Юқорига

ОММАВИЙ ОФЕРТА

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

“Адолат” ҳуқуқий ахборот марказининг

www.adolatmarkazi.uz Интернет дўконидан

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ (БИТИМ)

 (Оммавий оферта)

Мазкур битим adolatmarkazi.uz сайтида келтирилган ҳамда ушбу битимда белгиланган барча шартларга рози эканлигингизни тасдиқлайди.

Агар битимнинг бирор-бир шарти сизга маъқул келмаса, тасдиқлашдан воз кечишингиз мумкин.

1. Умумий қоидалар

1.1. Асосий тушунчалар:

Adolatmarkazi.uz – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази ДУКга қарашли ҳуқуқий ва бошқа турдаги нашрларни онлайн савдо платформаси (кейинги ўринларда – интернет дўкон, сайт);

Фойдаланувчи (оддий фойдаланувчи) – ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтган, сайт хизматларидан фойдаланиш ҳамда буюртмани расмийлаштириш йўли билан аdolatmarkazi.uz каталогидан харид қилиш учун махсус пароль олган исталган жисмоний ва юридик шахс (ёки уларнинг вакили);

Рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчи – сайтнинг рўйхатдан ўтиш бўлимида шахсий маълумотларини киритмай, тўғридан-тўғри каталогдан маҳсулот сотиб олувчи шахс. Бунда фойдаланувчи шахсий маълумотларини саватга жойлаган маҳсулотларни сотиб олиш “қадам”лари давомида йўл-йўлакай киритишга тўғри келади. Рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари оддий фойдаланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан тенглаштирилган;

Рўйхатдан ўтиш – фойдаланувчи томонидан “рўйхатдан ўтиш” бўлимида шахсий маълумотларни махсус шаклга киритиш жараёни;

Шахсий маълумотлар – фойдаланувчига бевосита ёки билвосита тааллуқли бўлган ахборот: фамилия, исм, туғилган сана, тўлиқ манзил, телефон рақами, электрон почта манзили. Бу маълумот рўйхатдан ўтиш жараёнида фойдаланувчи томонидан ихтиёрий равишда тўлдирилади ва у аdolatmarkazi.uz сайти хизматларидан фойдаланиш имконини беради;

Логин – шахсий кабинетга кириш имконини берадиган фойдаланувчининг рўйхатдан ўтган рамзий қайдномаси;

Пароль – фойдаланувчининг сайтдаги шахсий, махсус идентификатори. У шахсий кабинетга кириш имконини беради;

Шахсий кабинет – аdolatmarkazi.uz сайтида фойдаланувчининг шахсий маълумотлар интерфейси;

Маҳсулот – “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази томонидан нашр этилган ва мазкур интернет дўконда сотилаётган китоблар;

Буюртма – фойдаланувчининг аdolatmarkazi.uz интернет дўконидан маҳсулот харид қилиш талабномаси. У фойдаланувчи томонидан маҳсулот ҳақидаги маълумотни “Сават”га жойлаштириш ва тўловни амалга ошириш орқали расмийлаштирилади;

Битим – сайт, шахсий хизматлардан фойдаланиш тартиби ва шартлари, китоб маҳсулотларини сотиб олиш тартиби, фойдаланувчининг шахсий маълумотларини қайта ишлаш тартиби ва бошқа шартларни ўз ичига олувчи мазкур битим.

1.2. Ушбу битим томонлари сифатида аdolatmarkazi.uz сайти маъмурияти ва фойдаланувчи иштирок этади. Фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахс вакили бўлиши мумкин.

1.3. Томонлар ўртасидаги муносабатлар мазкур битим, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонун ва қонуности ҳужжатлар орқали тартибга солинади.

1.4. Мазкур битим шартлари фойдаланувчининг рўйхатдан ўтган вақтига қадар амалда бўлган сайтнинг барча хизматларидан, шунингдек кейинчалик яратиладиган ва ўзгартириладиган хизматлардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

1.5. Аdolatmarkazi.uz каталогида тақдим қилинган маҳсулотлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ишлаб чиқарилган.

1.6. Мазкур битим фойдаланувчи унинг шартларига ўз розилигини бергандан кейин “Рўйхатдан ўтиш” тугмасини босганида кучга киради. Рўйхатдан ўтиш жараёнини бажаргунга қадар, фойдаланувчи мазкур битимнинг барча қоидалари билан эътибор билан танишиб чиқиши шарт.

2. Сайтда рўйхатдан ўтиш

2.1. Интернет дўкондан китоб маҳсулотларини харид қилишни хоҳловчи шахс ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтади, сайтга тўлиқ ва ҳақиқий маълумотларни тақдим этади.

2.2. Рўйхатдан ўтиш вақтида фойдаланувчи пароль ва логинни мустақил равишда белгилайди. Сайт маъмурияти ҳақоратли логинларни қўллашни тақиқлаш ва уларни ўчириб ташлаш ҳуқуқига эга.

2.3. Барча рўйхатдан ўтиш босқичларидан ўтгач, фойдаланувчи шахсий логин ва парол орқали сайт каталогидан китоб маҳсулотларини харид қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

2.4. Фойдаланувчи ўз қайдномасини (логин ва пароль) сақланиши учун шахсан ўзи тўлиқ жавобгар ҳисобланади.

2.5. Фойдаланувчи шахсий маълумотлари хавфсизлиги бузилиш ҳолатларини сезса, дарҳол сайт маъмуриятини бу ҳақда огоҳлантириши керак.

2.6. Фойдаланувчи ҳар бир сессиядан сўнг ишни хавфсиз якунланишини амалга оширишга (“Чиқиш” тугмаси орқали) жавобгар.

2.7. Фойдаланувчи исталган вақтда сайт маъмуриятидан ўз қайдномасини ўчириб ташлаш ёки блоклаб қўйишни талаб қилишга ҳақли. Бунинг учун у аdolatmarkazi.uz сайтининг электрон почтасига (info@adolatmarkazi.uz) шу мазундаги мактубни юбориши лозим.

3. Китоб маҳсулотларининг буюртмаси

3.1. Китоб маҳсулотларининг таърифи билан танишгач, фойдаланувчи маҳсулотни сайт каталогидан мустақил равишда танлайди ва у ҳақидаги маълумотни “Cават”га кейинчалик маҳсулот буюртмасини расмийлаштириш учун кўчиради. Маҳсулотни “Сават”га тушириш буюртма ҳисобланмайди. Фойдаланувчи буюртмани бошлагунга қадар, “Сават”даги маҳсулотларни ўчириши ва қўшиши мумкин.

3.2. Фойдаланувчи сайт маҳсулотларини рўйхатдан ўтиб ёки ўтмасдан харид қилиши мумкин.

3.3. Рўйхатдан ўтган фойдаланувчи маҳсулотларни саватга жойлаш, ўзи истаган тўлов тизими орқали тўловни амалга ошириш йўли билан маҳсулот буюртмасини амалга оширади.

3.4. Рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчи харид қилиш “қадам”ларида рўйхатдан ўтган фойдаланувчидан фарқли равишда тўлиқ маълумот (исм-шариф, етказиб бериш манзили (индекс билан), электрон почтаси, телефон рақами) киритиши лозим.

3.5. Рўйхатдан ўтган фойдаланувчи харид қилган маҳсулотларни бошқа манзилга жўнатиши учун етказиб бериш бўлимидаги “янги манзилдан фойдаланиш”ни танлаб, маълумотларни киритиши лозим.

3.6. Фойдаланувчи сайтда келтирилган маҳсулот таърифи мукаммал бўлмаса ёки қандайдир ноаниқликлар юзага келса бу ҳақда аdolatmarkazi.uz мижозларни қўллаб-қувватлаш хизматига (71 233-28-18) мактуб юбориши мумкин. (info@adolatmarkazi.uz).

3.7. Сайт маъмурияти исталган вақт маҳсулот нархи, таърифи, мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотларни фойдаланувчини огоҳлантиришсиз ўзгартириши мумкин. Фойдаланувчи томонидан буюртирилган (маблағ ўтказилган) маҳсулотга нисбатан юқоридаги қоида қўлланилмайди.

3.8. Фойдаланувчи исталган вақт ўзи харид қилган маҳсулотлар ҳақидаги маълумотлар билан шахсий кабинетдаги “Менинг буюртмаларим” бўлимида мустақил танишиши мумкин.

4. Тўлов тизими

4.1. Фойдаланувчи томонидан харид қилинаётган маҳсулотга ҳақ тўлаш “Payme” ёки “Click” тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Бунда фойдаланувчи буюртмани расмийлаштиришда тегишли усулни танлаши кифоя.

4.2. Буюртма расмийлаштирилган вақтдан бошлаб тўлов 2 календарь кун давомида амалга оширилиши лозим. Фойдаланувчи кўрсатилган муддатда маҳсулот ҳақини тўламаса буюртма бекор қилинади.

5. Маҳсулот етказиб бериш

5.1. Аdolatmarkazi.uz маҳсулотларни Ўзбекистон почтасининг махсус хабарномалик бандерол хизмати орқали етказиб беради.

5.2. Фойдаланувчи маҳсулотларга буюртма бериш чоғида тўлиқ манзил (индекс билан)ни кўрсатиши шарт.

5.3. Почта хизмати ҳамда қадоқлаш харажатлари фойдаланувчи зиммасига юкланади ва буюртма қилиш чоғида китоблар рўйхати тагида автоматик тарзда кўриниб туради.

5.4. Почта хизмати орқали етказиб бериш нархи ҳар бир буюртма маҳсулот оғирлиги ва қадоқлаш хизматини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Почта нархлари сайтнинг махсус бўлимида эълон қилинади.

5.5. Буюртмани қабул қилиш чоғида фойдаланувчи маҳсулот тури, сифати, миқдори ва нархини текшириши шарт. Фойдаланувчининг маҳсулотни қабул қилиб олиши билан аdolatmarkazi.uz маҳсулотни бериш бўйича ўз мажбуриятларини керакли даражада бажарганлигини ва буюртманинг миқдор ва сифатига нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқлигини тасдиқлаган ҳисобланади.

5.6. Бандероллар ўз вақтида, бешикаст етказиб берилишига почта маъмурияти жавобгар ҳисобланади.

5.7. Почта орқали ўз вақтида етиб келмаган маҳсулот ҳақида фойдаланувчи тегишли сўровнома билан почта бўлимига ёки сайтнинг мижозларни қўллаб-қувватлаш хизматига (71 233-28-18) қўнғироқ қилиб, билиб олиши мумкин.

5.8. Буюртманинг кечиктирилиши, етказилмаслиги, унга зиён етказилиши билан боғлиқ барча эътирозлар буюртма юборилганидан кейин 
5 (беш) иш кун давомида сайт маъмуриятига тақдим қилиниши керак.

5.9. Фойдаланувчининг айби билан унга маҳсулот етказиб беришни имкони бўлмаганида (масалан, вақтида маҳсулот почта хизматчисидан қабул қилиб олинмаса), фойдаланувчининг қайта талаби билан яна кўрсатилган манзилга юборилиши мумкин. Бундай ҳолларда барча почта харажатлари фойдаланувчи зиммасига юкланади.

5.10. Интернет дўкондан харид қилинган сифатли китоб маҳсулотлари қайтариб олинмайди ва амалга оширилган тўловлар фойдаланувчига қатарилмайди.

6. Маҳсулотни қайтариш ёки алмаштириш 

6.1. Фойдаланувчи сифатсиз маҳсулотни уни қабул қилиб олгандан кейин 10 календарь кун давомида adolatmarkazi.uz га қайтариши ёки бошқа шу турдаги маҳсулотга алмаштириши мумкин.

6.2. Маҳсулот ранги, шакли, безаги ёки унинг дизайнидаги жузъий элементлар сайтда кўрсатилганидан фарқ қилиши мумкин. Бу битим шартларини бузилиши ҳисобланмайди.

6.3. Аdolatmarkazi.uz китоб маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги “яширин нуқсон” бўлгандагина алмаштиради ва қабул қилади. “Яширин нуқсон” ибораси остида қуйидаги камчиликларнинг мавжудлиги тушунилади:

– тескари, тушиб қолган ва чалкашиб кетган варақлар;

– матн ва тасвирларнинг акси тушиб қолиши;

– элементларнинг тўлиқ ва кетма-кет эмаслиги;

– чоп этилмай қолган саҳифалар, кўзда тутилганларидан ташқари “оқ” бетлар;

– босилмай қолган (тасвир элементларининг йўқолиши), “оқариб қолган босма”, устма-уст тушган босма;

– бетларнинг ёпишиб қолиши ва матнга ёки тасвирларга бетларни очишда путур етказилиши;

– блокни муқовага нотўғри (тескари) қўйилиши;

– пресслаш жараёнидаги нуқсонлар (ламинация), пленкани кўчиши ва йиртилиши;

Яширин ишлаб чиқариш нуқсони – бу керакли элементларнинг йўқлиги, шунингдек ортиқча керак бўлмаган компонентларнинг мавжудлиги. Бу омиллар китоб маҳсулотларидан фойдаланиш вақтида зиён етказиши, ноқулайлик ва қийинчилик туғдириши мумкин.

6.4. Фойдаланганлик аломатлари бўлган маҳсулот билан боғлиқ эътирозлар қабул қилинмайди. Маҳсулотнинг устки ва ички қисмига путур етказилганлиги (чизиқлар, қийшайган бурчаклар, йиртиқ ва кир бетлар), синган ва ажралиб кетган қисмлар, деформация ёки китоб блокини тушиб қолиши, фойдаланувчига маҳсулот етказиб берилган пайтда аниқланган ҳолатлар бундан мустасно.

6.5. Маҳсулотни қайтариш ёки алмаштиришни амалга ошириш учун фойдаланувчи тегишли талабномани info@аdolatmarkazi.uz электрон манзилига юбориши лозим. Бунда сифат бўйича аниқланган нуқсонларни тасдиқловчи суратлар илова қилиниши керак. Зарур ҳолларда аdolatmarkazi.uz фойдаланувчидан яроқсиз нусхани ва исботларнинг асл нусхаларини сўраш ваколатига эга. Аdolatmarkazi.uz томонидан аризани кўриб чиқилиши уни фойдаланувчидан олган вақтдан бошлаб 15 (ўн беш) иш куни давомида амалга оширилади.

6.6. Агар фойдаланувчининг алмаштириб бериш ҳақидаги эътирози ўринли бўлса, ўша турдаги сифатли маҳсулот кўпи билан 30 (ўттиз) кунда фойдаланувчига етказиб берилади. Агар бундай маҳсулот сотувда мавжуд бўлмаса, фойдаланувчига маҳсулот учун тўланган маблағ қайтарилади. Бундай ҳолатларда маҳсулотни қайтариш, алмаштириш ҳамда почта харажатлари аdolatmarkazi.uz зиммасида бўлади.

6.7. Фойдаланувчи маҳсулотни қайтариш ва алмаштириш билан боғлиқ саволлар бўйича мижозларни қўллаб-қувватлаш хизматига (71 233-28-18) ёки электрон почтага мурожаат қилиши мумкин.

7. Фойдаланувчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

7.1. Фойдаланувчи сайтдаги мавжуд маҳсулотларни исталган вақтда ўз саватига жойлаштириш, таҳрирлаш ва сотиб олиш;

7.2. Шахсий кабинетдаги маълумотларни (жумладан, пароль, етказиб бериш манзили ва бошқа.) исталган вақтда таҳрирлаш ва ўзгартириш;

7.3. Ишлаб чиқариш ёки етказиб бериш жараёнида шикаст етган китоб маҳсулотларини қайтариш ёки уни сифатлисига алмаштиришни талаб қилиш;

7.4. Ўзи учун тушунарсиз бўлган маълумотлар ҳақида сайт маъмуриятига кўрсатилган вақт чегарасида мурожаат қилиш;

7.5. Сайтдаги янгиликлар, акциялар ва бошқа шу турдаги маълумотлар билан махсус бепул СМС хизмати орқали танишиб бориш ёки уни воз кечиш ҳуқуқларига эга.

7.6. Фойдаланувчи шахсий кабинетида бошқа шахсларни таҳқирловчи, қўпол, зарарли, тажовузкор, ғийбатли, тухмат ва беҳаё мазмунга эга бўлган материаллар, ҳуқуқий нормаларни бузган маълумотларни жойлаштирмаслик, исталган шаклда тарқатмаслик ва сақламаслик;

7.7. Гиёҳванд моддалар, қурол-аслаҳалар тарқатилишига ва уларга бўлган қизиқиш ошишига туртки бўладиган, терроризмнинг исталган шаклини, ноқонуний ва нацизмга хос фаолиятни оммалашишига олиб келадиган материалларни тарқатмаслик;

7.8. Ноқонуний ҳисобланган контентни юклаш натижасида учинчи шахсларнинг ҳуқуқларини бузмаслик, зўравонлик, вахшийлик, кўролмаслик, ирқчилик, миллатчилик, жинсий, диний, ижтимоий аломатларга кўра камситишни тарғиб қилмаслик, муайян шахс, ташкилот ва ҳукумат органларига нисбатан ноаниқ маълумотларни тарқатмаслик;

7.9. Қонунга хилоф бўлган ҳаракатларни амалга оширишга даъватлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилаётган чекловлар ва тақиқлар бузилишига йўналтирилган маълумотларни тарқатмаслик;

7.10. Ўзбекистон Республикаси ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

8. Аdolatmarkazi.uzнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

8.1. Аdolatmarkazi.uz фойдаланувчи томонидан мазкур битимнинг бирор-бир шарти бузилган ҳолатларини аниқласа, унга киришни тақиқлаш;

8.2. Фойдаланувчи узоқ вақт давомида (камида 1 йил) сайтнинг шахсийлаштирилган хизматларидан фойдаланмаган бўлса, унинг розилигини олмаган ҳолда қайдномасини ўчириб ташлаш ҳуқуқига эга;

8.3. Аdolatmarkazi.uz фойдаланувчи бу сайтдан бошқа сайтларга ўтганида уларга ва учинчи шахсларга тақдим қилган шахсий маълумотлар учун;

8.4. Аdolatmarkazi.uz фойдаланувчи томонидан мазкур битим қоидаларини бузилиши ва сайтнинг шахсийлаштирилган хизматларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида юз берган маълумотларни йўқолиши ва уларга путур етказилиши учун жавобгар ҳисобланмайди.

8.5. Аdolatmarkazi.uz ўз зиммасига буюртма қилинган мавжуд маҳсулотларни етказиб беришни асоссиз равишда рад қилмаслик;

8.6. Китоб маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги “яширин нуқсон” аниқланганда алмаштириш;

8.7. Фойдаланувчининг маҳсулотларни танлаш, харид қилиш, қайтариш ва алмаштириш билан боғлиқ телефон ёки электрон почта орқали юборилган барча саволларига кўрсатилган муддатда жавоб бериш мажбуриятини олади.

9. Шахсий маълумотлар билан ишлаш

9.1. Аdolatmarkazi.uz мижоздан олинган шахсий маълумотни учинчи шахсларга бермасликка мажбур. Манзилни қидириб топиш ва етказиб беришни енгиллаштириш мақсадида тўлиқ манзил, мўлжал ва телефон рақамлари ҳақидаги маълумотларни почта хизматчиларига бериш бундан мустасно.

9.2. Сайтда вояга етмаган болалар томонидан амалга оширилган ноқонуний ҳаракатлар учун жавобгарлик уларнинг қонуний вакиллари зиммасига юклатилган.

9.3. Информацион ва хизмат хабарлари (рўйхатдан ўтганлиги, буюртма тайёрлиги, почтага топширилгани, буюртма етказиб берилганлиги ёки сайтнинг бошқа маълумотлари ҳақида) фойдаланувчи рўйхатдан ўтиш вақтида кўрсатган уяли телефон рақамига юборилади.

9.4. Аdolatmarkazi.uz фойдаланувчининг рўйхатдан ўтган уяли телефон рақамига ёки электрон манзилига сайт янгиликлари, акциялар ва бошқа қисқа матнларни юбориши мумкин. Фойдаланувчи хабарларни олишдан исталган вақтда воз кечиши мумкин. Бунинг учун сайт электрон манзилига тегишли талабномани юбориш лозим. Талабномада фойдаланувчининг исми, фамилияси, электрон почта манзили (телефон рақами) кўрсатилган бўлиши керак.

10. Низоларни ҳал қилиш тартиби

10.1. Мазкур битим бўйича юзага келиши мумкин бўлган низолар қонунчиликка мувофиқ ҳал қилинади.

10.2. Низони судга топширгунга қадар томонлар талабнома бериш тартибига риоя қилишлари лозим.

10.3. Суд томонидан битимнинг қайсидир бандини кучга эга эмас ёки мажбурий бажаришга тўғри келмайди деб ҳисобланиши, битимнинг бошқа қоидаларини кучга эга эмаслиги ва бажарилмаслиги кераклидан дарак бермайди.

11. Битим шартларини ўзгартириш тартиби

11.1. Аdolatmarkazi.uz ушбу битимга бир томонлама тартибда фойдаланувчини огоҳлантирмасдан ўзгартиришлар киритиши мумкин. Фойдаланувчи киритилаётган ўзгаришларни мустақил равишда кузатиб бориши лозим.