Yuqoriga

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ – ДОЛЗАРБ ВАЗИФА

Admin   29,08-2020 5517

Коррупция – ниҳоятда ижтимоий-сиёсий вайронкор куч, унинг оқибатида миллий иқтисодиётга путур етади, ижтимоий тенгсизлик чуқурлашади, халқнинг давлат бошқаруви ҳокимияти органларига ишончи юқолади, уюшган жиноятчилик кучаяди, жамиятда маънавият издан чиқа бошлайди. Коррупция оқибатида келиб чиқадиган нохуш ҳодисалар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Коррупция бузғунчилик табиатига эга экани учун ҳам инсоний жамият қадим замонлардан бошлаб унга қарши курашиб келади.

– Тарихий маълумотларга кўра, Коррупцияга қарши кураш илк бор милоддан аввалги ХХIV асрда Месопотамиянинг Лагаш деган шаҳар-давлатида бошланган, лекин таассуфки, барча ҳаракатлар зое кетган. Кейинги замонларда ҳам коррупцияга қарши қанча-қанча курашлар юз берди, лекин улар бесамар якун топган.

Инсоният тарихида коррупцияни тугатиш йўллари ва ҳуқуқий асослари Ҳиндистонда яратилган. Бундан 2,5 минг йил аввал ёзилган “Артхашастра ёхуд Сиёсат илми” китоби давлатни бошқариш ва хўжалик юритиш мавзуига бағишланган бўлиб, ўша даврнинг сиёсий ва иқтисодий қомуси сифатида дунёга келди. Бу асарга давлатни тузиш, бошқариш ва уни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари, деб қараш ҳам мумкин. Китоб муаллифи сифатида браҳман Каутиле номи (у Чанакя исми билан ҳам машҳур) зикр этилади. “Артхашастра”нинг 26-бўлими Коррупцияга бағишланган. Бўлимда Коррупция “ўзлаштириш” ибораси орқали изоҳланади: “Шоҳнинг шахсий ёки бошқа мулкларига қўл чўзиш ўзлаштиришдир. Бу ҳолатда нархи юқори бўлган буюмларни ўзлаштирганлик учун ўлим жазосини қўллаш, нархи ўртача бўлган буюмларни ўзлаштирганлик учун уларни ундириб олиш, нархи паст бўлган мулкларни ўзлаштирганлик учун уларни қайтариб олиш жазоларини тайинламоқ лозим”. “Артхашастра”да порахўрликнинг қирқта тури тасниф этилади. Коррупциянинг олдини олишга жавобгар мансабдор шахс вақти-вақти билан халқ тўпланадиган жойлар ва бозорларда қуйидагича мурожаат қилиб туриши лозимлиги айтилади: “Бирон бир бошлиқдан зарар кўрганлар бўлса, шу ҳақда бизга хабар берсинлар”.

Ислом динида ҳам пора ҳаром қилинган, бу борада ҳадислар ҳам жуда кўп. Улардан бири Пайғамбаримизнинг мана бу қарғишларидир: “Пора берувчига ҳам, пора олувчига ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин!”. Яна ул зот айтадилар: “Пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам, иккови орасида юриб порада воситалик қилувчини ҳам Аллоҳ лаънатласин!”.

Алишер Навоийнинг замондоши, подшоҳ Ҳусайн Бойқаронинг воизи Ҳусайн Воиз Кошифий ўзининг “Ахлоқи муҳсиний” асарида шаҳзодага насиҳат тариқасида қуйидаги пандни берган эди:

“Уммоллардан (иш юритувчи амалдорлар) пора олишдан эҳтиёт бўлсин. Билсинки, то бир киши бошқалардан пора олмаса, бошқага пора бермайди. Агар вазир пора олишга сабаб бўлса, пора олишга рухсат берган бўлади. Пора бериш ва пора олиш ҳаромдир. Ва пора олган пора бергандан ёмонроқ бўлади, чунки олувчи берувчи олдида забун бўлади”.

ХХ асрга келиб Швеция, Сингапур, Янги Зеландия, Швейцария каби мамлакатларда Коррупцияни қаттиқ жиловлашга муваффақ бўлиндики, мазкур давлатлар фуқаролари ва давлати орттирган тажриба барчани Коррупцияга қарши курашга руҳлантирмоқда.

Ҳозирги даврдаги “Коррупция” тушунчасини шарҳлайдиган бўлсак, у асосан, “шахсий фойда олиш учун ҳокимиятни суиистеъмол қилиш” маъносида ишлатилади. Коррупциянинг қуйидаги тўрт асосий сабабини келтириш одат тусига кирди:

  1. Шахсий сабаблар. Коррупция “ёмон” ҳодиса, у яхши таълим-тарбия кўрмаслик ва кам маош оладиган амалдорларнинг нокаслиги оқибатида пайдо бўлади.
  2. Институционал сабаблар. Бунда бошқарувнинг кучсизлиги асосий омил саналади. Масалан, кадрлар тайёрлаш, ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг самарасизлиги, мансабдорларни ёллашнинг осонлиги ва уларни осон ишдан ҳайдаш, уларда узоқ вақт мансабда туришга ишончсизлик пайдо бўлиши кабилар Коррупцияни рағбатлантирувчи омиллардир.
  3. Тизимий сабаблар. Ҳукумат баъзан жамиятнинг шундай талабларига дуч келадики, уларни бажаришнинг расмий тартиблари ҳали аниқ ишланмаган бўлади ёхуд улар кўп миқдорда маблағ талаб этади ва аксар ҳолда узоқ муддатларга чўзилади. Шундай ҳолатларда Коррупцияга тўғридан-тўғри ва қисқа юллар очилади.
  4. Кўп томонлама сабаблар. Баъзан давлат раҳбариятининг ўзига хос хулқи туфайли давлат бошқарувида ҳал қилувчилик ролини “шахсий” омиллар бажаради. Бундай шароитда давлат мансабларига ишончга сазовор одамлар тайинланган тақдирда ҳам институтсионал ва тизимга оид муаммолар сабаб Коррупция кўпаяди.

БМТ маълумотларига кўра, ҳозир дунёда ҳар йили 1 триллион АҚШ доллари ҳажмида пора берилади. Жаҳон иқтисодиёти ҳар йили Коррупция туфайли 2,6 триллион доллар маблағдан айрилади, бу жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизидир. БМТ Бош котибининг билдиришича, “Коррупция одамларни мактаб, касалхоналардан маҳрум қилади, инвесторларни ваҳимага солади, табиий ресурслар талон-тарож бўлишига сабаб бўлади, бошқа турли жиноятлар пайдо бўлишига шарт-шароит яратади.

Ривожланган мамлакатлар қонунчилигига Коррупциянинг олдини олиш мақсадида давлат мансабдорларининг Коррупциявий фаолиятга йўл қўймаслик мақсадида қатор тақиқлар, чеклов ва йўл-йўриқлар стандартлари киритилишидан ташқари яна махсус “Коррупциявий бардошлиликни текшириш” усули ҳам жорий этилган.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида баъзи мансабдорларнинг тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари мулкларига таъмагирлик кўзи билан қараши, банкдан кредит олиши юлига сунъий тўсиқлар қўйиши замирида Коррупциявий манфаатлар ётган эди. Ёшларнинг олий таълим муассасаси, танлов юқори бўлган коллеж ва лицейга ўқишга киришида, талаба бўлгандан сўнг эса жорий, оралиқ ва якуний назорат бўйича зарур балларни тўплашида айрим “устоз”ларнинг таъмагирлиги негизида ҳам шу иллат яшаб келди. Шунингдек, нуфузи ва маоши юқори бўлган корхона-идораларга ишга киришда, юқори мансаб даражасига кўтарилишда, турли тендерларни ютишда, хом ашё ва бошқа ресурсларни тақсимлашда Коррупциянинг халқ тилида “шапка” деб аталувчи кўриниши урчий бошлади. Баъзан аҳолига уй солиш ёки фойдаланиш учун ер майдони ажратиш, давлат мулкини хусусийлаштириш, фаолият юритиш бўйича литсензия олиш каби талаб-эҳтиёжи юқори бўлган соҳалар ҳам ўзини Коррупция манбаи ўлароқ намоён этгани ҳеч кимга сир эмас.

Тўғри, мустақиллик даврида Коррупцияни жиловлаш ва тугатиш борасида бирмунча ислоҳотлар амалга оширилди. 2008 йилда Ўзбекистон БМТнинг Коррупцияга қарши конвенсиясига қўшилди. 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш тармоғи – Истанбул ҳаракат дастурига қўшилди. Халқаро ва миллий ҳуқуқ меъёрларига асосланган Коррупцияга қарши курашишнинг Миллий режаси ишлаб чиқилди. Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларида Коррупцияни содир қилган ва унда қатнашган шахсларга нисбатан тегишли жазолар белгиланди. Шунингдек, Бюджет ва Божхона кодекслари (янги таҳрирда), “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”, “Ички ишлар органлари тўғрисида” каби қонунлар қабул қилинди.

Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва демократлаштириш мақсадида 2014 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун эса ахборотдан эркин фойдаланиш ва бу борада халқаро стандартлар меъёрларини имплементация қилишда муҳим қадам бўлди.

Таассуфки, Коррупцияга қарши курашишда бу ижтимоий иллатнинг томирларигача етиб борилмади, оқибатда кўрилган барча чора-тадбирлар бесамар кетди.

Мамлакатимизда Коррупцияга қарши аёвсиз кураш 2016 йилнинг октабр ойидан бошланди. Шу йилнинг 14 октябрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг конституциявий қонунчилик ташаббуси асосида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис томонидан қабул қилинди, қонун 2017 йил 4 январдан бошлаб кучга кирди. Мазкур қонунда Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солиш, давлат бошқаруви органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг Коррупцияга қарши кураши юзасидан кўраётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш орқали жамиятда Коррупцияга тоқат қилмаслик муҳитини яратиш кўзда тутилди.

Шунингдек, бу даврда Коррупцияга қарши курашувчи турли субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириб, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида республика идоралараро комиссияси тузилди, унинг таркибига давлат органлари вакилларидан ташқари тадбиркорлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари киритилди. Умуман, давлат Коррупцияга қарши курашни изчиллик ва қатъият билан ташкил эта олишининг ҳуқуқий асослари яратилди.

Миллий қонунчилик ҳужжатларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш учун улар муттасил равишда такомиллаштириб борилди. Чунончи, Коррупцияга доир жиноятлар субъектлари доирасини кенгроқ ифодалаб берадиган қонунчилик асослари шакллантирилди. Бундан ташқари, пора ваъда қилганлик ёки таклиф этганлик, ғайриқонуний тарзда бойлик орттирганлик, таъсир доирасини суиистеъмол қилганлик учун жиноий жавобгарликни, шунингдек, судялар ва депутатларнинг хизмат рутбасидаги иммунитетини белгиловчи ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилди.

“Электрон ҳукумат”нинг Коррупцияни камайтиришдаги роли эътиборга олиниб, уни бошқарув тизимига кенг жорий қилиш бошланди. Айниқса, давлат хизматларидан юздан ортиғини амалга ошириш электронлаштириш ва ягона электрон давлат порталини яратиш воситасида бажарилди. Кейинги вақтда меъёрий ҳужжатларни Коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиб бориш анъанаси шаклланди. Шунингдек, бизнес соҳасида таъмагирликка сабаб бўладиган тартибсизликларга чек қўйиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Жумладан, аксиядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш ва улар самарадорлигини ошириш юл-юриқлари белгиланди. Савдо-саноат палатаси “Бизнес юритиш одоби кодекси”ни қабул қилди. Айни чоғда, кичик ва ўрта бизнесга (хусусий корхоналарга) ички назорат тизимини барпо этишда кўмаклашиш чора-тадбирлари ишлаб чиқиш ва қабул қилиш режалари ҳозирланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди.

Қонунчилик асосида “2017-2018 йилларда Коррупцияга қарши кураш бўйича Давлат дастури” тасдиқланди, унда қўйилган аксарият вазифалар амалга оширилди. 2018 йил 9 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонуннинг 12-моддаси “Коррупцияга йўл қўймаслик принципи” деб номланиб, унда “Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказишга доир талаблар давлат харидлари соҳасида Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслиги керак. Бунда Коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар устувор бўлади”, деган қоида белгиланди. Шунингдек, мазкур қонун кучи билан бу соҳада давлат хизмати кўрсатишнинг шаффоф тизими шакллантирилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Коррупцияга қарши кураш соҳасидаги амалга оширган ислоҳотлари – барча давлат бошқаруви органларининг очиқлигини таъминлаш, бу органларнинг асосий юналиш сифатида халқ хизматини қилиш сифатида белгилаб қўйилиши, суд ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг халқ олдида масъуллиги ва ҳисоб бериб бориш принципларининг ўрнатилиши, тадбиркорликнинг ривожланиши бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган Коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт”.

 

Х. Бабаджанов,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази бош маслаҳатчиси