Yuqoriga

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ МАЪЛУМОТЛАРИ МИЛЛИЙ БАЗАСИДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ

Admin   27,10-2020 3128

Барчамизга маълумки, аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, улар учун ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишнинг қулай тизимини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, 2017 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур қарорга асосан:

- қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, уларга киритилган ўзгартириш
ва қўшимчаларни ижрочиларга ўз вақтида етказишни таъминлаш;

- уларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, шунингдек тегишли қонун ҳужжатлари матнидан монеликсиз фойдаланиш имконини яратиш;

- ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида қонун ҳужжатлари нормаларининг бир хилда қўлланилиши устидан доимий назоратни амалга ошириш вазирлик, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг муҳим вазифалари этиб белгиланди.

Мазкур қарор ҳамда Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги Қонуни қабул қилинди.

Қонунда, бир қатор янги тушунчалар берилган, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, уларга оид расмий шарҳларнинг, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартиби тўғрисидаги тушунтиришларнинг, Конституциявий суд қарорларининг, Олий суд Пленумининг қонун ҳужжатлари қўлланилиши масалалари бўйича қарорларининг матнлари, шунингдек, суд амалиётини умумлаштириш материаллари ҳуқуқий ахборот эканлиги белгилаб қўйилди.

Қонунда ҳуқуқий ахборотдан ўз вақтида, ҳамма эркин фойдаланиши мумкинлиги, ҳаққонийлик, ҳуқуқий ахборотнинг ошкоралиги ва очиқлиги, ҳуқуқий ахборотни қидириш
ва олишнинг эркинлиги принципларига асосан ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланиши мумкинлиги қатъий белгилаб қўйилган.

Бунга мисол қилиб, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, яъни Lex.uz интернет тармоғидан эркин фойдаланиш, излаш ва ўз вақтида қонун ҳужжатлари билан танишиш мумкинлигини айтиб ўтсак бўлади. Ҳозирги кунда Миллий базада ўзбек, қарақалпоқ, рус ва инглиз тилларида ҳамда лотин алифбосидаги 89 мингга яқин
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Ушбу ҳажжатлардан куннинг 24 соати мобайнида узлуксиз эркин ва бепул фойданиш мумкин.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси тизимининг мақсади аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини кўтариш, қонунчилик ҳужжатларидан юридик ва жисмоний шахсларнинг кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш, жамиятни ҳуқуқий ахборотлаштириш тизимини такомиллаштиришдан иборатдир.

Шунингдек, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасининг алоҳида ажралиб турадиган жиҳатларига эътиборимизни қаратадиган бўлсак, бунда қуйидагиларда ўз тасдиғини топади:

Мобиллик. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси тизимидан дунёнинг исталган жойидан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун фақат компьютер (ёки бошқа ускуналар) ва Интернет тизими керак бўлади.

Қулайлик. Бошқа мавжуд дастурларни доимо янгилаб бориш лозим, бу эса фойдаланувчилардан қўшимча вақт талаб қилади, ва ўз навбатида ҳужжатларнинг назорат ҳолатини таъминлаш муаммосини келтириб чиқади. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси тизимидан фойдаланувчи бу ҳақда бош қотиришига ҳожат йўқ.

Ишончлилик. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси тизимига маълумотлар фақат расмий манбалардан киритилиши ишончлиликни таъминлайди.

Бепуллик. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил
31 декабрдаги 340-сонли «Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан кенг фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, 2010 йил 1 январдан бошлаб барча фойдаланувчиларнинг Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан текин фойдаланиши белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳуқуқий ахборотни олиш ва ундан фойдаланиш борасида аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишга, уларнинг ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга, пировардида, халқнинг давлат органларидан рози бўлишига кўмаклашади, ўз навбатида, давлат органларининг ҳам аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш бўйича масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Д. Джавлиев,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот

маркази бош маслаҳатчиси