Yuqoriga

ЯҚИН ҚАРИНДОШЛАР ЎРТАСИДА НИКОҲ ВА УНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Admin   26,08-2020 2041

Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли тиббий ислоҳотлар натижасида аҳолининг ўртача умр кўриш кўрсаткичи узайди. Оналар ва болалар ўлими уч баравар камайди. Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган бундай юксак ютуқлар халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофазалашга оид миллий модели тараққий этган мамлакатларга намуна сифатида тавсия этилгани бунга ёрқин мисолдир.

Оилани гўзал боғу бўстон десак, фарзандларни унинг қирмизи меваларига қиёс этгулик. Сўлим боғни, етилиб пишган неъматларни кўрганда кўз қувонади. Баҳри дилингиз очилади. Соғлом оила жамиятнинг мустаҳкам пойдевори. Маънавият, саломатлик нуқтаи назаридан айтсак, оила инсоният наслини пок сақловчи, шаъни ва одамийлигини таъминловчи асосий воситадир. Оила риштасининг асосида меҳр-муҳаббат туради.

Бироқ, эрта турмуш қуриш ёки яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ оқибатида ҳаётдан барвақт кўз юмаётган ёш оналар ва болалар ўлими ҳамон учраб турибди. Бу эса, соғлом авлодни тарбиялаб вояга етказиш учун аввало, оилаларда тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш зарурлигини кўрсатмоқда. Барча оналар фарзандининг бекаму кўст улғайишини хоҳлайди. Агар оилада репродуктив саломатлик қоидаларига мунтазам амал қилинса, албатта, соғлом фарзандлар дунёга келади.

Зеро, Қуръони каримнинг “Рум” сурасиниг 21-оятида қуйидагича хабар берилади: Унинг оятларидан (яна бири) – У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир. Оила қуриш ўта нозиклик билан пухта ўйлаб бажариладиган вазифа! Зеро, Амир Темур бобомиз келин танлаш вазифасини давлат ишлари билан тенг қўйганлигини таъкидлаб ўтганлар. Келажакда бахтни қўлдан бой бермаслик, атрофдагиларга ва ўзига заҳмат етказмаслик учун оилаин тўғри ўзанга қўйиш муҳимдир. Оила мустаҳкам бўлар экан жамият мустаҳкам, оила тинч экан жамият тинч бўлади. Ҳозирги кунда баъзиларни яқин қариндошлар билан қуда-анда бўлишга интилиши кузатилмоқда. Бунинг сабаби қариндош-уруғчиликни янада мустаҳкамлаш ва мол-мулкни бегоналар қўлига ўтиб кетишидан муҳофазалаш деб кўрсатилмоқда. Лекин, тиббиёт олимлари яқин қариндошлар билан оила қуришнинг салбий оқибатлари кўплигини таъкидлашади. Унинг асосий сабаби турли ирсий касалликларнинг кучайиб кетишидир. Унинг олдини олиш катта аҳамиятга эга. Энг асосийси қон янгиланади. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирги кунда шаҳарларда қариндошлар ўртасида оила қуриш ҳоллари ўн фойизга, қишлоқ жойларида йигирма-йигирма беш фойизга етаётган экан. 

Насл-насабнинг тозалиги бир томондан оиладаги соғлом муҳитга, иккинчи томондан, оила аъзоларининг ақл-идрокига боғлиқ. Ҳар бир ота-она фарзандининг сиҳат-саломатлигига эътибор бериши, балоғатга етмаган фарзандини уйлаш ёки турмушга беришга шошилмаслиги, айниқса, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳга йўл қўймаслиги лозим. Акс ҳолда эътиборсизлик келгусида турли муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ масаласини жуда кўп мутахассислар ўрганган. Бундай никоҳнинг маъқул эмаслиги илмий жиҳатдан ҳам ўз исботини топган. Жаҳон олимлари ирсий муаммоларга 80 фоиз ҳолларда қариндошларнинг ўзаро никоҳи ва экологик муаммолар сабаб бўлаётганлигини таъкидлашмоқда. Айниқса жудаям яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ миллатнинг ирсий заифлашувига сабаб бўларкан. Кузатувлар кўп ҳолларда яқин қариндошлардан туғилган болаларда ирсий касалликлар яққол намоён бўлишини кўрсатади. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳда эру хотин соғлом бўлсалар-да, фарзандларининг ирсий касаллик билан туғилиш хавфи ҳамиша юқори бўлади. Бир-бирига бегона бўлган эру хотиннинг туғилажак боласига қараганда қариндошлар ўртасида туғилажак болада ирсий касаллик хавфи 3-4 баравар кўплиги кузатилади. Маълумки, ирсий касалликлар боланинг ёшлигида билинмай, ёши ўтавергач юзага чиқиши мумкин. Гоҳо фарзандларда кузатилмасада невара, эвара ва кейинги авлодларда бўй кўрсатиши мумкин. Сўнгги йилларда ажримга сабаб бўлаётган ҳолатлардан бири қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳдан оилада ногирон болаларнинг туғилаётганидир.

Баъзиларнинг “Фарзандларимизни бегона қилмайлик” ёки “давлатимиз бегона бўлмасин”, “яхши қиз, яхши йигитларимиз ўзимиздан узоққа кетмасин” қабилида иш тутиши салбий оқибатларга олиб келмоқда.

Мурувват уйларидаги ногирон туғилган болалар сони камаймаётганлиги жамиятимизнинг ҳар бир аъзосини чуқур фикр-мулоҳазага чорлайди. Мурувват уйининг раҳбарлари эрта никоҳ қурган, яқин қариндошлар, шунингдек, психотроп моддалар истеъмол қилиниши оқибатида ногирон болалар туғилишини, бу иллат сабабчиларини жавобгарликка тортиш масаласини кўтариш давр талаби эканлиги ҳақида фикр билдирмоқдалар.

Барчамизга маълумки, соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Давлатимиз томонидан ҳар бир хонадонда соғлом оилани шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2003 йил 25 августда “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида Низом”
365-сон қарори билан тасдиқланган. Мазкур Низомдан кўзланган эзгу мақсадлардан бири ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган, ногирон болалар туғилишининг олдини олишдир. Зеро, ҳар томонлама соғлом фарзандгина хонадонларимизга қувонч ва бахт-саодат олиб келиш баробарида жамиятимизга таянч, элу юртимизга муносиб ворис бўла олади.

Гўдак дунёга келар экан 50 фоиз генни отадан, 50 фоизини онадан олади. Ота-оналардан фарзанд нафақат кўз ранги, соч тузилиши — жингалак ёки силлиқ бўлиши, қон гуруҳи ва ҳоказолар қаторида касалликларни ҳам “мерос” қилиб олади. Инсон геноми тўлиқ ўрганиб чиқилган бўлиб 35000 та ген маълум, назарий жиҳатдан уларнинг ҳар бири мутацияга учраши мумкин. Ирсий касалликларнинг сони 5000 дан ортиқ бўлиб, буларнинг айримлари туғилгандаёқ намоён бўлади. Авлодида яширин касаллик белгилари кузатилса, масалан, йигит-қиздаги ўхшашлик: иккаласининг бўйи паст ёки новча, авлодида эшитиш ёки кўриш, номаълум сабабларга кўра ақли заифлик каби муаммолар аниқланса, уларнинг турмуш қуриши тавсия этилмайди. Шунингдек, инсондаги ақлий қобилият, унинг маънавий комиллиги кўп жиҳатдан тарбияга ҳам боғлиқ. Инсон дунёга келгач, қандай шароитда тарбия топиши унинг маънавиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Буни фоизлар билан ифодалаб бўлмайди. Ирсият ва ўзгарувчанлик бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Генетик нуқтаи назардан келин ёки куёв қилмоқчи бўлган ота-она йигит ва қизнинг насл-насабига эътибор бериши керак. Бу ирсий касалликларнинг олдини олиш чораларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, турмуш қуриш вақти, ҳомиладорликни тўғри ташкил қилиш, текширувлардан ўз вақтида ўтиш, фарзандлар орасидаги интервалга риоя этиш, қариндошлар никоҳидан воз кечиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ирсий ва туғма касалликларнинг камайиши ва ногирон фарзандлар туғилишининг олдини олади.

Демак, ҳар бир ота-она оила қўрғонининг мустаҳкам бўлиши, фарзандлар камолини кўриши учун келин ёки куёв танлашда шошилмаслиги, мушоҳада қилиб, сўнг тўй тараддудини кўриши лозим бўлади. Зеро, фарзандининг умр йўлдошини танлашда, келажак ворисларининг баркамол бўлиб улғайишида, энг аввало, ота-оналар масъулдирлар.

 

 

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази бош маслаҳатчиси
М. Бегматова