Yuqoriga

Вояга етмаган болаларнинг шахсий номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Admin   14,09-2020 5375

Вояга етмаганлар дейилганда мамлакатимиз қонунчилигига кўра, 18 ёшга етмаган фуқаролар тушунилади.  Уларни тарбиялаш вазифаси давлат бурчи, фуқароларнинг эса конституциявий мажбурияти ҳисобланади.  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36, 40, 41-моддаларида вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқлари та`минланган.  Қуйида, вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриталарини Оила, Фуқаролик, Меҳнат кодексларида кўриб чиқамиз.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 65-моддасидан 70-моддасигача бўлган қисмида бола ва ота-онанинг муносабатлари, ота-онанинг бола олдидаги мажбуриятлари ва боланинг оиладаги бошқа имтиёзлари белгилаб берилган.  Хусусан,

1)      Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга;

2)      Бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга.  Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди;

3)      Боланинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар), ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи,  прокурор ва суд томонидан амалга оширилади;

4)      Оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақлидир. 

Вояга етмаган болалар 18-ёшга киргунига қадар ота-онаси қармоғида бўлиши моддий томондан таминланиши ҳам Кодексда белгилаб қўйилган.

  Бундан ташқари,  Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексида 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг  муомала лаёқати белгиланган,  улар ота-оналари,  фарзандликка олувчилари ва ҳомийлари розилигисиз мустақил равишда қуйидаги ҳуқуқларга эга.

1) ўз иш ҳақи, стипендияси ва бошқа даромадларини тасарруф этиш; 

2) фан, адабиёт ёки санъат асарининг, ихтиронинг ёхуд ўз интеллектуал фаолиятининг қонун билан қўриқланадиган бошқа натижасининг муаллифи ҳуқуқини амалга ошириш;

 3) қонунга мувофиқ кредит муассасаларига омонатлар қўйиш ва уларни тасарруф этиш;

 4) майда маиший битимларни ҳамда бошқа битимларни тузишга ҳақли эканлиги кўрсатилган, бошқа битимларни улар ўз ота-оналари,  фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузадилар. 

Фуқаролик кодексининг 27-, 28-, 29-моддаларига биноан 16 ёшга тўлган  вояга етмаган болалар  тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки меҳнат шартномаси бўйича ишлаш ҳуқуқига эгадирлар.  Улар меҳнатга оид муносабатларда катта ёшдаги ходимларга тенглаштирилади, лекин меҳнат муҳофазаси, иш вақги, таътиллар бериш ва бошқа меҳнат шартлари бўйича қўшимча имтиёзлардан фойдаланади. 

Ўзбекистон Ресбубликаси Меҳнат Кодексида 18 ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилишдаги кафолатлар, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари ва бошқа имтиёзлари белгилаб берилган (239—247-моддалар). 

Ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари,  ўрта махсус,  касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган,  таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун — улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Демак,  меҳнат қилиш ёшига тўлмаган вояга етмаганларни ишга қабул қилиш ва меҳнатидан фойдаланиш вояга етмаганлар меҳнатидан ноқонуний фойдаланиш ҳисобланади.

Бундан ташқари,  вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғи,  хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш ҳам вояга етмаганлар меҳнатидан ноқонуний фойдаланиш ҳисобланади.

Вояга етмаганлар меҳнатидан мажбурий равишда,  яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш вояга етмаганлар меҳнатидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда мажбурий меҳнат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 491-моддасига асосан вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига,  хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш,  базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Меҳнат қонунчилигида ёшларнинг иш вақти қатъий белгилаб қўйилган.  Унга кўра, вояга етмаган ходимнинг иш вақти ҳафтасига 24 соатдан ошмаслиги лозим.

 

Ф. Халиков,

“Адолат” миллий ҳуқуқий
ахборот маркази ходими