Yuqoriga

ОИЛА ВА НИКОҲ МУНОСАБАТЛАРИ – МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ

Admin   28,08-2020 5903

 

Оилага эътибор – ўзлигимизга эътибордир.

Шавкат Мирзиёев

 

Мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини, уларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жамият фаровонлигини юксалтиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Конституциямизда ҳам оила тўғрисида алоҳида боб ажратилиб, оила манфаатлари муҳофаза қилинаётганлиги ва оила мустаҳкамлиги тамойиллари белгиланиб, кафолатланганлиги бежиз эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325-сонли Фармони ҳам оила мустаҳкамлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги ролини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Ҳозирги вақтда никоҳ тузиш шартлари ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 14 ва 15-моддаларига мувофиқ, никоҳ ихтиёрий равишда никоҳ ёшига (эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш) етгандан сўнг тузилади. Шунингдек, Оила кодексининг 13-моддасига мувофиқ, муҳим қарор устида ўйлаб кўришлари учун никоҳланаётганларга ариза берилган кундан бошлаб 1 ой вақт берилади.

Оила ва никоҳ муносабатларини янада янада мустаҳкамлаш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5938-сон Фармони ҳамда 2020 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилинганлиги ҳам мазкур соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарувчи муҳим қадам бўлди.

Юқорида санаб ўтилган ҳужжатларга асосан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига:

жамиятда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш;

оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, «Соғлом оила — соғлом жамият» ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини юритиш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш;

хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш;

хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;

хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини юксалтириш;

маҳаллаларда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларида ички ишлар органлари, бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашда ҳуқуқий, услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш;

фуқаролар йиғинларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифалари юклатилди.

Юқоридаги ислоҳотларнинг самараси сифатида айтиб ўтсак бўладики, мамлакатимизда оила ва никоҳ муносабатларини азалий қадриятларимиз ва бугунги кун талаблари асосида ривожлантириш борасида кўрилаётган амалий чоралар негизида ана шундай эзгу мақсадлар мужассамдир.

Д. Джавлиев,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази бош маслаҳатчиси