Yuqoriga

Мустақилликнинг ҳуқуқий асослари

Admin   21,08-2020 4861

Мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий салоҳияти жадал ўсиб, жаҳонда муносиб ўрин эгаллашида, халқаро муносабатларда катта нуфузга эга бўлишида мустақиллик арафасидаги оғир ва машаққатли синовлар, курашлар, тараққиёт сари интилишларнинг аҳамияти беқиёс.

Хусусан, ушбу даврда қабул қилинган Мустақиллик декларацияси ҳамда “Ўзбекистон  Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонуни чинакам маънода мустақиллигимизнинг ҳуқуқий асослари бўлиб хизмат қилди. 

Ўзбекистон халқининг истиқлолга бўлган интилиши, орзу-умидлари рўёби ифода этилган Мустақиллик декларацияси Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Советининг 1990 йил 20 июндаги иккинчи сессиясида қабул қилинган бўлиб, 12 банддан иборатдир. Декларациянинг 2-бандида мамлакатнинг давлат ҳудуди чегараси дахлсиз эканлиги ва бу ҳудуд халқнинг муҳокамасига қўйилмай туриб ўзгартирилиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Декларациянинг 4-бандида эса, СССР Олий Совети қабул қиладиган қарорлар Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ мамлакат парламенти томонидан тасдиқланганидан кейингина Ўзбекистон ҳудудида кучга эга бўлиши, 12-бандида ушбу Декларация мамлакатнинг янги Конституциясини ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланиши белгиланди. 

Мустақиллик декларацияси мамлакатда мустақиллик учун ҳаракатнинг турли исёнлар, урушлар ва қон тўкишлар билан эмас, балки қонун устуворлиги ва юксак тамаддун тамойилларига амал қилган ҳолда кечишини таъминлаб берди. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан муносабатлари ривожланишида муҳим роль ўйнади.

Ушбу ҳужжат тамойиллари асосида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонуни ҳамда конституциямиз қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 31 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонунининг 1-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз таркибидаги Қорақалпоғистон Республикаси билан бирга мустақил, демократик давлат эканлиги белгиланди.

Қонуннинг 6-моддасида эса, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлигини тузиш, миллий гвардия ва ноҳарбий (муқобил) хизмат ташкил этиш ҳуқуқига эга эканлиги, суверен Ўзбекистон Республикаси ҳудудида СССР Қуролли Кучларини шакллантириш ва уларга раҳбарлик қилиш масалаларида ҳарбий сиёсатни амалга ошириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши, 10-моддасида эса, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида олтин, бошқа қимматбаҳо металлар ва тошларни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлашни мустақил амалга ошириши ҳамда назорат қилиши, ўз олтин захирасини яратиши белгиланди.  

Қонуннинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикаси чет давлатлар билан дипломатик, консуллик, савдо алоқалари ва бошқа алоқалар ўрнатиши, улар билан мухтор вакиллар айирбошлаши, халқаро шартномалар тузиши, халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлиши мумкинлиги белгиланди.

Бир сўз билан айтганда мазкур Қонун мамлакатимизнинг мустақил ички ва ташқи сиёсат юритиш ҳуқуқини, ижтимоий-иқтисодий масаларда тўла мустақиллигини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлади.

Оғир ва машаққатли синовлар, курашлар натижасида эришилган мустақиллигимиз абадий, халқимиз фаровон бўлсин!

 

Музаффар Аҳмедов,

“Адолат” миллий ҳуқуқий
ахборот маркази бўлим бошлиғи