Yuqoriga

Масофавий иш усули ва унинг ҳуқуқий асослари

Admin   28,08-2020 4133

Мазкур мақолада масофавий иш усули ва унинг ҳуқуқий асослари таҳлил қилинади, масофавий иш усулининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилади.

Бугунги кунда ижтимоий муносабатларда “масофавий” сўзи билан боғлиқ жумлалар кенг қўлланилмоқда: “масофавий таълим”, “масофадан туриб давлат хизматлари кўрсатиш”, “масофавий ижтимоий алоқалар”, “масофавий иш усули” шулар жумласидандир. Коронавирус пандемияси (пандемия) даврига қадар меҳнат қонунчилигига “масофавий иш усули” деган тушунча бегона эди. Ваҳоланки, ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши натижасида шахслар ўртасидаги муносабатларда масофавий иш усулининг элементлари қўлланиб келинган, яъни муносабатлар вужудга келиб бўлган эди, пандемия даврида бунга эҳтиёж янада ортди ва уни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурияти пайдо бўлди.

Маълумки, пандемия бошлангандан сўнг меҳнат муносабатлари ҳам шу шароитга мослашиши талаб этиларди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони талаби асосида, Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Мазкур ҳужжат қабул қилиниши билан ОАВда у ҳақда, шунингдек, пандемия даврида меҳнат муносабатларининг тартибга солиниши хусусиятлари тўғрисида бир қанча фикрлар ва мақолалар эълон қилинди. Уларда Низомнинг мазмун-моҳиятига доир тушунтиришлар берилди.

Низомда нималар акс этди?

  • Мазкур Низомда карантин даврида ишлашнинг 3 та алоҳида-алоҳида турлари қайд этилди. Булар:

- Ходимни масофавий иш усулига ўтказиш тартиби;

- Ходимни мослашувчан иш графигига ўтказиш тартиби;

- Ходимларни уйда ишлашга ўтказиш тартиби.

Ходимни мослашувчан иш графигига ўтказиш қолган икки турдан фарқ қилади, шу сабабли алоҳида қоидалар билан тартибга солиш лозим. Аммо, бизнингча, “масофавий иш усули” ҳамда “уйда ишлаш” тушунчаларини алоҳида ажратиш шарт эмас, уйда ишлаш ўз хусусиятларига кўра масофавий иш усулининг таркибига кириб кетади, унинг учун алоҳида боб ажратишнинг хожати йўқ. Эътибор берилса, Низомнинг 2- ва 4-боблари қоидалари деярли бир хил, бир хил бўлмаган, яъни 2-бобда бор 4-бобда йўқ ёки аксинча 4-бобда бор 2-бобда йўқ бўлган қоидаларни бирлаштириб юбориш мумкин. Хуллас, уйда ишлаш ҳам масофавий иш усули сифатида қаралиши керак.

  • Низом ходимни масофавий иш усулига ўтказиш тартиби билан боғлиқ қуйидаги масалаларга эътибор қаратилган:

масофавий иш тушунчаси;

масофавий ишни расмийлаштириш тартиби, яъни буйруқ чиқариш;

меҳнат шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

иш вақти, ишлаш тартиби, ахборот алмашиш;

меҳнатга ҳақ тўлаш ва таътиллар ҳамда бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиш.

Низомнинг 9-бандида масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимланишини ҳисобга олган ҳолда, у томонидан бажарилган ишлар учун бир баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланиниши, бунда ходимга нисбатан иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш, шунингдек тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилмасли белгиланган. Бизнингча, бу шартларнинг қўлланилишини тарафлар ихтиёрида қолдириш керак эди. Агар меҳнат кодексига масофавий иш усули билан боғлиқ қоидалар киритилса, ходимга нисбатан иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш, шунингдек тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини қўллаш ёки қўлламаслик иш берувчи ва ходимнинг ўзаро келишувига боғлиқ эканлиги белгилаб қўйилиши лозим. Чунки масофавий иш усулида ҳам иш вақтидан ташқари вақтда ёки дам олиш ва байрам кунларида, тунги вақтда, заруратга қараб ходимга иш берувчи томонидан эҳтиёж пайдо бўлиши мумкин. Шу сабабли бунда ихтиёр тарафларда қолдирилиши керак.

Шунигдек, пандемия шароитида масофавий иш усулининг аҳамияти ортиши, ахборот технологияларининг амалиётга тобора чуқур кириб боришини инобатга олиб, шунингдек, амалиётда вужудга келадиган янги меҳнат муносабатларини тартибга солиш мақсадида Меҳнат кодексини “VII БОБ. ИШ ВАҚТИ” боби ёки “VIII БОБ. ДАМ ОЛИШ ВАҚТИ” бобида сўнг “VII1 БОБ. МАСОФАВИЙ ИШ УСУЛИ” (ёки “VIII1 БОБ. МАСОФАВИЙ ИШ УСУЛИ”) боби билан тўлдириш ёки янгидан ишлаб чиқилаётган Меҳнат кодексига шундай бобни киритишни таклиф қилган бўлар эдик.

Умуман олганда, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш жараёнида ҳар қандай нормаларни ишлаб чиқишда “масофавий иш усули” тушунчасини инобатга олиш ва зарур жойларда у билан боғлиқ қоидаларни акс эттириш бугун ва келажак замоннинг талаби бўлиб қолади. Шу сабабли Меҳнат кодексини барча нормаларни шу нуқтаи назардан таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.

 

Исломжон Мирзаев,

 “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази бош маслаҳатчиси