Yuqoriga

ДАВЛАТ ТИЛИ ҲАҚИДАГИ ҚОНУН ВА УНИНГ АҲАМИЯТИ

Admin   12,10-2020 4856

Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир.

Истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.

Бугун Ўзбекистонимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда.

Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланилиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда.

Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир.

Мутахассисларнинг фикрича, дунё халқлари бугунги кунда 7000 дан зиёд тилда гаплашса, уларнинг фақатгина 200 га яқинида давлат тили ёки расмий тил мақоми мавжуд экан. Ўтмишда 9000 дан ортиқ тил мутлақ йўқолиб кетганлиги ҳам асослантирилади. Бирор бир тилнинг яшаб қолишини таъминлаш учун ундан камида 1 миллион киши фаол фойдаланиши керак.

         Конституциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир деб белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги 3561-XI-сонли Қонунининг 1-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили эканлиги, Ўзбекистон Республикаси ўзбек тилини бутун чоралар билан ривожлантириши ва унинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида амал қилишини таъминлаши белгилаб қўйилган.

Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди.  “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5850-сонли Фармони қабул қилиниши ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини янада оширди.

Хусусан, мазкур Фармонга асосан 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида ходимларининг умумий чекланган сони 9 та штат бирлигидан иборат Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди ҳамда департаментнинг асосий вазифалари белгиланди.

М. Ахмедов,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази бўлим бошлиғи