Yuqoriga

ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИ — ВАТАН ФИДОЙИЛАРИ

Admin   21,08-2020 16116

 

Пойтахтимизнинг Юнусобод тумани. Шаҳидлар хиёбони...

Бу масканда ўзига хос сокинлик ва аллақандай ғамгинлик бор. Мен ҳар гал бу ерга келганимда киприкларимда қалқиган ёш Бўзсув сувида жилва қилаётган қуёш нурларига қўшилиб, дилимда алланечук ҳислар туғён ура бошлайди. Кўз ўнгимда беихтиёр китобларда ўқиганим ва эшитганларим жонланаверади. Биз – қалам аҳлига адабиёт йўлида катта устоз бўлган қанча бегуноҳ инсонлар ёди бор му масканда, ахир! Ахир, бу жой оддий хиёбон эмас, қўл ушлашиб юрган, ёшлик сурури билан банд ошиқлар қалблар балки билмас, балки сезмас, балки, ҳис қилмас, бу жойда уйғоқ хотиралар худди кинофильм тасмасига муҳланганидек бирма-бир қалб кўзгусида кўринаверади, кўринаверади. Қадамларингиз секинлашади беихтиёр, беихтиёр кўзингизга қайноқ ёш тўлади, дилингиз аллақандай ўзига хос сокинликка ғарқ бўлади. Жим-м-м-м... қоласиз... Шу пайтда юракни “Муножот”нинг мунгидек оғир бир оҳанг аллалайди...

 

Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, Ватанимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида қурбон бўлган халқимизнинг суюкли фарзандлари номини тиклаш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш мақсадида мамлакатимизнинг биринчи Президенти ташаббуси билан 2000 йил 12 майда пойтахтимизнинг Юнусобод туманида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи очилди. Бу кўп кутилган тарихий воқеа эди. Шундан буён ҳар йили 31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ва “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи пойтахтимизнинг энг гавжум зиёратгоҳларидан бирига айланади.

Мазкур ёдгорлик мажмуи, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи бу ерга ташриф буюрувчиларда, айниқса, ёшларда катта таассурот қолдиради. Миллий меъморий анъаналар асосида барпо этилган музейга киришингиз биланоқ Чор ва шўро мустамлакачилиги даврининг фожиали манзаралари кўз олдингизда гавдалана бошлайди. Учта зал ва ўн бўлимдан иборат музейнинг биринчи залида Ўрта Осиёнинг Чор Россияси томонидан босиб олиниши ва бунга қарши кўтарилган халқ қўзғолонларидан тортиб ўтган асрнинг 30-йиллари бошларида рўй берган сиёсий қатағонларгача бўлган воқеалар билан танишиш мумкин. Иккинчи залдаги экспозициялар1937-1938, 1940-1950 йиллардаги сиёсий қатағонлар ҳамда 80-йиллардаги “пахта иши” ҳақида ҳикоя қилади. Навбатдаги зал эса, бугунги дориламон кунларгача бўлган тарихий йўлларнинг босиб ўтилиши, Мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилган оламшумул ишларга бағишланади.

Дарҳақиқат, ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам. 

Жамиятни маънавий юксалтиришда, миллий ғояни мус­таҳкамлашда, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда музейларнинг алоҳида ўрни бор. Музейларни бежиз тарих, маънавият ва санъат хазинаси деб таърифлашмайди. Уларда турли-туман ноёб ва қимматбаҳо ашёлар жамланганки, халқнинг ўтмиши акс этган бу экспозициялар бизни аждодлар ҳаёти, кураши ва бой мероси билан таништиради. Музейларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда бажарадиган вазифаларидан бири таълим ва тарбия ўчоғи эканлигидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 1 майдаги “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, пойтахтимиздаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи бағрида бунёд этилган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ҳам истиқлол ғояларига асосланган ана шундай маънавият ва маърифат масканлардан биридир. Музей ўз фаолиятини 2002 йил 31 августда бошлаган.

Мазкур музейнинг айнан Тошкент шаҳридаги Бўзсув соҳилида барпо этилгани бежиз эмас. Зотан, айни шу қаровсиз жойда зулм ва зўравонликка асосланган шафқатсиз шўролар тузуми даврида Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон сингари халқимизнинг не-не асл фарзандлари отилган, бекафан, бежаноза кўмиб юборилган.

Мустақиллик туфайли аждодларимиз олдидаги инсоний бурчимизни адо этишга имкон туғилди. Шу боис бу манзил қатағон қурбонларини хотирлайдиган муқаддас қадамжога, озод Ватанда туғилиб, камолга етаётган ёшларнинг зиёратгоҳига айланди.

Ўзбекистон Президентининг 2007 йил 31 август куни музейга ташрифи пайтида берган кўрсатмалари, таклифлари ва 2008 йил 5 майдаги «Қатағон қурбонлари хотираси» музейининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарорига асосан музей биноси кенгайтирилди.

Музей замонавий усулда барпо этилган бўлиб, энг янги техника воситалари билан жиҳозланган. Томошабинлар мультимедиа-ахборот базаси ва телеэкранлардан фойдаланадилар. Уларга музей экспозицияларига оид ахборот базаси ва видеороликлар жойлаштирилган.

Истиқлол йўлида шаҳид кетган аждодлар ҳақидаги тарихий ҳақиқатни акс эттириш, улар хотирасини абадийлаштириш музей экспозицияларининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Музейнинг 1940—1950-йиллардаги қатағон сиёсатига бағишланган                            8-бўлимидан Ўзбе­кис­тонга ўз тарихий ватанлари ва доимий яшаш жойларидан депортация қилинган элу элатларнинг тарихига оид маълумотлар жой олган.

Маълумки, Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихида энг машъум фожиалардан бири бўлди. Собиқ Иттифоқ таркибига кирган халқлар қатори ўзбекистонликлар ҳам фашизмга қарши урушга жалб этилди. Ўзбек халқи урушнинг биринчи кунлариданоқ бор кучини фашизм устидан ғалабага сафарбар этди. Бир ярим миллиондан зиёд юртдошимиз жангларда қатнашиб, мардлик намуналарини кўрсатдилар. 450 мингдан кўпроқ ўзбекистонликлар фронт­да ҳалок бўлди, минглаб ўзбек ўғлонлари ногирон бўлиб қайтди. Аммо шундай оғир кунларда ҳам собиқ совет ҳокимиятининг қатағон сиёсати тўхтамади. Япония, Туркия, Польша каби мамлакатлар билан чегарадош ҳудудларда яшовчи корейс, қрим татарлари, месхети турклари, поляклар, Волга бўйи немислари ва бошқа халқлар мутлақо асоссиз, мажбурий тарз­да бошқа ўлкаларга депортация қилинди.

Ўзбекистонга 1937 йил октябрь-ноябрь ойида 74500 нафар корейс (16307 оила), уруш арафасида 35000 нафар поляк, 1943 йил 2 ноябрдан бошлаб Қорачой автоном вилоятидан 353 нафар қорачойлар, 1945 йилнинг бошида 538 нафар қалмиқ, 1944 йилнинг қиши ва баҳорида 175 нафар чечен ва 159 нафар ингуш, 1944 йил 5 мартда 419 нафар болқор, 1944 йил 11 майида 151609 нафар қрим татарлари кўчириб келинди. 1945 йил бошида эса Ўзбекистонга Грузиядан олиб келинганлар (месхети турклари, курд­лар ва хемшинлар) сони 53827 кишига етди.

Ўша вақтларда ўзбек халқи таҳқирланган, ватанидан жудо этилган кишиларга беқиёс меҳр-шафқат кўрсатди. Бу даврда халқимизнинг бағрикенглик, меҳмондўстлик, меҳрибонлик, раҳмдиллик каби эзгу фазилатлари ёрқин намоён бўлди.

Музейнинг “1940—1950-йиллардаги қатағон сиёсати”, “1980 йиллардаги қатағонлар: “пахта иши” кампанияси номли бўлимлари билан танишган ёшлар қатағон тўлқини нафақат илм-фан ва маданият намояндалари, зиёлилар, давлат арбобларини, балки кўплаб оддий инсонларни ҳам ўз домига торт­гани ҳақида ҳаққоний маълумот оладилар. Бу эса, улар онгида ўз халқига ва юртига бўлган муҳаббатни янада кучайтиради, бугунги тинч-тотув, озод турмушни асраб-авайлаш учун бор куч-ғайратларини сафарбар этишга ундайди.

Музейда мустақиллик йилларида амалга оширилган тарихий ишларга бағишланган алоҳида бўлим мавжуд. Унда ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда тарихий адолат ва миллий қадриятларнинг тикланиши далиллар асосида кўрсатилган. Жумладан, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, маънавиятимиз, тарихий обидаларимиз, динимизни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга безавол етказиш йўлида олиб борилаётган ишларни кенг ёритишга алоҳида эътибор қаратилган.

1991 йил 31 августда Ўзбекистон ўз давлат мустақиллигини қўлга киритиши билан мамлакатимизда тарихий ҳақиқат ва адолатни тиклаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда собиқ совет мафкураси ва унинг ғоявий қолипларидан халос бўлиш, бой тарихимизни ҳаққоний ҳамда холисона ёритиш имконияти туғилди.

Мазкур бўлимдаги соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди сингари юртимиз тарихида ўчмас из қолдирган саркарда ва алломалар ҳақидаги тарихий ҳақиқат акс этган экспозициялар, шубҳасиз, ёшларнинг миллий ва маънавий дунёқарашини юксалтиради.

Маълумки, аждодларимиз томонидан юксак маҳорат билан барпо этилган, асрлар бўйи маҳобати, гўзаллиги, нафислиги билан дунё аҳлини лол қолдириб келаётган тарихий обидаларимиз ҳам қатағон сиёсатининг мудҳиш асоратига тушган эди. Амир Темур мақбараси, ҳазрати Хизр масжиди, Оқсарой, Дорус-саодат, Қарши шаҳридаги Кўк гумбаз масжиди сингари меъморий обидалар қаровсиз қолдирилиб, харобага айлантирилган эди. Мисол учун, Қарши шаҳридаги Одина масжиди (XIV аср) тарихий манбаларда соҳибқирон Амир Темур номи билан боғлиқ ҳолда талқин этилади. Регистон мажмуаси таркибига кирган мазкур иншоотнинг кўриниши ўз даврида ғоятда салобатли ва мафтункор бўлган. Афсуски, масжид бизгача асл ҳолида етиб келмаган, ҳарбий тўқнашувларда, айниқса, мустамлакачилик даврида бу намозгоҳ катта талафот кўрган. 1938 йилда эса, бу табаррук масканнинг атрофи баланд девор билан ўралиб, қамоқхонага айлантирилган эди.

Мустақиллик йилларида имом Бухорий (1997 йили қайта тикланган), имом Мотуридий (1999 йили қайта тикланган), Абдулхолиқ Ғиждувоний (2003 йилда мақбараси қайта қурилган), Баҳоуддин Нақшбанд (1993 йилда ёдгорлик мажмуаси қуриб битказилган), Бурҳониддин Марғиноний (2000 йилда ёдгорлик мажмуаси барпо этилган) сингари буюк аждодларимизнинг мақбаралари обод қилинди, муқаддас зиёратгоҳлар сифатида халқимизга қайтарилди.

Албатта, музейга келадиган ҳар бир юртдошимиз қалби ва онгида ватанпарварлик, ўз халқига муҳаббат ва садоқат ҳиссини уйғотиш, айниқса, ёшларимизни бугунги дориломон кунлар қадрига етишга, қатағон қурбонлари хотирасига юксак ҳурмат ва эҳтиром ила муносабатда бўлишга ундаш экспозицияларнинг ғоявий мақсадини ташкил қилади.

Истиқлол йилларида миллий қадриятларни тиклаш, тарихимизни холис ва ҳаққоний ўрганиш, азиз сиймолар хотирасини эъзозлаш, маданиятимиз ва санъатимиз ривожига ҳисса қўшган ижодкорлар фаолияти, уларнинг бой маънавий меросини тадқиқ этиш, тарғиб ва ташвиқ қилиш, тарихий адолатни қарор топтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Биринчи Президентимиз ушбу музей нафақат қатағон қурбонлари ҳақида, балки мустамлакачилик сиёсатидан азият чеккан халқимиз кечмиши тўғрисида ҳикоя қилиши лозим, дея таъкидлаган эдилар. Сўнгги йилларда амалга оширилган илмий-маънавий тадбирларнинг натижаси сифатида “Катта қирғин”нинг келиб чиқиш сабаблари ва омиллари, “Жабирдийда ёзувчилар адабий мероси мустақиллик хизматида”, “Катта қирғин”нинг келиб чиқиши арафасидаги сиёсий ижтимоий ва иқтисодий шароит”, “1937-1938 йиллардаги “Катта қирғин” тарихининг муҳим саналари”, “Катта қирғин”нинг ҳуқуқий ҳужжатлар базаси” номли тўпламлар нашр қилинди. Ўзбекистонда илк бор эълон қилинган мазкур ҳужжатлар қимматли аҳамиятга эга. Чунки уларда қатағон қурбонларининг аянчли қисмати, уларга ва оилаларига нисбатан қилинган шафқатсиз зўравонлик ҳолатлари яққол намоён бўлади.

Дарвоқе, “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи билан бир қаторда Қибрай туманида Бўзсувнинг Салар қўрғонидан ўтган жойида Биродарлик қабристони барпо этилиб, “Шаҳидлар боғи” ташкил этилган. 1998 йили бу жой аҳолидан келган хатлар асосида ўрганилганида бир пайт­лар иккинчи қатлгоҳ бўлгани маълум бўлди. Бу ерда 1942-1947 йилларда анчагина юртдошларимиз қатл қилинган экан. Шу боис, вилоят ҳокимининг қарори билан 1 гектарлик ер ажратилиб, “Шаҳидлар боғи” барпо этилди. Кейинги йилларда бу боғда   Хотира ва қадрлаш куни, Наврўз айёми сайлларини ўтказиш анъанага айланди.

Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва бойитишни ўзининг асосий мақсади сифатида белгилаб олган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси 2010 йилда “Қатағон қурбонлари” музейи ва “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, шунингдек, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Мақсадлар муштараклиги ташкилотларнинг биргаликда, фаол ҳаракат қилишига сабаб бўлди, ўтган йиллар давомида партия фаоллари ташаббуси билан бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди.

Мустабид тузум йилларида қатағонга учраган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, илмий ижодий меросини чуқур ўрганиш ёшларимиз қалбида аждодларимиз руҳига эҳтиром, ижтимоий адолат тантанасига ишонч, истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини уйғотади, албатта.

Пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Бўзсув каналидан мен туғилиб-ўсган қишлоқ экинзорлари ҳам сув ичади. Бўзсув оддий сув ҳавзаси эмас, у бир қанча тарихий воқеаларнинг тирик гувоҳидир. Шуларни ўйлар эканман, дилимдаги сўзлар шеър бўлиб тилимга кўчади:

        

       Шаҳидлар хиёбонида

 

Лойқаланиб оққан бир пайтлар Бўзсув,

Бугун нимагадир сув ҳам хотиржам.

Бир маромда оққан обиҳаёт-ла

Офтоб ўз қувончин кўради баҳам.

 

Чуғурлашиб учар икки қалдирғоч,

Озодлик сурури қанотларида.

Дунёда тўкис бахт борга ўхшайди,

Бу озод қушларнинг ҳаётларида.

 

Улар тутқунликни сира ўйламас,

Эрта не бўлар, деб эсламас ҳатто.

Бу қушлар бирор бир хато иш қилмас,

Қилса, фақат одам қилади хато!

 

О, хато, сен бунча хунук сўз бўлдинг,

Бир кунда қулатдинг қанча чинорни.

Сўнг эса, танини ўтда қовурдинг,

Улар кўрмадилар қайтиб баҳорни.

 

Хилватда отилди қанча зиёли,

Титраса она Ер ичдан титради.

Ойдинда йўқотиб мард ўғлонларин

Йиғласа, она халқ чиндан йиғлади.

 

Тупроққа ҳам раво кўрмади ҳатто

Ўзбегимнинг асл ўғлонларини,

Отиб ҳам тўймади номард, нокаслар

Ўзбекнинг Қодирий, Чўлпонларини.

 

Отилгани камдек ёқилди улар,

Минг йиллик қабоҳат уйғонган куни.

Ўзбекнинг ичидан чиққан сотқинлар

Заҳарли илондек тўлғонган куни.

 

Бир айби – ёзишни биларди улар,

Қўлдаги қуроли фақатгина сўз!

Уларни ҳис қилмай яшаш бефойда,

Сўқир бўлиб қолсин йиғламаган кўз!

 

Улар мағрур турди сўнгги дамда ҳам,

Юрагига ютиб гўзал орзуни.

Энг тоза орзулар қатл қилингач,

Қандай тонг отдийкин эртаси куни...

 

Дилда уйғонади аждодлар ёди,

Юракни ўртайди норасо тарих.

Ўтмишда неки бор, ёзилиб бўлган,

Уни тузатолмас ҳеч бир муаррих.

 

Уларни безовта қилса қиларди

Ортда қолганларнинг аччиқ фарёди,

Озод қушлар каби озод авлодга

Энди сабоқ берар шаҳидлар ёди.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази бош мутахассиси.