Юқорига

Ўрта Осиёда фиқҳ илми тараққиёти

Admin   28,08-2020 9310

Ўрта Осиё қадимдан илм-фан тараққий этган минтақалардан бири бўлган. Бу ўлкада буюк алломалар етишиб чиқиб, жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшганлигини бутун эътироф этади. Ислом дини кириб келганидан сўнг, диний таълимотлар қаторида фиқҳ илми ҳам ривож топди. Фиқҳ (арабча — билиш, тушуниш) — мусулмон ҳуқуқшунослиги, шариат қонун қоидаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи ислом таълимотининг бир соҳаси ҳисобланади. Фиқҳ сўзи дастлаб Қуръони Карим ва ҳадисларда атама сифатида қўлланилган. Зайд ибн ал-Ҳасаннинг “Мажмуъ ал-фиқҳ”, Молик ибн Анаснинг “ал-Муваттаъ”, Ибн Ҳанбалнинг “ал-Муснад” китоблари фиқҳга оид дастлабки асарлар ҳисобланади.

X асрга келиб фиқҳ илми фан сифатида шакллланди. Айнан шу даврда, Моварауннаҳрда Бурҳониддин Марғиноний, Абу Лайс Самарқандий, Абу Зайд Убайдулло Дабусий ва бошқа буюк фиқҳшунос олимлар ектишиб чиққан. Фиқҳ илми ислом ҳуқуқшунослиги сифатида икки соҳага ― шариат манбаларини ишлаб чиқиш (усул ал-фиқҳ) ва шариатни тайин соҳаларига татбиқ этиш (фуруъ ал-фиқҳ)дан иборат бўлган. Ўрта асрларда ва янги даврда фиқҳга оид асарлар орасида фатво тўпламлари кўпайди. Ал-Кудурийнинг “Мухтасар”, Қозихоннинг (1196 й. вафот этган) “Фатово”, Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя», Ибн Баззознинг «Фатово» асарлари бунга мисол бўлади. Улар ичида “Ҳидоя” асари ҳанафийлик мазҳабида катта шуҳрат қозонган амалий қўлланмадир.

Ўрта Осиёда фиқҳ соҳасини ривожланишида Бурҳониддин Марғинонийнинг ўрни беқиёс ҳисобланади. Буюк фақиҳ ва имом 1123 йилда Риштонда таваллуд топган. Дастлаб отаси Абубукр ибн Абдулжалилдан, сўнг буюк аллома Симом Баҳоуддин Али ибн Муҳаммад Асбижобийдан таҳсил олган. Моварауннаҳрни кўплаб шаҳарларига бориб исломий таълим олди ва фақиҳ сифатида ном чиқарди, шайхулислом даражасига етди. У Ал-Кудурий ва Муҳаммад аш-Шайбоний асарларини ўрганиб, “Бидоят ул-мубтадиъ” (“Бошловчилар учун қўлланма”) асарини ёзди. Аммо бу асарни фойдаланиувчилар амалий жиҳатдан қўллаши жуда қийин эди. Шу сабабли, у “Кифоят ул-мунтаҳий” (“Якунловчилар учун тугал маълумот”) номли асар ёзди. Кейинчалик бу китоб асосида “Китоб ал-Ҳидоя” асарини яратди. “Ҳидоя”да ҳуқуқий масалаларнинг ечими дастлаб йирик фикд олимлари фикрларининг баёни ва унга бошқа муаллифлар эътирозлари ёки қўшилишларини изҳор этиш йўли билан берилган. Ана шу обрўли муаллифлар фикрларидан келиб чиқиб, муайян масалада энг маъқул ечимни танлаб олиш йўлига амал қилинган. Шу тариқа унда қонуннинг айнан ифодасигина эмас, балки унинг мукаммал шарҳи ҳам асослаб келтирилади.

“Ҳидоя” тўрт жуздан иборат бўлиб, биринчи жузга ибодат масалалари киритилган, булар: таҳорат, намоз, рўза, закот ва ҳаж китобларидир. Иккинчи жузга никоҳ, эмизиш, талоқ, қулларни озод қилиш, топиб олинган боланинг насабини аниқлаш, топиб олинган нарса, қочиб кетган қуллар, бедарак йўқолганлар, шерикчилик ва вақф мулки каби масалалар киритилган. Учинчи жузда эса олди-сотди, пул муаммолари, кафолат, пулни бировга ўтказиш, қозиларнинг вазифалари, гувоҳлик, берилган гувоҳликдан қайтиш, ваколат, даъво, иқрор бўлиш, сулҳ, бир ишда пул билан шерик бўлиш, пулни сақлашга бериш, қарз бериш, совға, ижара, муайян шарт асосида чекланган озодлик берилган қуллар, волийлик (патронат), мажбур қилиш, ҳомийлик, қисман озод бўлган қуллар ва босқинчилик хусусидаги масалалар ўрин олган. Тўртинчи жузда эса шафоат, мерос тақсимлаш, деҳқончилик ҳамда боғдорчилик хусусида шартнома, қурбонликка сўйиладиган жонзод ҳақида, умуман қурбонлик қилиш ҳақида, шариатга зид ёмон нарсалар ҳақида, ташландиқ ерларни ўзлаштириш хусусида, тақиқланган ичимликлар ҳақида, овчилик, гаровга бериш, жиноятлар хусусида, хун ҳақи тўлаш, васият каби масалалар ёритилган.

“Ҳидоя”да шариат қоидаларининг айнан ўзигина эмас, балки уларнинг мукаммал асос ва далиллари ҳам асл равишда берилган. “Ҳидоя” бир неча аср давомида кўп мусулмон мамлакатларида ҳуқуқшунослик бўйича асосий манба ҳисобланган. «Ҳидоя» судлов бўйича қўлланма сифатида Ўзбекистонда 20-асрнинг 20-йилларигача — қозилар суди бекор қилиниб, шўролар суд тизими жорий қилингунча амалда бўлди.

Ислом оламининг яна бир машҳур олими Абу Лайс Самарқандий бўлиб, унинг асл исми Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим ас-Самарқандийдир. Қонуншунос ва илоҳиёт олими ҳисобланиб, Самарқанд шайхулисломи бўлган. «Хизонат ал-фиқҳ» (“Фиқҳ хазинаси”), “Тафсир ул-Қуръон” (“Қуръон тафсири”) ва шунга ўхшаш бир қанча асарлари машҳур бўлган. «Хизонат ал-фиқҳ» (Фиқҳ хазинаси) асарида ҳанафия мазҳаби ақидалари асосида мусулмон ҳуқуқшунослиги (фиқҳ) нинг қисқача таърифи берилган. Асар 42 та мустақил китоб ва 100 дан ошиқ бобга бўлинади. Асар “Китоб масоил ат-таҳорат” (“Таҳоратга оид масалалар китоби”) боби билан бошланиб, «Китоб ал-васоё» (“Васиятлар китоби”) билан тугайди.

Йирик ҳуқуқшунос олим Абу Зайд Убайдулло ибн Умар ибн Исо Қозий Дабусий Бухоронинг етти машҳур қозиси (қуззоти сабъа)дан бири, ҳанафий мазҳабининг салоҳиятли вакили ва раиси бўлган. У Бухоро ва Самарқанд оралиғида жойлашган Дабусия қишлоғида 978 йилда туғилиб вояга етган ва 1039 йил Бухорода ҳаётдан кўз юмиб, Имом Абу Бакр Тархон мақбараси яқинида дафн этилган.

Дабусий фиқҳ илмини икки буюк фақиҳлар Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий ва Абу Бакр Жассоснинг шогирди бўлмиш Абу Жаъфар ибн Абдулло Уструшанийдан ўрганиб фиқҳ, усул ул-фикҳ, хилоф, жадал ва тасаввуф илмлари бўйича иқтидорли олим даражасига кўтарилди. Унинг илмий салоҳияти ва тенгсиз истеъдоди барча олимлар томонидан эътироф этилган. “Вафаёт ул-аъён”, “Тож ут-тарожим”, “Ал-Жавоҳир ул-музия” ва “Ал-Фавоид ул-баҳия” китобларида зикр этилишича, у ҳар доим Бухоро, Самарқанд шаҳарларида машҳур ва таниқли олимлар билан мунозара олиб борган. У ҳанафий мазҳаби бўйича қимматли асарлар муаллифи бўлиб, бундан “илм ул-хилоф” (хилоф илми) ― ислом ҳуқуқи бўйича қиёсий ҳуқуқшунослик фанига асос солган олим эди. Дабусий мазҳаб соҳасида ижтиҳод ва тахриж (ҳукмларни манбадан чиқариб олиш) салоҳиятига эга бўлган олим бўлган. У Марказий Осиё фақиҳлари орасида ўзига хос илмий услуби ва фалсафий тафаккури билан ажралиб турган ва шуҳрат қозонган. Дабусий фиқҳ илми, ҳанафий мазҳаби такомили ва бошқа фанлар ривожига катта ҳисса қўшган ва юксак илмий аҳамиятга молик асарлари билан ўз номини абадиятга муҳрлаб қолдирган. Абу Зайд Дабусий асарлари усул ал-фиқҳ ривожида бурилиш ясади. У кўп муаллифлардан фарқли равишда хилоф илмига усул илмининг муҳим бир шуъбаси деб қаради. Ўз асарларида, айниқса, “Тақзим ул-адилла” китобида қиёс усулини имкониятларини, унга тегишли барча муҳим ва мураккаб атамалар, қонун-қоидаларни изоҳлаб берди.

Абулфатҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Уструшаний XII асрнинг охири ва XIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаб, юксак илмий салоҳияти билан фиқҳ  илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалардан биридир. Олим Уструшанада туғилиб, кейин оиласи билан Самарқандга кўчиб ўтади ва шу ерда ижодий фаолият олиб боради. Олимнинг “Китоб ал-фусул” асарида шахсий, жиноий, жиноий-мулкий, фуқаролик, мерос, никоҳ ва оила ҳуқуқлари ва фатво чиқариш ҳақида маълумотлар берилган. Асарнинг қози тайинлаш ҳусусидаги қисмида, подшоҳ бирор кишини бирор шаҳар қозиси этиб тайинлаганда, қозининг ваколатига қишлоқ ҳудудлари кирмайди. Борди-ю қайд этилса киради, дейилади. Агарда подшоҳ бир ҳудудга икки кишини қози этиб тайинласа, улардан ҳеч бири алоҳида ҳукм чиқармаслиги баён этилган. Шунингдек, ҳукмдор томонидан қози ул-қуззот этиб тайинланган кишигина ўзига ўринбосар тайинлаш ҳуқуқига эга бўлганлиги таҳкидланади. Уструшаний кўплаб огирдлар ҳам тарбиялаб етиштирган. Шулардан бири фақиҳ, муҳаддис ва муфассир Ҳусомуддин Муҳаммад ибн Усмон ибн Муҳаммад Алиободий Самарқандийдир.

XI-XII асрларда Салжуқийлар ва Қорахонийлар даврида фиқҳ илми юксак даражада ривожланди. Айрим тарихий маълумотларга қараганда, бу даврда фиқҳга оид уч мингдан зиёд асарлар яратилган. Буларнинг ичида Фахриддин Қозихон қаламига мансуб “Фатвойи Қозихон” асари узоқ даврлар мобайнида машҳур бўлган. Фахруддин Қозихон бу асарни Бухоро шаҳрида ёзган. У ушбу асари орқали Ироқ ва Мовароуннаҳр фақиҳлари чиқарган фатволарни қиёсий ўрганган. Кўп ҳолатларда раъиятга маҳаллий фатволарга ҳам ўрин ажратган, мавзуларни ёритиш услуби жиҳатидан олдинги фиқҳий асарларга қараганда равон ёзилган. “Фатовойи Қозихон” — ҳанафий мазҳабида ёзилган кенг тарқалган фатво китобларидан бири ҳисобланади.

Асарда илк ҳанафий имомлар билан бирга машҳур фақиҳларнинг фикрларига ҳам жой ажратилган. Абу Ҳанифа билан унинг шогирдлари қарашлари ўртасидаги фарқлар тилга олинган. Бир хил фиқҳий мавзуга оид кўпгина фақиҳларнинг қарашларидан фақат машҳур саналган бир-иккита фатволар зикр қилинган. Унда асосан саҳиҳ, далили қувватли, фатвога асос бўла оладиган жиҳатларига эътибор берилган. Асарда ҳукмларнинг далиллари келтирилмаган, бошқа мазҳаб имомларининг, жумладан имом Шофиийнинг қарашлари баъзан, Имом Молик билан бир қанча тобеъин олимларнинг қарашлари эса, камдан-кам зикр қилинган. Ироқ, Бухоро, Балх ва Самарқанд каби шаҳарлардаги кейинги давр фақиҳлари қарашларининг келтириши — асарнинг ўзига хос аҳамиятли жиҳатларидан биридир. Фахруддин Қозихон яна ўз асарида ўша даврда Мовароуннаҳрда мавжуд бўлган маҳаллий урф-одатларга ҳам тўхталиб ўтган. Бу ҳолатни асарнинг никоҳ, талоқ, итҳ ва ямин бўлимларида кузатиш мумкин.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший Ўрта осиёдан етишиб чиққан буюк фиқҳ илми олимларидан саналади. Ўз даврининг машҳур олиму фузалоларидан таҳсил олган. У ўзининг «Ҳилйат ал-уламо» («Ҳилйат ал-уламо фи мазоҳиб ал-фуқаҳо») асарини аббосий халифаларидан Мустазҳирга бағишлаб ёзган. Бу катта китоб халифа Мустазҳирга маъқул келган. Шунинг учун бу китоб «Мустазҳирий» деб ҳам номланган. Ҳожи Халифанинг хабар беришича, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший ўша даврда ҳар бир масалада имомлар ўртасида воқеъ бўлган ихтилофларни зикр қилган. Сўнгра “ал-Муътамад” (“Ишончли”)ни ёзган. Ушбу асарнинг тўлиқ номи — “ал-Муътамад фи фуруъи аш-шофиъия (“Шофиъия фуруълари бўйича ишончли асар”) бўлиб, у “Ҳилйат ал-уламо” китобидек шарҳсиз ёзилган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўрта Осиё заминида етишиб чиққан буюк фақҳ уламолари ислом ҳуқуқшунослиги илмини нафақат юксак даражада тараққий этишида ўз ҳиссалрини қўшганлар, балки ўзларининг ушбу фанни янги босқичга олиб чиқишда бемисл хизматларини кўрсатганлар.

Ф. Насруллаев,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази етакчи мутахассиси