Yuqoriga

Ҳуқуқий ахборот тарқатиш тизими такомиллашмоқда: қарор ва ижро

Admin   12,10-2020 2032

Аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш, жамиятда хуқуқий маданиятни юксалтириш демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуришнинг мухим шартларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, ўтган давр мобайнида  қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини кенг халқ оммаси ва ижрочиларга содда ҳамда равон тилда етказиш, бу йўналишда ҳуқуқий маърифий тадбирлар кўламини кенгайтиришни тизимли равишда ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди.

Айни вақтда юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш жараёни янги босқичга кўтарилмоқда.

Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” барча йўналишдаги ислоҳотларимизда дастурамал бўлиб хизмат қилаяпти.

Ислоҳотларнинг асосий моҳияти эса аҳолининг турмуш тарзи ва ҳаёт сифатини тубдан яхшилаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, Ўзбекистонни юксак тараққий этган давлатлар қаторига олиб чиқишни кўзда тутади.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун қатор қонун ҳужжатлари ва Дастурлар қабул қилиниб, ижроси амалга оширилиб келинмоқда.

Бу борада айниқса мазкур қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказиш, уларни мазмун-моҳияти билан аҳолини таништириш муҳим вазифа ҳисобланади.

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда қонунларни қабул қилиш - бу ишнинг бир қисми бўлиб, асосий масала қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини таъминлаш, бу борада самарали механизм яратиш кераклигига алоҳида эътибор қаратган эди.

Орадан кўп ўтмай, 2017 йил 8 февралда Президентимизнинг “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилиниб, унда қонун ҳужжатларини аҳолига ва ижрочиларга ўз вақтида етказишнинг самарали механизмини яратиш юзасидан
чора-тадбирлар белгиланди.

Мазкур қарор билан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, уларга киритилган тузатишларни ижрочиларга ўз вақтида етказишни таъминлаш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, шунингдек тегишли қонун хужжатлари матнидан монеликсиз фойдаланиш имконини яратиш давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди ва соҳада яхлит тизим яратилди. Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига жумладан қуйидаги қўшимча вазифа ва функциялар юклатилди.

Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни барча давлат органлари ва ташкилотларга ўз вақтида етказиш, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, услубий раҳбарлик ва назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“Lex.uz”)га 2017 йил 25 сентябридан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилиши муносабати билан Адлия вазирлиги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш марказига қонун ҳужжатларининг ва улар бўйича шарҳларни Миллий базада расмий нашр этилишини таъминлаш масъулияти юклатилди.

Ҳамма давлатларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матбуотда эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шарти ҳисобланади. Худди шундай, мамлакатимизда ҳам мазкур принцип амалиётга татбиқ қилинган ва Конституциямизнинг 84-моддасида қонуний мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбалар санаб ўтилган бўлиб, улар қаторидан эндиликда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳам ўрин олгани эътиборлидир.

Қарор ижросини таъминлаш юзасидан Адлия вазирлиги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”) ҳуқуқий ахборот излаш тизимини, дастурий таъминотини янада такомиллаштириш, дизайнини яхшилаш борасида бир неча йўналишда иш олиб борилди. Аввало, у техник модернизация қилинди, қидирув механизми мақбуллаштирилди, “телеграм” ижтимоий тармоғи орқали аҳолини янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари тўғрисида автомат равишда хабардор қилиш механизми яратилди.

Ҳозирда интернет глобал тармоғи, виртуал олам бутун дунё одамларини, айниқса ёшларни ўзига оханрабодек жалб этмоқда. Айниқса улар “телеграм”, “фейсбук” каби ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланаяптилар. Шу нуқтаи-назардан ва фойдаланувчиларга қулай шароитлар яратиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “телеграм” ижтимоий тармоғи учун Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”)нинг дастури ишлаб чиқилди. Мазкур каналда қонунчилик актларининг тартиб рақами, номланиши бўйича қидирув функцияси яратилган бўлиб, у орқали фойдаланувчилар Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган норматив-хуқуқий хужжатларнинг матни билан танишишлари мумкин. Бундан ташқари “телеграм” каналида Конституция ва кодексларнинг реквизитларини қайд этмасдан туриб уларнинг матнлари билан танишиш имконияти яратилди, “янги актлар” функциясини танлаш билан фойдаланувчилар мамлакатимизда қабул қилинган энг сўнгги қонун хужжатлари тўғрисида маълумот олишлари мумкин. Таъкидлаш лозимки, ушбу “телеграм” канал жорий йилнинг 1 январдан ишлай бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”) сайтида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий матнларини нашр қилиш учун махсус бўлим яратилган. У ерда ҳужжатни ҳамда ахборот-таҳлил материалларини “PDF” форматда кўриб чиқиш имконияти мавжуд. Яна бир янгилик Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”) сайтининг дизайни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қидириш ва ўқишга бўлган замонавий ёндашувлар асосида яхшиланди. Кўзи ожиз фойдаланувчилар учун сайтда қўшимча функциялар ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Эндиликда сайтда Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини ўзбек тилида лотин графикаси асосида жойлаштириш кўзда тутилмоқда, сайтининг мобиль дастури “аndroid” операцион тизимида ишлайдиган телефонлар учун ҳам янгиланди, ҳамда “IOS” операцион тизимида ишлайдиган телефонлар учун мобиль илова ишлаб чиқилди.

Бу ерда гап Адлия вазирлиги томонидан фойдаланувчиларга қулайлик яратиш ва тезкорликни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”)нинг “IOS” ва “андроид” операция тизимига эга бўлган телефонлар учун мобиль иловаси тўғрисида кетмоқда. Хусусан, илованинг асосий саҳифасида “Конституция, кодекслар, қонунлар, календарь, янгиликлар ва қидирув”га кириш мумкин. Масалан “календарь” орқали норматив-ҳуқуқий хужжатлар чоп этилган ой ва кунларни кўриш, “публикация” бўлимида эса уларнинг матнлари билан “РДF” форматда танишса бўлади, “янгиликлар” бўлимида қабул қилинган энг сўнгги қонунлардан хабардор бўлиш мумкин, “қидирув” бўлими мобиль иловадан фойдаланувчиларнинг фикрлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, улар ҳеч қандай муаммосиз, тезкорликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишиш имкониятига эгалар. Бундан ташқари кўриб чиқилган актларни хотирада сақлаш ва уларни қайта кўриб чиқиш функциялари яратилди. Яна бир қатор бўлимлар танланган ёхуд кўрилган қонун ҳужжатлари рўйхатини ўз ичига олади, “қидирув” шакли ҳам оддий ва кенгайтирилган форматда берилган.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, ҳуқуқий ахборот тарқатиш тизимида бошқа манбалар билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Ўзбкистон Республикаси Адлия вазирлиги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”) ўзига хос ўрин тутади.

                                                                                                        
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази

Бош маслаҳатчиси М. Бегматова