Yuqoriga

Биз – коррупцияга қаршимиз!

Admin   25,07-2019 660

Бугунги кунда коррупция муаммосига жаҳоннинг деярли ҳар бир мамлакатида дуч келиш мумкин. Коррупция сўнгги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида халқаро ташкилотлар томонидан кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир. Ҳатто, айрим сиёсатчилар томонидан коррупцияга глобал инқирозни келтириб чиқарувчи омил сифатида ҳам таъриф берилади. Ушбу масала мураккаб ва ечими қийин бўлиб, унга жамиятдаги бир касаллик деб қаралади. Коррупция келтирадиган зарар барча давлатлар учун тенг. Коррупция давлатнинг турли тузилмаларига, жумладан, солиқ тизимига, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Мамлакатимизда мазкур муаммога қарши кураш масаласига мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ жиддий эътибор қаратиб келинаётир. Ўтган давр мобайни¬да коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база ва тизимли амалиёт шаклланди. Истиқлол йилларида ҳуқуқ тартибот соҳасида бирқанча ислоҳотлар амалга оширилди, коррупция ва бошқа жиноий ишларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Юртимизда мазкур муаммонинг долзарблиги ҳис этилиб, коррупцияга қарши кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бир қанча қарорлари қабул қилинган. Шунингдек, бу билан бевосита ва билвосита шуғулланувчи ташкилотлар фаолият юритмоқда. Миллий қонунчилигимизда коррупциянинг турли йўналишларига қарши курашга йўналтирилган нормалар мустаҳкамланган. Жумладан, пора олиш ёки бериш, унга воситачилик қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиисеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги каби жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Адлия вазирлиги тизимида ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор билан қаралмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2019 йил 20 февралдаги 63-ум-сон буйруғи билан тасдиқланган Йўл харитасининг 22-бандида адлия органлари ва муассасаларида “Коррупцияга қарши кураш ойлиги” тадбирларини ташкил этиш белгиланган. Унга кўра, “Адолат” ҳуқуқий ахборот марказида 2019 йил июль ойида “Коррупцияга қарши кураш ойлиги” тадбирларини ўтказиш юзасидан режа тасдиқланган. Марказимиз ходимлари томонидан “Биз – коррупцияга қаршимиз!” шиори остида бир қатор ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.