Yuqoriga

Қонунчилигимизда таълим ислоҳотлари

Admin   15,10-2020 1993

Замонавий ҳаётни бугун илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди, инсоният фан ўқи атрофида айланаётгандек гўё. Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир. Бугунги кунда университетларнинг таълим бериш фаолияти янада такомиллаштирилиб, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган илм сари интилиш фазилати яна бир бор намоён бўлмоқда. Ёшларимиз соғлом ҳамда гўзал турмуш кечириш, эгаллаган касби бўйича доимий иш ўрнига эга бўлиш, масъулиятни ўз зиммасига олиш, инсоний қадр-қимматини камситишга йўл қўймаслик, қисқача айтганда, комилликка эришиш учун ҳаракат қиляпти ва бу жараёнда таълим олишни энг асосий шарт сифатида кўрмоқда.

Мамлакатимизда 2019 йилнинг октябрида Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш сингари вазифалар асос қилиб олинди. Концепция мазмуни мамлакатимиз олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини акс эттиради. Унда олий ўқув юртларида қамров даражасини кенгайтириш ҳамда таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш, халқаро эътирофга эришиш ҳамда бошқа кўплаб аниқ йўналишлар белгилаб берилган. Буларнинг барчаси таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги даъваткор нутқи ҳам ана шундан далолат беради. Бу эса бизни таълим жараёнининг шакл ҳамда мазмунини кенгайтириш моҳиятини англашга ундайди. Мазкур фаолият Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳаётидаги жадал янгиланиш ҳамда ўзгаришлар шароитида таълим ва фанни инновацияларга йўналтирилган ҳолда ривожлантириш мақсадларига тўла мос келади.

 Айни даврда Ўзбекистон олий таълим соҳасида сезиларли ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Билим даргоҳларининг қиёфаси ўзгариб, моддий-техника базаси яхшиланяпти, илмий ишланмаларни молиялаштириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш кучайтирилмоқда, жумладан, профессор-ўқитувчиларнинг даромадлари ҳам ортяпти. Инновация йўналишидаги алоҳида давлат тузилмалари ташкил этилиб, олий ўқув юртларида ҳам янги бўлинмалар очилмоқда. Буларнинг барчаси олий таълимга бўлган ёндашувни ўзгартириб, унинг сифати ҳамда даражасини кўтаришга хизмат қилиши аниқ.

Бугун тобора кучайиб бораётган талабларга жавоб бериш мақсадида ҳаракат қилиш зарурлигини чуқур ҳис этяпмиз. Олдинга, янгиланиш сари бир неча қадам қўйиш учун эса халқимиз асрлар давомида тўплаган бебаҳо тажриба, яъни кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамда илмий-таълимий соҳада эришилган ютуқлар, услубий, тузилмавий, моддий ва ниҳоят, инновацион ривожланиш тажрибасини ҳисобга олиш ҳамда ундан фойдаланиш лозим.

Тадқиқотлар университетини яратиш энг асосий мақсад эмас ёки урфга берилиш ҳам эмас. Бу таълимий ва илмий фаолиятни инновацион ривожлантириш учун кенг имкониятларни очиш, деганидир. Дунё тажрибаси кўрсатишича, тадқиқотлар университетини шакллантиришнинг муҳим омили унинг кўп функцияли бўлиши, таълим-фан-ишлаб чиқариш “занжири”да инновацион жараёнларнинг қўллаб-қувватланиши билан боғлиқ.

Жаҳондаги аксарият етакчи тадқиқотлар университетлари инсоний захиранинг юқори сифати, яъни: профессор-ўқитувчилар таркибининг малакасини доим ошириб бориш; иш берувчилар ҳамда илмий ишланмалардан фойдаланувчилар билан ҳамкорлик қилиб, билимлар ва илғор инновацияларни кенг ёйиш; муассасанинг ўз замонавий илмий-тадқиқот ҳамда тажриба ўтказиш инфратузилмасига эга бўлиши каби кўрсаткичлар билан ажралиб туради. Шунингдек, унда академик, молиявий, ташкилий ва кадрлар масаласидаги мустақиллик нуқтаи назаридан автоном бошқарув модели ҳам мавжуд бўлиши керак.

Юқорида санаб ўтилган тузилмаларни инновацион корхоналарнинг ўзига хос инжиниринг фабрикаси, дейиш мумкин.

Уларнинг вазифаси — тадбиркорларга лойиҳавий таклифлар тайёрлашни, инновацион бизнес-лойиҳа тузишни, саводли консалтинг юритишни, сармояларни даромадли бизнесга йўналтириш ёки “ғоядан — тайёр маҳсулотгача” жараёни учун локал экомуҳит яратишни ўргатишдир. Технопарклар, кластерлар ва инкубаторлар бўлса, олимларга ўз илмий ғояларини тижорий маҳсулот даражасига етказишда ёрдам беради.

Шуни билиш ҳамда тушуниш муҳимки, мамлакат раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган вазифа — Ўзбекистон иқтисодиётига инновацияларни жорий этишни жадаллаштириш — кўп жиҳатдан унинг янгиланаётган тузилмасини шакллантиришга боғлиқ. Тузилма таркибида энг аҳамиятли ўринни илмий-таълимий соҳа эгаллайди.

Бундай университетлар МДҲ бўйича қўшниларимиз — Қозоғистон ва Россия Федерациясида бор. Уларнинг тажрибаси катта қизиқиш уйғотади, масалан, ушбу олий даргоҳлар давлат ташаббуси билан ўтказиладиган, “миллий тадқиқотлар университети” тоифаси бериладиган олий таълим муассасаларини ривожлантириш дастурлари бўйича танловда қатнашади. Россияда бундай танлов университетнинг айни вақтдаги ҳолати ҳамда кейинги йиллардаги ривожланиш динамикасини таҳлил қилиш асосида амалга оширилади. Жумладан, бунда университетнинг кадрлар салоҳияти, таълим жараёни ва илмий тадқиқотлар инфратузилмаси, таълимий ҳамда илмий-инновацион фаолиятнинг самарадорлиги, халқаро ва миллий даражада тан олинган ютуқлари, тақдим этилган ривожланиш дастурининг асосланганлиги ҳамда кутилаётган натижадорлиги сингари кўрсаткичлар ҳисобга олинади.

Қозоғистон мисолида оладиган бўлсак, санаб ўтилган мезонлар бўйича айрим кўрсаткичлар қуйидагича:

– ушбу олий ўқув юрти асосий иш жойи бўлган ўқитувчилар орасидан илмий даража ва илмий унвонга эга бўлганлари — 70 фоиздан кам эмас;

– олий таълимдан кейинги таълим дастурлари бўйича таҳсилни давом эттираётган магистрант ва докторантлар улуши — умумий контингентнинг 15 фоизидан кўпроғи;

– “Times Higher Education World University Rankings” рейтингига мувофиқ равишда дунёнинг энг яхши 200 та университети сафига кирган хорижий олий ўқув юрти иштирокида ишлаб чиқилган олий таълимдан кейинги таълим дастурларининг улуши — 20 фоиздан кам эмас;

– илмий-педагогик ходимларнинг умумий таркибида четдан таклиф этилган хорижий ўқитувчи ва тадқиқотчилар улуши — 12 фоиздан кам эмас;

– хорижий ўқитувчи ва тадқиқотчилар билан ҳаммуаллифликда тайёрланган илмий мақолалар улуши — кейинги уч йилда халқаро рейтингли журналларда чоп этилган илмий мақолаларнинг умумий сонига нисбатан 10 фоиздан кам эмас.

Албатта, Россия ҳамда Қозоғистонда олий ўқув юртларининг фаолиятини баҳолашда қўлланиладиган ёндашувлар тўлароқ ва чуқурроқ ўрганишга лойиқдир. Шунингдек, Ўзбекистонда уни жорий этиш кўзда тутилаётган бўлса, демак, ҳар томонлама, жумладан, ҳуқуқий жиҳатдан ҳам, давлат томонидан қўллаб-қувватланиши керак.

Жаҳон таълим ҳамжамиятида шунга ўхшаган мисоллар кўп. Биз янгиланиш ва кашфиётлар остонасига жуда яқин келдик. Экспертларнинг башоратига кўра, 2021 — 2023 йилларга бориб, жаҳон иқтисодиётининг 25 фоизи рақамлаштирилган технологияларни жорий этишга ўтади. Бу жараён эса давлат, бизнес, таълим ва умуман, жамият самарали фаолият юритишига имкон яратади.

М.Бегматова,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази бош маслаҳатчиси