар орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, қарор билан Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгашнинг янги таркиби ҳамда унинг таркибида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар давлат бошқаруви органлари, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари киритиладиган ҳудудий комиссиялари ташкил этилмоқда.

Шу билан бирга, мазкур соҳада вакиллик органларининг ролини кучайтириш мақсадида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва халқ депутатлари Кенгашларида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва адлия бошқармаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш соҳасидаги ҳисоботларни эшитиш амалиёти йўлга қўйилади.

Қарор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишнинг амалий механизмларини, шу жумладан, ҳуқуқий ахборотни таълим, ахборот-кутубхона муассасаларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида мажбурий тарқатишни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш чораларини амалга ошириш тартибини, мазкур соҳада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги ва бошқа давлат органларининг ваколат ва жавобгарликларини назарда тутувчи «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни назарда тутади.

Шунингдек, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини такомиллаштириш, хусусан, энг кўп талаб қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг инглиз тилидаги маълумотлар банкини яратиш бўйича чоралар белгиланмоқда.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш ҳуқуқий ахборотни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштиришга, ижрочилар ва аҳолини қонунчиликнинг мазмун ва моҳияти тўғрисида ҳуқуқий хабардор қилишнинг сифатини янада оширишга хизмат қилади.

 

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 6-сон, 76-модда, 20-сон, 354-модда, 37-сон, 982-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.04.2018 й., 07/18/3666/1073-сон, 07.06.2018 й., 06/18/5456/1316-сон, 11.07.2018 й., 06/18/5475/1489-сон)

Присоединяйтесь к нашим социальным сетям!