Инсоният таррақиётнинг янги-янги чўққиларини забт этмоқда. Бироқ жаҳонда халқлар, миллатлар келажагига таҳдид туғдирувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб колмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир. Глобал муаммога айланган ушбу иллатга қарши курашишда давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.
Ўтган асрдан бизга «мерос» бўлиб қолган трансмиллий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури инсоният келажагига ҳавф солиб келмоқда. Хусусан халқаро терроризм, дин ниқоби остидаги экстремистик, фундаменталистик ва сепаратистик хуружлар, наркотик моддалар билан савдо қилиш (наркобизнес), одам савдоси ҳисобланади. Ҳозирги кунда ер юзидаги наркобизнесда айланаётган пул маблағи дунё аҳолисининг озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жой, таълим тизими ва тиббий хизматга сарфланаётган харажатларидан анча кўплиги билан фарқланиши ҳеч кимга сир эмас.
Энг ачинарлиси, гиёхвандлик оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофондининг бузилишига саббаб бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади. Шу боисдан, гиёҳвандликка қарши қурашни кучайтириш мақсадида БМТ томонидан «Наркотик моддалар тўғрисида»ги, «Психотроп моддалар» ҳамда «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши қураш туғрисида»ги конвенциялар қабул қилиниб, 1987 йил 7 декабрдаги 47/112-сонли резолюциясига кўра «26 июнь – Халқаро наркотик моддаларини суистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни» деб эълон қилинган.
Дунё бозорида тарқаладиган қора дорининг асосий қисми Афғонистонда етиштирилиб, уни ноқонуний йўл билан Марказий Осиё мамлакатлари орқали Ғарбга етказишга бўлган уриниш йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Шунинг учун юртимизда наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш масаласига давлат ва миллатнинг эртасини ҳал этувчи оммилардан бири сифатида қараб келинмоқда. Ушбу иллатга қарши курашиш мақсадида бир қатор қонунлар ва халқаро шартномалар қабул қилинди.
Жумладан, «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва улар прекурсорларининг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш марказини ташкил этиш тўғрисида Россия Федерацияси, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари ва Туркманистон ўртасидаги битимни (Остона, 2006 йил 24 июль) ратификация қилиш ҳақида»ги, «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилиниши келажаги соғлом юрт қуриш учун қўйилган энг дадил қадамдир.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг XIX бобида Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар ва улар учун жавобгарлик белгиланган.
Хусусан, мазкур Кодекснинг 270-моддада тақиқланган экинларни яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш учун жавобгарлик белгиланган. Амалиётдан келиб чиқадиган бўлсак мазкур модда билан асосан яширин тарзда уй шароитида гиёвандлик моддаларини экиб, етиштирган шахслар жавобгарликка тортилади.
271-моддасида эса гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Кодекснинг 273-моддада эса гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаганлик, олганлик, сақлаганлик ва уларни қонунга хилоф равишда ўтказганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Гиёвандликка оид жиноятларнинг асосий қисмини шу моддада назарда тутилган жиноят ташкил этади. Чунки кўпгина ҳолларда гиёвандлик моддаларини экиш, етиштириш ва олишдан асосий мақсад уни ўтказиш (сотиш) бўлади.
274-моддасида гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга жалб этганлик учун, 275-моддасида эса гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.
ЖКнинг 276-моддасида гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланган.
Бугунги кунда гиёҳвандлик – XXI асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Ўрта асрларда инсоният ҳаётига жиддий хавф солган вабо ва ўлат каби офатлар бугунги цивилизация замонига келиб ўз ўрнини гиёҳвандлик иллатига бўшатиб берди, десак асло муболаға бўлмайди. Соғлом турмуш тарзини олиб бораётган киши билиб-билмай бу кўчага кириб қолса, ўзининг тинч, фаровон ва бахтли ҳаётини қора зулматга айлантириши айни ҳақиқат. Гиёҳванд киши нафақат ўзига, балки яқинларига ҳам тўхтовсиз азоб беради. Ундан туғилажак фарзандлар эса ота-онасининг хатоси оқибатида бир умрга мажруҳлик қисматига мубтало бўладилар.
Баъзан гиёҳвандлик қурбонига айланиб қолган инсонларнинг қисматини кўриб, уларга нисбатан нафрат, қаҳр ва раҳм туйғуларининг уйғониши табиий. Уларнинг қуриётган дарахт мисол умри эвазига айрим қора ниятли ёвуз кимсаларнинг ҳамёни қаппаймоқда. Одам қиёфасидаги бундай махлуқларнинг қора оғуни вояга етмаган ёшлар орасида тарқатиб, уни истеъмол қилишга тарғиб қилаётганига жим қараб туриб бўлмайди, албатта.
Дунёқараши эндигина шаклланиб бораётган, бор куч-ғайратини фақат билим олишга, изланишга, ҳунар ўрганишга сарфлаши керак бўлган бир пайтда, ўсмирларни алдов йўли билан гиёҳвандлик қурбонига айлантираётган кимсалар озми? Қанчадан-қанча оилаларнинг ёстиғини қуритаётган гиёҳвандликка қарши ҳар бир инсон ўзи курашмоғи, ташқи таъсирлардан ҳимояланмоғи лозим. Вояга етаётган фарзандларимиз ўтмиши қадим, тупроғи олтин, осмони мусаффо Ўзбекистоннинг келажак ворисларидир. Уларни мана шундай соғлом муҳитда, эзгу тушунчаларни юракларига жойлаб вояга етказайликки, ҳеч қанақа ташқи салбий хуружлар ва қора иллатлар ўпқони уларни ўзига жалб қила олмасин.
Бўлим бошлиғи: М.Ахмедов
Присоединяйтесь к нашим социальным сетям!
19 498 пользователь
74 пользователь
6 136 пользователь