Yuqoriga

“ЁШЛАР ҲАЁТИДА ҲУҚУҚИЙ МАЪРИФАТНИНГ ЎРНИ”

Admin   14,09-2020 4196

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг эълон қилиниши билан мамлакатимиз халқаро ҳуқуқнинг субъекти сифатида дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан тан олинди. Давлатимиз БМТ ҳамда бир қатор халқаро ташкилотларга аъзо бўлди. Эндиликда Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат сифатида ўзининг алоҳида, ҳеч қандай тазйиқларсиз миллий ҳуқуқ тизимини шакллантирмоқда.

Энг муҳими, ушбу ҳуқуқ тизими халқаро ҳуқуқнинг муҳим тамойилларига, ривожланган мамлакатларнинг илғор анъаналарига, турмушда ўзини оқлаган меъёрларга, халқимизнинг бой меросига асосланади ва уларни ўзида мужассамлаштиради. Шубҳасиз, миллий ҳуқуқ тизимимизнинг асосини Бош Қомусимиз — Конституциямиз эгаллайди.  Конституция инсонни энг катта бойлик сифатида алоҳида кўрсатгани ҳолда фуқаро, жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларни оқилона ҳуқуқий ҳал этишни сиёсий жиҳатдан расмийлаштиради. Конституциянинг                         13-моддаси мазмунига кўра, инсон ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасида олий қадрият ҳисобланади. Зеро, давлатни жамиятсиз, жамиятни инсонларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

“Мамлакатда адолат тамойиллари амал қилиши, барқарорлик ҳукм суриши учун уч субъектнинг, яъни давлат, жамият ва фуқароларнинг ўзаро муносабатларидаги қонунийлик асос бўлади. Бошқача айтганда, ана шу уч субъект — давлат, жамият ва инсон муносабатларида уйғунликка, уларнинг манфаатлари бир-бирига мос келишига эришилсагина, ота-боболаримиз орзу қилган адолатли жамият барпо бўлади. Бундай олий мақсадга эришишимизнинг асосий омили ҳар бир фуқаронинг мустақил ҳуқуқий тафаккурга эга бўлиши, демократик ўзгаришларни, ислоҳотларни қалбан ҳис қилиши ва унда бевосита иштирок этиши, пировардида ҳуқуқ уларнинг кундалик амалларига айланиб кетиши билан изоҳланади. Айнан ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг умумий тамойили ҳам қонунларга қатъиян риоя этиш: бунда аввало, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинларини ҳимоя қилишни таъминлаш бўлса, иккинчидан, фуқароларнинг ўзлари томонидан қонун ҳужжатларига қатъиян риоя қилишларидир. Қабул қилинаётган қонунлар, унда мустаҳкамланаётган ҳуқуқ ва эркинликлар, бурчларни ҳар бир фуқаро мустақил тарзда амалга ошира олсин ва ислоҳотларда фаол иштирок этсин. Ана шундагина, юксак ҳуқуқий маданиятга эришилади.

Ўзбекистон истиқлолнинг илк кунлариданоқ  келажаги буюк ҳуқуқий демократик, эркин фуқаролик жамияти, адолатли давлат қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Зеро, қабул қилинган қонунлар, Фармон ва қарорлар моҳиятига ҳам айнан ана шу тамойил сингдирилди. Ҳуқуқий демократик давлат сари ташланган ҳар бир қадам ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир оиланинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, ҳуқуқий тарбиянинг қандай олиб борилиши билан бевосита боғлиқ, албатта. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар, қонунчилик жараёнларининг жадал кечаётганлигини назарда тутиб, аҳолини юридик маълумотлардан етарли даражада хабардор қилиб бориш лозим. Айниқса, ўқув муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда ҳуқуқий билимлар куни белгиланиб, бу кунда давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ўтказиб бориш, аҳолини, хусусан ёш авлодни ҳуқуқий қўлланмалар билан таъминлаш учун ҳуқуқий кутубхоналар ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятнинг юксалиши ҳуқуқий демократик, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим омилидир. Давлат халқнинг эрки-иродасини қонун даражасига кўтариб, унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари доирасини белгилайди. Бундан эса, мазкур жамиятнинг аъзолари ҳуқуқнинг субъектлари сифатида баҳраманд бўлишади.

Дарҳақиқат, юксак ҳуқуқий маданият — демократик жамият пойдевори ҳамда ҳуқуқий тизим етуклигининг ифодасидир. У жамиятдаги турли хил ҳаётий жараёнларга фаол таъсир кўрсатувчи, фуқароларнинг, барча ижтимоий гуруҳларнинг жипслашувига кўмаклашувчи, жамиятнинг яхлитлиги ҳамда батартиблигини таъминловчи ва мустаҳкамловчи омилдир. Қонунни ҳурмат қилиш ҳуқуқий жамиятнинг, сиёсий ва ҳуқуқий тизимлар самарали фаолият кўрсатишининг асосий талабларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда давлат қурилиши, сиёсат, иқтисодиёт, маънавият соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар эркин фуқаролик жамиятини барпо этишдек эзгу мақсадни рўёбга чиқаришга қаратилгандир. Бу олий мақсадни амалга оширишда демократик тамойилларнинг кишилар онгига теран сингиб бориши муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида бошланган туб ўзгариш ва ислоҳотлар моҳияти, аввало инсон манфаатларига қаратилгандир. Ўз ўрнида ҳуқуқий демократик давлатнинг фуқаролари ҳуқуқий билимлардан хабардор бўлмоғи зарур. Айниқса, мамлакатда қонунийликни таъминлаш ҳуқуқий маданият билан бевосита боғлиқ. Истиқлол йилларида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратила бошланди.                                                                                                                                                                                                                                                              

Комиллик калити юксак ҳуқуқий маданиятга эришувимиздадир. Мамлакатимизда ёшларни илмли, юксак маънавиятли комил инсонлар қилиб тарбиялашга катта эътибор каратилаётганлиги бежизга эмас. Юртимизда юксак ҳуқуқий маданиятли кишилар қанчалик кўп бўлса, қонун устуворлигига эришиш шунчалик осон бўлади.

 

Адолат миллий ҳуқуқий ахборот
маркази етакчи маслахатчиси

А. Казаков