Yuqoriga

Вояга етмаганлар жиноятчилигининг олдини олишда маҳалланинг ўрни

Admin   12,10-2020 4985

Мамлакатимизда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун, “Оила кодекси”, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунлар ҳам бевосита ёшлар тарбиясида, улар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, бандликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Республикамизда халқимизнинг тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни яратиш, ёшларга оид давлат сиёсатини янада самарали амалга ошириш, ўсиб келаётган ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, бизнинг қандай буюк тарих ва меросга эга эканимизни англаб, ана шу бебаҳо бойликни қадрлаб, замон билан ҳамнафас яшайдиган ва қадам ташлайдиган, мамлакатимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган етук шахслар сифатида шакллантириш, айниқса ёшларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашда маҳалланинг ўрни ғоят муҳимдир.

Маҳалла – жамоатчи-тарбиячи сифатида ушбу педагогик жараёнга хос барча сифатларга эга бўлган масканлардан бири. Бугунги кунда “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” жамоатчилик тузилмаси орқали шаклланаётган янгича дунёқараш билан ўсиб келаётган ёшларда ўз Ватанига садоқатни, миллий қадрият ва анъаналарга бўлган муҳаббат, ўз оиласи ва яқинларига меҳрибонлик, танлаган йўли, касби, маслаги ва эътиқодига содиқликни тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

Зеро, маҳалла, энг аввало, соғлом ижтимоий муҳитдир. Бу ерда кучли таъсирга эга бўлган жамоатчилик фикри мавжуд бўлиб, у аҳолининг хулқ-атвори, ўзаро муносабатларини адолат, бағрикенглик, инсонпарварлик каби маънавий мезонлар асосида тартибга солиб туради. Маҳаллаларда фуқароларнинг ҳаётий тажрибаси, кенг жамоатчиликнинг сайъ-ҳаракатлари билан ёшлар ўртасида мафкуравий -тарбиявий ишларни самарали йўлга қўйиш учун катта имкониятлар мавжуд. Айниқса, миллий қадриятларни эъзозлаш, меҳр-оқибат, эл-юрт шаъни учун кураш каби фазилатларнинг камол топишида маҳалланинг ўрни беқиёс.

Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисидаги” Қонуннинг 19-моддаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасидаги иштирокига бағишланган бўлиб, унга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ваколатлар билан бир қаторда вояга етмаганларнинг маънавий, ахлоқий, ҳуқуқий, эстетик, жисмоний, меҳнат тарбиясида иштирок этади, уларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга кўмаклашади, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганларга ва оилаларга ёрдам кўрсатади, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган вояга етмаганларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашади, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасалар билан ҳамкорлик қилади деб белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни 30-моддасида “Вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шарт ҳамда уларнинг тарбияси, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгардирлар” деб белгилаб қўйилган.

2014 йилнинг 14 майда қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуннинг 21-моддасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикасидаги иштироки назарда тутилган бўлиб, унинг бир банди сифатида ички ишлар органларининг профилактика бўйича тегишли инспектори билан биргаликда “Маҳалла посбони” жамоат тузилмаси фаолияти устидан назоратни амалга ошириш белгиланган. Янги қонунда ҳам фуқаролар йиғинлари ҳамда ҳудудий профилактика инспекторларининг бу борадаги фаолияти, қолаверса, улар ўзаро ҳамкорлиги ниҳоятда муҳим эканлиги ўз ифодасини топган.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги вақтларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари билан милиция таянч пунктлари (МТП) профилактика инспекторларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш, шунингдек уларнинг МТП профилактика инспекторлари билан битта бинода жойлашувини таъминлашга асосий эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган “Намунали милиция таянч пункти” кўрик-танловлари доирасида маҳалла фуқаролар йиғинларида “Энг обод ва осойишта маҳалла раиси”, “Фидоий маҳалла посбони”, “Маърифатпарвар маслаҳатчи”, “Адолатли яраштириш комиссияси” кўрик-танловларининг ўтказиб борилиши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари билан милиция таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузурида “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси фаолият кўрсатади. Мазкур тузилманинг асосий мақсади мамлакатимизда тинчлик, осойишталик, хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларда огоҳлик ва ҳушёрликни ошириш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўртасидаги ҳамкорликдаги ишларни тизимли ташкил этишга кўмаклашишдан иборат.

Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси уйма-уй юриб, оилаларга, хонадонларга кириб, мавжуд муаммоларни аниқлаш асосида ундаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганади. Ушбу ишларни амалга ошириш ва аниқланган муаммоларни бартараф этишда улар ҳудуддаги таълим муассасалари, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, жойлардаги Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўлимлари ва бошқа ваколатли органлар ходимлари билан ҳамкорлик қилади.

Фуқаролар йиғинининг Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича Комиссияси фаолиятининг асосий мақсади - ҳудуддаги вояга етмаганлар ва ёшларнинг маънавий-маърифий етук бўлиб вояга етишларига, оммавий равишда спорт билан шуғулланишларига, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга кўмаклашишдан, улар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.

Бугунги кунда маҳаллаларда “Ота-оналар университетлари” жамоатчилик тузилмалари ташкил этилган бўлиб, унда маҳаллада истиқомат қилаётган ота-оналар, ёш келин-куёвлар, оила қуриш бўсағасида турган ёшлар иштирокида турли маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва мулоқотлар олиб борилмоқда. Бу эса, баркамол авлодни тарбиялаш, умуман ёшлар тарбиясида муҳим натижаларни беради.

Жиноятчиликка, ҳуқуқбузарликка ва бошқа салбий ишларга мойиллиги бўлган вояга етмаганлар ва ёшларни доимий назоратимизда сақлаш учун уларнинг ҳаёт тарзини, қизиқишларини кузатиб боришимиз зарурат туғилса мутахассислар ёрдамидан ҳам фойдаланишимиз зарур. Шунингдек, вояга етмаган ёшларни кузатиб бориш ва уларнинг мойиллигига қараб, қуйидагича гуруҳларга ва якка тартибда ишларни ташкил қилиш мақсадга мувофиқ:

  1. Ҳуқуқбузарликка мойил бўлган вояга етмаган ёшлар тўғрисида маълумотларни йиғиш ва уларнинг рўйхатини шакллантириш.
  2. Назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаган ёшлар тўғрисида маълумотларни тўплаш.
  3. Профилактик ҳисобда турган вояга етмаган ёшлар тўғрисида маълумот тўплаш.
  4. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган вояга етмаган ёшлар тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш.
  5. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган ёшлар ҳақидаги маълумот эга бўлиш.
  6. Жиноят содир этиш ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган вояга етмаган ёшларни ўз ичида тоифаларга ажратиб олиб, улар билан якка тартибда (индивидуал) ишлаш.

Хулоса қилиб айтганда, маҳаллаларда вояга етмаган ёшлар билан ишлашни тизимли ташкил этиш ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

С. Эшонхўжаев,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ходими