Yuqoriga

Ёшлар меҳнатини муҳофаза қилишга қаратилган халқаро ҳуқуқий стандартлар

Admin   23,10-2020 3281

Меҳнат соҳасида халқаро-ҳуқуқий стандартлар мазмунини тўлиқ ёритиш учун муҳим қонуний асос сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини олишимиз мумкин. Конституциянинг муқаддимасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлиги тан олиниши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси 10-моддасида халқаро шартномалар, конвенцияларнинг Ўзбекистон Республикаси меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига нисбати белгилаб қўйилган. Унда қайд этилишича, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ёки Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциясида ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунлар ёки бошқа норматив ҳужжатларга нисбатан имтиёзлироқ қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки конвенциянинг қоидалари қўлланилади.

Миллий меҳнат қонунчилигимизни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири уни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлигини таъминлашдан иборатдир. Шу билан биргаликда, меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш учун белгиланган халқаро ва хориж ҳуқуқий ғоялари, нормалар ва моделларга боғлиқлигини рад этмаган ҳолда, миллий ҳуқуқ тизимининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш лозим, чунки асрлар оша бизга етиб келган миллий урф-одат ва қадриятларни сақлаб қолиш керак.

Ёшлар меҳнатини халқаро-ҳуқуқий тартибга солиш турли шаклларда амалга оширилади, бироқ инсон ҳуқуқларининг умум эътироф этилган асослари меҳнат ҳуқуқи асосларига ҳам тааллуқлидир. Халқаро ҳамжамият шуни эътироф этадики, ушбу ҳуқуқни бирлаштирувчи дастлабки асос ўзининг универсаллиги, ажралмаслиги, ўзаро алоқадорлиги билан ажралиб туради. Айнан шунинг учун муайян ҳуқуқ ёки эркинлик бошқа ҳуқуқ ва эркинликка зид келиши ва унинг зарарига талқин қилиниши мумкин эмас.

Меҳнат соҳасида инсон ҳуқуқлари, бошқача айтганда, халқаро меҳнат ҳуқуқлари миллий ҳуқуқ тизимини шакллантиради ва улар камида учта поғонада бўлади: халқаро, ҳудудий, давлатлараро ҳамкорлик.

Халқаро даражадаги инсон меҳнат ҳуқуқлари БМТ, ХМТнинг ҳужжатларида мустаҳкамланади. Ҳудудий даражада эса давлатларнинг ҳудудий бирлашмалари миқёсидаги ҳужжатларда акс этади. Хусусан, уларга Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти каби ҳудудий ташкилотлар киради. Икки томонлама халқаро ҳамкорлик доирасида меҳнат ҳуқуқлари давлатлараро шартномалар доирасида амалга оширилади, буни айниқса давлатлараро меҳнат миграциясида яққол кўриш мумкин бўлади.

Инсон меҳнат ҳуқуқлари соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатлар маълум даражада ёшларга ҳам тааллуқлидир. Масалан, 1948 йил 10 декабрдаги Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 23-моддасида белгиланишича, “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли ва қулай меҳнат шароитларида ишлаш ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ҳар бир шахсга ҳеч қандай камситишларсиз тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқи берилади. Ҳар бир шахс касаба уюшмалари тузиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларига кириш ҳуқуқига эга”.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясида мустаҳкамланган шахснинг меҳнат ҳуқуқлари мазмуни бўйича меҳнат соҳасида халқаро-ҳуқуқий тамойилларни ўзида ифодалайди. Кейинчалик ушбу ҳуқуқлар 1966 йил 16 декабрдаги Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактда сезиларли даражада кенгайтирилган. Хусусан, мазкур Пактнинг 6-моддасида қайд этилишича, Пактда иштирок этувчи давлатлар меҳнат қилишга бўлган ҳуқуқни тан олади ҳамда мазкур ҳуқуқни таъминлашга доир тегишли чора-тадбирлар кўради. Бундан ташқари асосий меҳнат ҳуқуқлари Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактда ҳам ўз ифодасини топган. Пактнинг 8-моддасида “Ҳеч кимни меҳнатга мажбурлаш мумкин эмас ҳамда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди” деб белгиланган.

Меҳнат тўғрисидаги айрим қоидалар минтақавий халқаро ташкилотларнинг ҳужжатларида ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, 1950 йилги Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг ҳимояси тўғрисидаги Конвенция, Европа иттифоқи асосий ҳуқуқлари Хартияси, Мустақил давлатлар хамдўстлиги фуқароларининг ижтимоий ҳуқуқлари ва кафолатлари Хартияси шулар жумласидандир.

БМТ ва ХМТ томонидан қабул қилинган универсал аҳамиятга эга бўлган халқаро меҳнат стандартлари мазмуни ўзида жаҳон тажрибасининг бир жойда йиғилган энг илғор ғояларини ўзида мужассамлаган. Мазкур стандартлар махсус ўрганиш объектини ташкил қилади, тараққий этган дунё учун эталон сифатида фойдаланишга кўмаклашади, ўз хусусиятига кўра халқаро меҳнат кодекси бўлиб ҳисобланади.

Меҳнатни халқаро-ҳуқуқий тартибга солиш ХМТнинг ваколатига киради. ХМТнинг конвенциялари ва тавсиялари халқаро меҳнат нормаларининг асосий массивини ташкил қилади, унда ижтимоий меҳнат муносабатларининг кўп сонли жиҳатлари ифодаланади ва ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш, ўсмирлар меҳнатини муҳофаза қилиш, иш вақтининг давомийлиги, бандликка кўмаклашиш ва касбий тайёргарлик каби меҳнат соҳасида инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига тааллуқли халқаро стандартларни ўрнатади.

Мазкур ташкилотнинг норма ижодкорлиги фаолиятида асосий эътибор ёшлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш муаммоларига қаратилади. Таъкидлаш лозимки, ХМТнинг сессияларида ҳар йили такдим этиладиган нутқларда болалар меҳнати масаласи ўз ифодасини топади. Масалан, 2002 йил июнь ойида Халқаро меҳнат бюроси бош директорининг нутқида қуйидагилар баён қилинди: Келажакда болалар меҳнатига ўрин йўқ, бу шуни билдирадики, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида ривожланган ва ривожланаётган давлатларда болалар меҳнати муаммосига катта эътибор қаратиш бошланди. Аниқланишича, болалар меҳнатини эксплуатация қилиш янада кенгроқ қамровни ҳамда қўпол шаклларни қўллашга олиб келдики, улар болаларга жисмоний ва маънавий зарар етказди.

Ёшлар меҳнатини халқаро ҳуқуқий тартибга солиш ХМТнинг конвенциялари ва тавсияларида тўлиқроқ баён этилган. ХМТнинг 1919 йилги уставининг муқаддимасида болалар ва ўсмирларни ноқулай меҳнат шароитларидан ҳимоя қилишнинг зарурлиги тўғрисидаги қоидалар белгилаб қўйилган.

Мазкур вақтдан бошлаб ХМТ болалар меҳнатини амалда чеклаш ҳамда ёшлар меҳнатининг характерини белгилаб берувчи ишга қабул қилишнинг энг кичик ёши, ёшлар ва ўсмирларни тунги меҳнати, тиббий кўрикдан ўтказиш, ўсмирларни касбий тайёрлаш ва касбий малака олиш, улар меҳнатини қўллаш шартларини белгиловчи бир қатор конвенция ва тавсияларни қабул қилди.

Хусусан, болаларни меҳнатга жалб қилишнинг минимал ёши билан боғлиқ қуйидаги Конвенция ва Тавсиялар қабул қилинди:

“Қишлоқ хўжалигида болаларни ишга қабул қилишнинг энг кичик ёши тўғрисида”ги 10-сонли Конвенция (25.10.1921 й.);

“Саноатда ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги
59-сонли Конвенция (22.06.1937 й.);

“Носаноат ишларга болаларни ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги 41-сонли Тавсия (30.04.1932 й.);

“Шахта ва кон каби ер ости ишларига ишга қабул қилишнинг энг кичик ёши тўғрисида”ги 123-сонли Конвенция (22.06.1965 й.);

“Ишга қабул қилишнинг энг кичик ёши тўғрисида”ги 138-сонли Конвенция (26.06.1973 й.);

“Ишга қабул қилишнинг энг кичик ёши тўғрисида”ги 146-сонли Тавсия (26.06.1973 й.).

Ишга қабул қилишнинг энг кичик ёши тўғрисидаги Конвенциялар мазмунини таҳлил қилиб шуни айтиш мумкинки, дастлаб улар 14 ёшга тўлмаган болалар меҳнатини тақиқлашга оид умумий қоидаларни назарда тутган. Кейинчалик ХМТ олдин қабул қилинган Конвенцияларни қайта кўриб чиқиб, ишга қабул қилиш ёшини 15 ёш қилиб белгилади.

ХМТнинг 138-сонли Конвенциясида белгиланишича, ХМТ аъзоси бўлган ҳар бир давлат инсоннинг тўлиқ жисмоний ва ақлий ривожланишига мос бўлган даражада ишга қабул қилиш учун энг кичик ёшни аста-секин кўтариб бориш ва болалар меҳнатини чеклашни самарали таъминлаш мақсадида миллий сиёсатни амалга ошириш мажбурияти белгилаб қўйилган. Конвенция мажбурий мактаб таълимини тугатиш ёшига мос келувчи ишга қабул қилиш ёшини ўрнатиш ва болалар меҳнатини тақиқлашни назарда тутади. 138-сонли Конвенциянинг 3-моддаси 2-қисмига кўра, ишга қабул  қилишнинг энг кичик ёши мажбурий мактаб таълимини тугатиш ёшидан ва ҳар қандай ҳолатда 15 ёшдан кичик бўлмаслиги лозим.

Шу билан биргаликда, Конвенциянинг 7-моддаси қоидаларини амалиётда қўллаш бўйича шуни таъкидлаш лозимки, мазкур ишлар Конвенциянинг умумий қоидаларидан  истисно бўлиб ҳисобланади, бунда 13 ёшдан 15 ёшгача бўлган шахсларни ёлланма меҳнат бўйича ишга қабул қилиш тўғрисидаги қоидаларни назарда тутади. Уни қўллаш имконияти 6-модданинг мазмунидан келиб чиқади, унда болалар ва ўсмирларни меҳнатидан касбий ва техник ўқув дастурлари доирасида фойдаланиш мумкин. 146-сонли Тавсия мазкур конвенцияни тўлдириб ишга қабул қилиш ёшини 16 ёшга оширишни назарда тутади.

Оғир ва зарарли ишлар учун, шунингдек, ахлоққа салбий таъсир этувчи ишларда халқаро нормалар бугунга келиб, юқори даражадаги минимал ёшни белгилаб қўйган. Мазкур ҳолатларнинг барчасини ишга қабул қилишнинг энг кичик ёши 18 ёшдан кам бўлиши мумкин эмас. Ушбу иш турлари қоида тариқасида қонунчилик томонидан белгиланиши ёхуд мамлакат ваколатли органлари томонидан ўрнатилиши лозим.

Бундан ташқари, ХМТ тунги меҳнатни тақиқлашга қаратилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилган. Уларга “Саноатда ўсмирларни тунги меҳнати тўғрисида”ги 6-сонли Конвенция (29.10.1920 й.), “Қишлоқ хўжалигида болалар ва ўсмирларнинг тунги меҳнати тўғрисида”ги 14-сонли Тавсия (25.10.1921 й.), “Саноатда ўсмирларнинг тунги меҳнатини чеклаш тўғрисида” 90-сонли Конвенция (10.07.1948 й.) ларни киритишимиз мумкин.

Хусусан, 90-сонли Конвенцияда мазкур конвенцияни амалга ошириш бўйича қоидалар ва қонунлар қуйидагиларни назарда тутиши лозим:

  1. Мазкур қонун ва қоидалар ундан манфаатдор бўлган барча шахсларнинг эътиборига етказиладиган зарур чораларни кўриш ҳақида буйруқ бериши керак;
  2. Мазкур конвенция қоидаларни бажариш учун жавобгар шахсларни белгилаб олиши керак;
  3. Мазкур қоидаларни самарали амалга оширишни таъминлаш учун зарур муассасалар тизими ва мазмунини назарда тутиши лозим;
  4. Ҳар бир ишга ёлловчидан 18 ёшга тўлмаган барча шахсларни туғилган санаси ва номини кўрсатган ҳолда рўйхатга олиш китобини юритишни талаб қилади.

Юқоридаги охирги қоида ЎзР МК 14-боби, 2-параграфи, яъни ёшлар учун қўшимча кафолатлар қисмида мустаҳкамланиши зарур.

Таъкидлаш лозимки, ХМТнинг бир қатор бошқа норматив ҳужжатларида ёшларга тааллуқли алоҳида бўлимлар ва боблар ажратилган. Миллий қонунчилик ёшларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган, хусусан меҳнат соҳасида бир қатор аҳамиятли нормаларни ўзида ифодалаган. Қонунчиликни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлиги даражасини белгиловчи омиллардан бири давлатимиз томонидан асосий халқаро келишувларни ратификация қилган халқаро ҳужжатларининг сонига ҳам боғлиқдир. Шу пайтга қадар Ўзбекистон ХМТнинг 14 та Конвенциясини ратификация қилди.

Республикамиз ўзига олган халқаро мажбуриятлардан келиб чиқиб, ёшлар меҳнати билан боғлиқ муаммоларни миллий қонунчиликда ҳал қилишга алоҳида эътибор беради. Аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган, шунингдек, бу йўналиш 2008 йилда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши билан ривожланди. Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши билан ЎзР МК 77-моддаси (Ишга қабул қилишга йўл қўйиладиган ёш), 242-модда (Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун қисқартирилган иш вақтининг муддати)ларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Ўзбекистон Республикасида ишга қабул қилиш ёши Халқаро меҳнат стандартларига тўла мос, яъни 16 ёшни ташкил қилади, истисно ҳолатларда ҳам халқаро стандартда белгиланган 15 ёшдан кичик бўлганларни ишга қабул қилишни умуман тақиқлайди. ЎзР МК 77-моддаси 2-қисмига кўра, ёшларни ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз мумкинки, халқаро ҳуқуқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшлар меҳнати соҳасида махсус ҳимоя чораларини назарда тутади. Ёшлар ўз меҳнат ҳуқуқларини амалга оширишда ижтимоий адолатга, шунингдек, халқаро ҳамкорлик ёрдамига ҳам эҳтиёж сезади. Айни пайтда халқаро ва хориж тажрибасидан фойдаланиш ёшлар иштирок этган меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш механизмини такомиллаштиришнинг ягона асоси бўлиши керак эмас. Халқаро ҳужжатлар нормалари ёшлар иштирок этган меҳнат муносабатларини максимал даражасини эмас, балки минимал давлат стандартларини ўрнатади. Давлат ўз миллий қонунчилиги орқали халқаро стандартларда белгиланган даражадан имтиёзлироқ қоидаларни белгилашга ҳақли. Шу мақсадда меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий тамойиллари қаторига болалар меҳнатини тақиқлаш принципини киритиш керак. Меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши устидан назорат олиб борувчи органларга болалар меҳнатини тақиқлашга қаратилган тадбирларни амалга оширишни таъминлаш мажбуриятини юклаш керак.

Б. Турғунов,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази бош маслаҳатчиси