Yuqoriga

Вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлиги ва унинг олдини олиш чоралари

Admin   24,08-2020 4533

Бола оилада туғилади ва ўз навбатида, боланинг қандай оилада туғилганлиги унинг кейинги тақдирини белгилайди. Оила болани ўраб турган энг яқин муҳит ҳисобланади ва айни шу оила боланинг камолотига таъсир кўрсатадиган кучдир. Ҳар бир боланинг, шу жумладан, етим ва ота-она қаровисиз қолган болаларнинг ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш учун етарли шарт-шароитлар яратиб бериш фуқаролик жамиятининг табиий асоси ва муҳим шарти деб қаралади.

Мамлакатимизда 2016 йил бежизга “Соғлом она ва бола йили” деб номланмади. Бунинг замирида чуқур маъно, мазмун, ҳаётий сабоқлар мужассам аслида. Она соғлом бўлмас экан, оилада соғлом муҳит бўлмас экан, болалар саломатлиги ҳам жойида бўлмайди, албатта. Соғлом дейилганида фақатгина жисмоний саломатлик эмас, оилавий муҳит соғломлигига ҳам эътибор берилиши зарур. Ана шундагина тўғри тарбия олган фарзандлар ноқобил йўлларга қадам босмайди, яхши тарбия кўрган инсондан ёмонлик чиқмайди.

Афсуски, муаммоли, эҳтиёжманд ёки ижтимоий аҳволи оғир оилалар ҳамма жамиятда ҳам учрайди. Оиланинг парчаланиб, пароканда бўлиши, етарлича ғамхўрлик қилинмаслиги сингари омиллар эса, фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Оилада болаларга ғамхўрлик қилишнинг имкони бўлмаган ҳолларда давлатнинг роли кучайтирилиши зарур.

Мамлакатимизда болалар муаммолари билан давлат органлари қатори бир қатор нодавлат ташкилотлар, хусусан, Хотин-қизлар қўмитаси, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси, «Сен ёлғиз эмассан» болалар жамғармаси, «Маҳалла» жамоат фонди, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқалар фаол шуғулланмоқда. Натижада ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, кам таъминланган оилалар фарзандларини ижтимоий ҳимоялаш даражаси яхшиланишига эришилмоқда. Айниқса, Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларнинг таълим-тарбияси, уларнинг турмуш шароитларини яхшилашда, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда, моддий, тиббий ёрдам кўрсатишда нодавлат ташкилотлар томонидан олиб борилаётган тадбирлар яхши самара бермоқда.

Конституциямизнинг 41-моддасида «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир», 64-моддасида «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитиш таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради», 65-моддасида «Фарзандлар ота-она-ларнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатьи назар, қонун олдида тенгдирлар», дея мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистон умумқабул қилинган халқаро хуқуқ нормалари ва принципларининг устуворлигини ҳамда болалар аҳволини яхшилаш учун халқаро ҳамкорликнинг муҳимлигини эътироф этган ҳолда, МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб  1992   йили   «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенцияни ратификация қилди. Миллий қонунчилигимизни конвенция қоидаларига мослаштириш асносида 2008 йил 7 январда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги  конвенция»ги Қонун амалга киритилди.

Вояга етмаганлар ўртасида тарбиявий ишларни кучайтириш, улар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, бу йўналишда масъул бўлган давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш ва янада такомиллаштириш борасидаги вазифаларни белгилаб берди.

Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида жамиятнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояга муҳтож қатлами бўлмиш болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва бошқа умумэътироф этилган халқаро шартномаларни тан олди ҳамда уларга амал қилиб келмоқда.

“Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонунга кўра, ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар вояга етмаганларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётган ёки лозим даражада бажармаётган ёхуд уларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган, улар билан шафқатсиз муомалада бўлаётган ҳолатларда ва бунинг оқибатида хулқ-атвори назоратсиз қолганда вояга етмаган болалар тегишли тартибда Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш муассасаларига жойлаштирилади.

«Вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарлиги профилактикаси тўғрисида»ги Қонун ушбу масалалар билан шуғулланувчи тизим органлари ва муассасаларини аниқ белгилаш, улар фаолиятининг асосий вазифалари, принциплари ва йўналишларини тартибга солиш, шунингдек, алоҳида эътиборни талаб қилувчи вояга етмаганлар ва оилалар билан якка тартибдаги профилактика ишларини ташкил этиш асослари ва тартиби, вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига жойлаштириш тартиби ва асослари, ижтимоий хавфли ҳолатдаги вояга етмаганларнинг ҳуқуқий мақоми, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва педагогик реабилитация қилиш масалалари ечимига қаратилган.

Ўзбекистонда вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тўғрисидани қонунлар қабул қилинганлиги болаларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, юртимизнинг эртанги тақдири кўп жиҳатдан бугунги авлоднинг таълим-тарбияси, маънавий камолотига боғлиқ. Шу боисдан ҳам, вояга етмаганларга эътибор масаласига давлат сиёсати даражасида қаралмоқда.

  

"Адолат" миллий ҳуқуқий ахборот
маркази масъул ходими

А.Казаков