Yuqoriga

Суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар

Admin   26,08-2020 4394

Фуқароларнинг Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари кафолотини таъминлаш давлатнинг энг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада давлатимиз ҳар бир соҳада кенг кўламли ишларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳуқуқ ва эркинликларни таҳминлашда мустақил ва адолатли суд ҳокимиятини шакллантириш энг асосий вазифа ҳисобланади.

Мустақиллик даврида юртимизда судларнинг адолатлигини таъминловчи ҳуқуқий асос, яъни умуминсоний қадриятлар ва умум эътироф этилган ҳуқуқ андозаларига асосланган, шаклан ва моҳиятан янги-янги қонунлар яратилди. Уларнинг асосига қонунийлик, демократизм, ошкоралик, одиллик, инсонпарварлик, жиноий қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойиллари қўйилди.

Аслида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади мустақил, кучли суд ҳокимиятини вужудга келтиришдан иборат. Зеро, суд ҳокимияти нафақат уч ҳокимиятнинг бири, балки унинг юксак нуфузли ҳуқуқий ҳолати, жамият ва давлат ҳаётида инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонунийлик барқарор бўлишининг асосий шартидир.

Ўтган қарийб тўрт йил давомида давлатимиз, жамиятимиз ва халқимиз учун ўта муҳим бўлган суд-ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлаш, чинакам мустақил ва холис, коррупциядан холи бўлган судьялар корпусини шакллантириш, уларнинг конституция ва қонунлар талабларига оғишмай амал қилишларини ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашлари учун кафолатли муҳит яратиш, суд фаолиятига турли даражадаги мансабдор шахсларнинг ҳар қандай аралашувига чек қўйишга қаратилган ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий асослар яратилди. Бу борада, ўттизга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Суд - одил судловнинг олий нуқтаси ва унинг ролини ошириш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараён. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ижобий ишларни қайд этар эканмиз, бу соҳада ҳали ечимини кутиб турган муаммолар борлигини ҳам инкор эта олмаймиз. Бу муаммолар, биринчи галда, судларнинг ҳақиқий мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, суд ишларида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, юксак малакали, халол ва пок виждонли суд ходимлари корпусини шакллантириш, судларда ишларни кўриш сифатини янада ошириш билан боғлиқдир.

2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони бу борада амалга оширилаётган тизимли ислоҳолтларнинг сифат жиҳатидан янги босқичини бошлаб берганлиги билан аҳамиятлидир.

Фармонда одил судловни амалга оширишдаги муаммолар, одил судловни таъминлашнинг институтиционал асослари, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш билан боғлиқ устувор йўналишлар кўрсатиб берилди. Улар қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида суд тизимидаги ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилади.

Иккинчидан, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Бундан кейин вилоятлар ва унга тенглаштирилган судларга бир нафар суд раиси раҳбарлик қилади. Суд раиси ўз ўринбосарларига эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида ўринбосарлар фуқаролик ишлари, жиноят ишлари ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг раиси ҳам ҳисобланади. Бу эса, жойларда ягона суд амалиётини шакллантиришга, судларнинг тарқоқлиги туфайли фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.

Учинчидан, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади. Натижада, суд ишларининг қайта-қайта бир нечта инстанцияларда назорат тартибида кўрилиши, фуқароларнинг овора бўлишига, судларда иш ҳажмининг асоссиз ва мақсадсиз ортишига барҳам берилади. Қолаверса коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг вужудга келишига чек қўйилади.

Тўртинчидан, прокурорнинг судда иштирок этиши тартиби илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мослаштирилади. Жумладан, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина прокурор томонидан суддан ишларни чақириб олиш, бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этишнинг ҳуқуқий механизмлари яратилади. Бундай қоидаларнинг киритилиши албатта суднинг мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида эса матбуот хизматлари ташкил этилади. Бу эса, суд органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бундай ижобий мисолларни ўнлаб келтириш мумкин.

Кейинги йилларда амалга оширилаётган шу каби инсонпарвар ислоҳотлар натижасида одамларнинг суд тизимига бўлган ишончи ортиб бормоқда. Буни, судларга бўлган мурожаатларнинг кўпайиб бораётганида ҳамда судлар томонидан қабул қилинаётган оқлов хукмлари, фуқаролар, тадбиркорлар фойдасига қабул қилинган суд қарорлари сонининг ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Натижада, халқ судни фақат одамларни қоралайдиган, жазолайдиган орган, деб эмас, аксинча, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган орган, ўзларининг ҳимоячиси, адолат посбони, деб қарай бошлади. Бундай ишончни янада мустаҳкамлаш учун судлар қонундан оғишмай иш тутишлари, фуқароларнинг манфаатларини муҳофаза этиб, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаб, бу йўлдан собитқадамлик билан қатъий боришлари ва шу асосда халқнинг ишончини қозонишлари зарур бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосини муттасил такомиллаштириб бориш зарур. Бунда, суд ва судьяларнинг ҳокимиятни бошқа барча тармоқларидан ҳақиқий мустақиллигини, суд қарорларини қабул қилишда фақат қонунга ва виждон амрига бўйсунишини таъминлаш лозим. Ушбу ҳуқуқий асос, ўз навбатида, демократизмни, холисликни, суднинг ҳаммабоп бўлишини, суднинг ҳимоя доираси кенгайишини таъминлаши зарур. Ва ниҳоят, бу ҳуқуқий асос суд тизимига нопок, порахўр ва тасодифий кимсалар кириб қолишига йўл қўймаслиги керак.

Д.Маматмуратов,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
марказининг етакчи маслаҳатчиси