Yuqoriga

ОСОЙИШТАЛИК — ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА

Admin   26,08-2020 2140

Ватан тинчлиги энг олий саодатдир. Юртимиз тинч, осойишта экан, кўнгилларимиз хотиржам, бахтимиз бутун. Тинчлигимиз бардавом бўлиши учун эса, барчамиз ҳушёр ва огоҳ, шу азиз Ватанга муносиб фарзанд бўлишимиз зарур.

Тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси деганлар қаттиқ янглишади. Бу йўлда барчамиз, бутун халқимиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. Ўз уйингни ўзинг асра, деган гапда ҳикмат кўп, унинг маъноси кенг.

Халқимиз, айниқса, ёшларимиз ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиш, дунёнинг турли мамлакатларида кечаётган ўзгариш ва воқеалар хусусида, уларнинг асл сабабларини тушунтириш ишларини олиб боришда катталардан алоҳида масъулият талаб этилади. Асрлар давомида халқимизнинг энг муҳим миллий фазилати, эзгу хислати бўлиб келган мустақилликни қадрлаш ва тарихни эъзозлаш бизни, айниқса, ёшларимизни дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизни билишга, бой меросларини ўрганишга, уларга муносиб ворислар бўлишга, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз учун жон фидо қилган ота-боболаримиз руҳини шод этишга, тарихдан тўғри хулоса чиқаришга ундайди. Эзгу қадриятларимизнинг ёшларимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларда шу юрт тинчлиги ва осойишталиги, равнақи, тараққиёти учун масъуллик ҳиссини кучайтиришдаги аҳамияти беқиёс. Шуни қатъий ишонч ва фахр билан айтиш керакки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз эрки ва ёруғ кунлари учун жон фидо қилган ота-боболаримизни хотирлаш қаторида бугун ўзининг бой ҳаётий тажрибаси, доно маслаҳат ва ўгитлари билан ёшларимиз тарбиясига катта ҳисса қўшаётган уруш ва меҳнат фахрийларини қадрига етиш, уларни эъзозлаш, ҳурматларини жойига қўйиш масалаларига устувор вазифа сифатида қараб келинмоқда.

Буюк тарихимизни асраш ва уни келажак авлодларга мерос қилиб қолдириш эса,ҳар биримизнинг энг олий бурчимиз ҳисобланади. Тарихни билмасдан ўзликни англаб бўлмайди. Тарихимиз зарварақларида мустақиллик ва халқимиз бунёд этган буюк ишлар ўрин олиб келмоқда. Улар тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан мангуликка муҳрланади.  Мустақиллигимизни қадрлаш, оиламизни асраш ва жамиятга керакли инсон бўлиб камолотга етиш руҳияти билан яшашни тақозо этади. Шиддатли глобаллашув жараёнларида, айниқса, оммавий маданият сабаб маънавиятимиз, фикрларимиз, ҳаётга муносабатларимиз ўзгараётган бир паллада пухта билимга эга бўлиш ва турли таҳдидларга кураша олиш, онг ва шууримизда курашувчанлик иммунитетини яратиш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади.

Шу азиз Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш барчамизнинг, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Юртимиз йилдан-илга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Озодликни соғиниб, озодлик йўлида курашиб ўтган ота-боболаримизнинг машаққатли меҳнати, орзу умидлари ва интилишлари рўёбга чиқди. Истиқлол Ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун замин яратди.
Азалдан юртимизда тинчлик ва тотувлик, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик руҳи юксак қадрланган. Чунки инсонлар онгини эзгу фикр эгалласа, ҳар қандай келишмовчилик, бузғунчилик ва ёвузлик рад этилади. Эзгу фикрнинг ифодаси бўлган сўз яхшилик ва хушмуомалаликнинг кенг ёйилишига, бу ўз навбатида, эзгу амалларнинг чуқур илдиз отишига, ҳар бир инсоннинг ўз вазифасини самимий ва сидқидилдан адо этишига ва шу йўл билан мамлакат ривожи ҳамда бунёдкорликка йўл очади.

Юрт тинчлиги — Ватан озодлиги истиқлол билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар бир инсоннинг ўз ишини сидқидилдан амалга ошириши, лоқайдлик, бепарволикнинг олдини олиши, ўз атрофида бўлаётган воқеаларга теран нигоҳ билан қараб, Ватан тинчлиги йўлида ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаши аждодларимизга армон бўлиб қолган, биз эришган мустақиллик ва тинчлик-осойишталикни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Шерзод Қурбонбоев,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази ходими