Yuqoriga

Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизими – янги босқичда

Admin   24,08-2020 4177

2017 йил 8 февралда Президентимизнинг “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилиниб, унда қонун ҳужжатларини аҳолига ва ижрочиларга ўз вақтида етказишнинг самарали механизмини яратиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Мазкур қарор билан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, уларга киритилган тузатишларни ижрочиларга ўз вақтида етказишни таъминлаш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, шунингдек, тегишли қонун ҳужжатлари матнидан монеликсиз фойдаланиш имконини яратиш давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди ва соҳада яхлит тизим яратилди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига, жумладан, қуйидаги қўшимча вазифа ва функциялар юклатилди.

Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни барча давлат органлари ва ташкилотларга ўз вақтида етказиш, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, услубий раҳбарлик ва назорат қилиш. Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”)га 2017 йил 25 сентябрдан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилиши муносабати билан Адлия вазирлиги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказига қонун ҳужжатлари ва улар бўйича шарҳларни Миллий базада расмий нашр этилишини таъминлаш масъулияти юклатилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбалар санаб ўтилган бўлиб, улар қаторидан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси ҳам ўрин олган.

Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”) сайтида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий матнларини нашр қилиш учун махсус бўлим яратилган. Унда ҳужжатни ҳамда ахборот-таҳлил материалларини “PDF” ва “WORD” форматларда кўриб чиқиш имконияти мавжуд. Яна бир янгилик – Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”) сайтининг дизайни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қидириш ва ўқишга бўлган замонавий ёндашувлар асосида яхшиланди. Кўзи ожиз фойдаланувчилар учун сайтда қўшимча функциялар ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Бундан ташқари, сайтга Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнлари ўзбек тилида лотин графикаси асосида жойлаштирилди, сайтнинг мобиль дастури “аndroid” операцион тизимида ишлайдиган телефонлар учун ҳам янгиланди, ҳамда “IOS” операцион тизимида ишлайдиган телефонлар учун мобиль илова ишлаб чиқилди.

Бу ерда гап Адлия вазирлиги томонидан фойдаланувчиларга қулайлик яратиш ва тезкорликни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”)нинг “IOS” ва “андроид” операция тизимига эга бўлган телефонлар учун мобиль иловаси тўғрисида кетмоқда. Хусусан, илованинг асосий саҳифасида “Конституция, кодекслар, қонунлар, календарь, янгиликлар ва қидирув”га кириш мумкин. Масалан, “календарь” орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар чоп этилган ой ва кунларни кўриш, “публикация” бўлимида эса, уларнинг матнлари билан “РДF” ва “WORD” форматларда танишса бўлади. “Янгиликлар” бўлимида қабул қилинган энг сўнгги қонунлардан хабардор бўлиш мумкин, “қидирув” бўлими мобиль иловадан фойдаланувчиларнинг фикрлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, улар ҳеч қандай муаммосиз, тезкорликда норматив-ҳуқуқий хужжатлар билан танишиш имкониятига эгалар. Бундан ташқари, кўриб чиқилган актларни хотирада сақлаш ва уларни қайта кўриб чиқиш функциялари яратилган. Яна бир қатор бўлимлар танланган ёхуд кўрилган қонун ҳужжатлари рўйхатини ўз ичига олади, “қидирув” шакли ҳам оддий ва кенгайтирилган форматда берилган.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, ҳуқуқий ахборот тарқатиш тизимида бошқа манбалар билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси (“LexUz”) ўзига хос ўрин тутади.

С. Эшонхўжаев,

“Адолат” миллий ҳуқуқий
ахборот маркази ходими