Yuqoriga

ЎЗБЕК ТИЛИНИНГ ДАВЛАТ ТИЛИ СИФАТИДАГИ НУФУЗИ ВА МАВҚЕИ

Admin   19,10-2020 8476

Она тили – миллат маънавиятининг мустаҳкам пойдеворидир.

Шавкат Мирзиёев

 

Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир.

Ўзбекистонда 1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.

Истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг бугунги босқичи — миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, бугунги кунда она тилимизнинг нуфузини янада ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди.

Шунингдек, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 21 октябрдаги ПФ-5850-сон Фармони қабул қилинди.

Юқорида қайд этиб ўтилган Фармонга мувофиқ, 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди ҳамда Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Департаментнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан, шунингдек, уни ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш;

давлат тилини ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

давлат тилини ривожлантириш бўйича дастурлар ва “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш, шунингдек, “Ўзбек тили байрами куни”ни нишонлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, географик ва бошқа топонимик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш;

давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Мазкур Фармоннинг ижроси сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 20 январдаги 34-сон қарорида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмаларида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида раҳбарнинг маънавий- маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир фуқаро аждодлардан мерос бўлиб келаётган тилимиз ривожига масъулдир. Ушбу масъуллик ҳисси фарзандларимиз онгида ёшликдан тарбияланган тақдирда, келажакда улар тилимизни дунё тиллари қаторидан ўрин олишларида ўзларининг ватанпарварлик туйғуларини намоён этаоладилар.

Д. Джавлиев,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази бош маслаҳатчиси