Yuqoriga

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШНИНГ ЯНГИ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Admin   30,06-2020 5337

Маълумки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини рўёбга чиқариш, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражасини ошириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни ривожлантириш мақсадида давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини сифат жиҳатидан янги даражага ўтказиш жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда уларни сон ва сифат жиҳатидан ошириб бориш борасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ўрнини алоҳида таъкидлаш керак. Хусусан, 2017 йил 1 февралдан Ягона марказларнинг туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кейинги қадам бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини берди. Натижада Ягона марказлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 33 тагача ошди[1].

Кейинчалик мамлакатимизда давлат хизматларини кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсда бошланган ишлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармонига мувофиқ Республикада “ягона дарча” тамойили бўйича фақат Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган 58 та давлат хизматларининг рўйхати тасдиқланди. Таъкидлаш керакки, мазкур давлат хизматлари фуқаролар ва юридик шахслар томонидан энг кўп талаб этиладиган хизматлар саналади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги ПҚ-3662-сонли қарорига асосан, тажриба тариқасида, 2018 йилнинг 1 июнидан Нукус, Андижон, Когон, Зарафшон, Наманган, Термиз, Қўқон шаҳарлари, Дўстлик, Пастдарғом, Сирдарё, Шаҳрисабз, Чирчиқ, Хонқа ва Юнусобод туманлари давлат хизматлари марказлари орқали 70 — 100 турдаги талаб юқори бўлган давлат хизматларини кўрсатиш амалиётини жорий қилиш белгиланди ҳамда босқичма-босқич амалиётга татбиқ қилиб борилмоқда.

Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар узлуксиз тарзда давом этмоқда. Шу ўринда, қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2018 йил 1 июндаги 5, 08/23-сон қарорига асосан Давлат хизматлари ягона реестри тасдиқланган бўлиб, ушбу реестр ўзида 693 та давлат хизматлари турини акс эттирган. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, келгусида давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларининг турлари кун сайин ошиб бораверади.

Ўзбекистон Республикасида Бизнес юритишда ортиқча бюрократик жараёнларни тубдан қисқартириш ва давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги ПҚ-4193-сон қарори қабул қилинди ва маузкур соҳада яна бир қатор янги ислоҳотлар ўтказилиши белгиланди.

Хусусан, қарорга кўра, 2019 йил 1 июндан бошлаб қуйидагилар янги тартиб сифатида амалга киритилди:

  1. Жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматлари марказларида фуқаролар доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъи назар давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича олишга ҳақли бўлади.
  2. Давлат хизматларини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали мурожаат этганда, давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар Марказлар орқали ёки бевосита хизмат кўрсатувчи органларга мурожаат этганда тўланадиган суммадан 90 фоиз миқдорида тўланади.
  3. Давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва ташкилотлар давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда белгиланадиган рўйхат бўйича маълумотларни ўзларининг маълумотлар базаларига ва ахборот тизимларига электрон кўринишда электрон маълумотлар базаларини шакллантириш учун киритиб борадилар.

Юқорида таъкидланган ўрнатилган янги тартиблар фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда, уларнинг электрон давлат хизматларидан кенг фойдаланишини рағбатлантиришда ва идоралараро интеграцияни кучайтиришда муҳим рол ўйнамоқда.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 августдан бошлаб давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномалар, тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисида маълумотномалар талаб қилиниши тақиқланди. Бунинг ўрнига давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар юқорида назарда тутилган ҳужжатларни давлат солиқ хизмати органлари, АТБ “Халқ банки”, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан электрон ўзаро ҳамкорлик орқали фақат идоралараро интеграциялашув платформасига ахборот олиш учун уланиш йўли билан мустақил равишда сўраб оладилар. Шу мақсадда, Давлат солиқ қўмитаси, АТБ “Халқ банки”, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси 2019 йил 1 июлдан қадар давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида фойдаланиладиган ахборот тизимларини такомиллаштириб, ахборот ва ҳужжатларни фақат идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этиш тартибига ўтдилар.

Шундай қилиб, давлат хизматлари кўрсатиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий қилиниши ҳамда тартибларни ўрнатишда, аввало, халқ манфаатларининг тобора ҳисобга олиб борилиши фуқаролар ва давлат ўртасида вужудга келадиган ижтимоий муносабатларнинг ижобий тарзда ҳал бўлишига катта ҳисса қўшмоқда.

 

Дилмурод Маматмуротов

 

[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони 12.12.2017 йилдаги ПФ-5278-сон, Манба: ҚҲММБ, 13.12.2017 й., 06/17/5278/0404-сон.